Шамсиддин — жаҳон чемпиони!
Грециянинг Халкидики шаҳрида шахмат бўйича 8 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ва ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати ниҳоясига етди. Қувонарлиси, чемпионатда FIDE устаси Маматқул Хайлаев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди.
Саксонта давлатдан жами 187 нафар иштирокчи қатнашган йирик мусобақанинг 14 ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсларида 13 яшар шахматчимиз Шамсиддин Воҳидов 11 имкониятдан 9 очко жамғариб, 1-ўринни эгаллади! Пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 307-мактабнинг 7-синф ўқувчиси чемпионатни мағлубиятсиз ўтказиб (7 ғалаба, 4 дуранг), жаҳон чемпиони деган юксак шарафли номга сазовор бўлди.
12 ёшгача ўғил болалар ўртасида Нодирбек Абдусатторов 8,5 очко билан 4-, 8 ёшгача ўғил болалар мусобақасида Исломбек Синдоров 8 очко тўплаб 5-, 18 ёшгача қизлар ўртасида Нодирабегим Парпиева 7,5 очко билан 6-, 10 ёшгача ўғил болалар баҳсида Жавоҳир Синдоров 8 очко билан 8-ўринни банд этгани ҳам фахрланса арзигулик натижалар, албатта.
Жамоаларнинг умумий натижаларига эътибор қаратсак, мусобақада жами 17 мамлакат ёшлари шоҳсупага кўтарилди. Ҳиндистон терма жамоаси 5 олтин, 3 кумуш, 3 бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган бўлса, Эрон ва Болгария терма жамоалари 1тадан олтин ва 1тадан бронза медалга сазовор бўлишди. Ўзбекистон, Озарбайжон, Германия, Греция ва Вьетнам терма жамоаларининг 1 нафардан аъзоси жаҳон чемпиони бўлди.
Кейинги ўринларни Россия (3 кумуш, 1 бронза), АҚШ (1 кумуш, 3 бронза), Польша (1 кумуш, 1 бронза) терма жамоалари банд этди. Словакия, Венгрия, Хитой, Италия ёшлари 1тадан кумуш медаль, Черногория ва Арманистондан 1 нафардан шахматчи бронза медаль олишга муваффақ бўлди.
Жаҳон чемпиони Шамсиддин Воҳидов ҳақида қисқача маълумот:
2002 йил 11 январда Тошкент шаҳрида туғилган.
Шахмат билан 7 ёшидан буён шуғулланади.
Биринчи мураббийи — Гулнора Ортиқова.
Ҳозирги кунда халқаро гроссмейстер Антон Филиппов мураббийлигида шуғулланмоқда.
3 карра Ўзбекистон, 2 карра Осиё чемпиони.
Айни дамдаги рейтинги — 2336.
Ҳусан НИШОНОВ