Мусобақалар давом этмоқда
Навқирон авлод вакиллари — умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун аллақачон энг севимли мусобақага айланиб улгурган «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларининг туман (шаҳар) босқичига старт берилди.
Ноябрь ва декабрь ойларига мўлжалланган мазкур мусобақалар ўқувчиларнинг кузги ва қишки таътил даврида 1—4, 5—7 ва 8—9-синф ўқувчиларидан ташкил топган мактаб терма жамоалари ўртасида ўтказилади.
Анъанага кўра, ҳар йили ноябрь ойида мактаблараро 1—4-синф ўқувчиларидан иборат терма жамоалар ўртасида мини футбол, енгил атлетика, гимнастика, шахмат, шашка бўйича туман босқичи ўйинлари ўтказиб келинади. 1—4-синф ўқувчиларининг жисмоний имкониятлари ва ёш хусусиятлари инобатга олинган ҳолда «Умид ниҳоллари» спорт дастурида белгиланган спорт турлари бўйича енгиллаштирилган тартибда мусобақа ташкил этилди.
Шунингдек, туман босқичи 1—4-синф ўқувчилари учун сўнгги босқич ҳисобланиб, мусобақалар якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланади, туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари томонидан диплом ва совғалар билан тақдирланади.
5—7 ва 8—9-синф ўқувчилари ўртасидаги туман босқичи баҳслари ҳам кузги ва қишки таътилларда бўлиб ўтади. Якунда ғолиблар аниқланади ва диплом ҳамда эсдалик совғалари берилгач, 5—7 ва 8—9-синф ўқувчилари орасидан «Умид ниҳоллари»нинг учинчи босқичида қатнашадиган туман терма жамоалари шакллантирилади. Улар вилоят мусобақаларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади.
«Умид ниҳоллари»нинг ҳал қилувчи босқичи мактаб ўқувчиларининг баҳорги таътили вақтида, аниқроғи март ойида бўлиб ўтади. Унда 5—7 ва 8—9-синф ўқувчиларидан иборат туман жамоалари вилоят биринчилиги учун курашади. Мазкур мусобақалар низомда белгиланган 20та спорт тури бўйича ўтказилади ҳамда ғолиблар медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.
* * *
Урганч шаҳридаги 1-мактабда «Умид ниҳоллари» спорт мусобақасининг шаҳар босқичи бошланди. Унинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар мусобақа иштирокчиларини анъанавий спорт байрами билан табриклаб, омад тилашди.
Бошланғич синф ўқувчилари ўртасидаги мусобақалар 4та ҳудудга бўлинган ҳолда ташкил этилди. Хусусан, 16-мактабда мини футбол, 14-мактабда енгил атлетика, 1-мактабда гимнастика, 3-мактабда шахмат ва шашка бўйича беллашувлар қизғин кечди.
— 1—4-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган шахмат-шашка мусобақаларида шаҳардаги 30та мактабдан жами 240 нафар ўғил-қиз ўз омадини синаб кўрди, — деди мусобақа бош ҳаками Динара Алибекова. — 8-9 ёшли болаларнинг моҳирона дона суришлари кишига завқ бағишлади. Ёш шахматчилар ҳам жуда фаол ўйнадилар. Энг муҳими, «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларида ғолиб бўлишга интилиш иштиёқи ёш шахматчиларимизда йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Баҳслар аввалгилардан кўра жонлироқ ўтгани сезилди.
Мусобақада ҳар бир мактабдан 2 нафар ўғил ва 2 нафар қиз жамоа шарафини ҳимоя қилди. 15-умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчиси Расулбек Абдуллаев энг кўп очко тўплаб, ўз жамоасига 1-ўринни олиб берди. Ана шундай қувончга муяссар бўлган ушбу мактабнинг яна бир ёш шахматчиси Жонибек Бахтиёров мусобақа ҳақида шундай деди:
— Ўйин якунида бизнинг жамоа йиққан очколар 19-мактаб ўқувчилари баллари билан тенг бўлиб қолди. Шу боис ғолиб номини аниқлаш учун қўшимча партиялар ўйналди. Мен рақиб жамоа вакили Гули Шарифбоевага қарши дона суриб, ютдим ва жамоамиз ғалабасига ҳисса қўшдим. Унгача, мусобақа давомида 6 нафар рақиб билан куч синашиб, барчасини мот қилгандим. Устозим Мақсадбек Сапаев мени барча синфдошларим олдида мақтаб қўйганида севиниб кетдим.
Шахмат-шашка мусобақаларида 3-ўринни 3-мактаб ўқувчилари банд этди. «Умид ниҳоллари»нинг бошқа спорт турлари бўйича мусобақалар давом этмоқда.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
Маҳмуд РАЖАБОВ,
«Ma’rifat» мухбирлари