Созлар навоси
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ёшлар маҳоратини намоён этиш, уларнинг ижро савиясини ошириш, халқ чолғулари ва чолғучилик санъатини тарғиб қилиш мақсадида бу йил иккинчи бор ташкил этилаётган “Созлар навоси” халқ чолғулари ижрочилари республика кўрик-танлови ўтказилди.
Танлов доирасида “Халқ чолғулари ижрочилигида ёшлар фаоллигини ошириш масалалари” мавзусида илмий анжуман ўтказилиб, унда соҳа вакиллари, профессор-ўқитувчилар томонидан “Замонавий чолғу ижрочилигида талқин масалалари”, “Шашмақом” ижросининг замонавий мезон ва низомлари”, “Бобурий ғижжак ижрочилиги: кеча ва бугун”, “Баркамол авлод тарбиясида мусиқа санъати” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Танловнинг ҳудудий босқичларида 700 нафардан ортиқ ўғил-қиз қатнашган бўлса, шундан 80 нафардан зиёди мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ғолиблар анъанавий ва халқ чолғулари йўналишида тақдирланишди.
— Халқимиз чолғуларининг оҳангини бошқа миллат ёки халқ созларидан топиб бўлмайди, — дейди Нукус маданият ва санъат коллежи ўқувчиси, танловнинг камонли чолғулар йўналиши бўйича 1-ўрин соҳиби Венера Бердибоева. — Ушбу танловда “Атингдан” қорақалпоқ халқ куйи билан қатнашдим. Бу куй ғижжакда ижро этилиб, моҳиятан унда қорақалпоқ қизларининг чиройи, одоби, ибо ва ҳаёси миллий руҳда тараннум этилади.
“Созлар навоси” ёшларнинг соз чалиш бобидаги истеъдодини намоён этишида ижод майдонига айланди.
Акмал ЖУМУМУРОДОВ