Туйғулар тараннуми
«Истеъдод» халқаро танлови якунланди
Миллиардлаб қум зарралари элакдан ўтгачгина ҳосил бўлган олтин сингари истеъдод ҳам минг бир чиғириқдан ўтади. Мамлакатимизда илк бора академик чолғулар, эстрада ва анъанавий ижрочилик бўйича ташкил этилган “Истеъдод” халқаро кўрик-танлови кўпчиликда ана шундай таассурот уйғотгани билан ҳам эсда қоларли бўлди.
Таассурот
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009–2014 йилларга мўлжалланган давлат дастури тўғрисида”ги, Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Бастакорлар уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган халқаро танлов ўз якунига етди.
— Муваффақият қозонаман, фахрли ўринлардан бирини эгаллайман деган истагим кучли эди, — дейди Нукус шаҳридаги 12-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси, танловнинг анъанавий хонандалик йўналиши қатнашчиси Дилноза Матниёзова. — Иккинчи босқичда қатнашувчилар рўйхатида исмимни кўриб, ўз-ўзимга ишончим ортди. Бу сафар “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Саёдхон ва Ҳамро” халқ достонларидан ижро этдим. Бахшининг тингловчилар олдида илҳоми қайнаши ҳақида, ижодий қуввати ошиб боравериши тўғрисида кўп эшитганман, аммо юракдан ҳис қилмагандим. Бугун илк бора шундай бўлди. Қалбимда мен учун танловда ўрин олишдан ҳам юқорироқ истак — тингловчиларга қорақалпоқ халқ достонларидан кўпроқ айтиб бериш нияти жўш урди.
Маъруфжон Акбаров Фарғона вилоятининг Данғара туманида яшайди. У танловнинг эстрада хонандалиги йўналишида иштирок этиб, иккала босқичда Ботир Зокировнинг “Ёр кел”, “Раъно”, жаҳон мусиқа санъати репертуаридан “Con te partiro”(Андреа Бочелли, “Хайрлашув оқшоми”), “My way”(Фрэнк Синатра, “Менинг йўлим”) қўшиқларини куйлади.
— Данғара қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналишида таҳсил олганман, — дейди у. — Мактабдалик пайтимда кураш мусобақаларидан фахрли ўринларни қўлга киритиб қайтардим. Барибир, менга нимадир етишмаётгандай туюларди. Шундай пайтлари ўзимча қўшиқ хиргойи қилардим ва таскин топардим...
Танлов иштирокчи ёшлар учун ўзига хос сарҳисоб ва тажриба мактаби бўлди, ютуқ ва камчиликлар юзасидан хулоса чиқариш имконини берди.
Сабоқ
Навбатдаги куни хориждан келган етакчи санъаткорлар иштирокида маҳорат машғулотлари уюштирилди. Ҳар бир йўналишда ташкил этилган дарслар танловнинг ёшлар учун энг аҳамиятли жиҳатларидан бири бўлди. Париж консерваторияси профессори Игорь Лазько ўз тажрибаларидан ўргатди. Жараён Шопеннинг 9-этюди асосида кечди.
Торли чолғулар ҳамда эстрада йўналишларида ташкил этилган маҳорат дарслари ҳам таассуротларга бой бўлди.
— Танловда иқтидорли ёшларнинг кўп эканини кузатдим, — дейди Москва консерваторияси профессори Михаил Гольдинов. — Ёшларнинг скрипка, виолончелда мукаммал ижросидан қобилиятли эканини англаш қийин эмас. Тўғри, улар орасида устоз-педагоглардан кўпроқ ўрганиши керак бўлган ўғил-қизлар ҳам учради. Аммо қобилият мана шундай маҳорат дарсларида кашф этилиб, хато-камчиликлар аста-секин йўқолиб боради. Юртингиз номидан қатнашаётган Сардор Иброҳимовнинг виолончелда, Шоҳрух Раҳимбердиевнинг скрипкада куйни маҳорат билан ижро этаётгани таҳсинга лойиқ.
Маҳорат машғулотлари анъанавий ижрочилик йўналишида айниқса жонли тус олди. Иштирокчи ўғил-қизлар миллий қўшиқларимиздан ижро этди.
— Мусиқа ва санъатда халқларни бир-бирига танитадиган, биз ҳали тўла англаб улгурмаган руҳий куч бор, — дейди Озарбойжон Республикаси “Каинат” ёшлар муғом маркази директори, танловнинг анъанавий ижрочилик йўналиши бўйича ҳакамлар ҳайъати аъзоси Рагиб Расулзода. — Бундан олдин “Она юрт оҳанглари” халқаро танлови мисолида юртингизда ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар билан танишган эдим. Мана, кўп ўтмай “Истеъдод” халқаро танлови ташкил этилди. Бундай имкониятлар болалар қалбида гўзал туйғуларни тарбиялаши шубҳасиз.
Ҳаяжон
В.А.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида танловнинг тантанали тақдирлаш ва ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов мамлакатимизда санъат ривожига берилаётган юксак эътибор халқимизни миллий ва жаҳон мусиқасининг нодир намуналаридан баҳраманд этишга хизмат қилаётгани ҳақида сўзлади.
Тўртала йўналишда фахрли ўринларни қўлга киритган 56 нафар иштирокчи Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан лауреатлик дипломи ҳамда пул мукофоти билан тақдирланди.
В.А.Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқувчиси, танловнинг анъанавий хонандалик йўналиши бўйича 12 ёшдан 15 ёшгача бўлган иштирокчилар ўртасида 1-ўрин соҳиби Темур Рафиқов таассуротлари билан ўртоқлашди:
– “Ягонасан, муқаддас Ватан!”, “Камалак юлдузлари”, Муҳиддин Қори Ёқубов номидаги танлов ва фестивалларда иштирок этганман. Аммо халқаро танлов бошқача экан. Менга энг ёққани дўстлар орттирганим бўлди. Кўпчилигимиз “Савти сувора”, “Куйгай”, “Ёввойи тановар”ни айтиб чиққанимизда, тенгдошларим билан ўзимни таққослаб кўрдим. Мени ғолиб деб топишди!
Танловнинг фортепиано йўналишида 1-ўрин совриндори, қозоғистонлик Беҳзод Раҳимовнинг фикрлари билан қизиқдик:
— Аввало, ғолиблар қаторида эканимдан хурсандман. “Истеъдод” халқаро танловидан ўзим учун мусиқанинг ўзгача бир хислатларини кашф этдим. Ҳамюртингиз Анна Дўстмуродова, Виктория Пакнинг саҳнада ўзини тутиш маҳорати жуда ёқди. Азиз Эргашевнинг эса фортепиано билан муомаласи — куй ижро этишидан олдин клавишларни мулойимлик билан артиб қўйиши диққатимни тортди. Буни мен унинг санъатга, саҳнага, мусиқа яратувчиларига чексиз ҳурмати деб билдим. Фортепианода устозим Гулжон Қозибекова билан кунига беш соат машқ қилардик. Шуни англадимки, янада кўпроқ ҳаракат қилишим, машқ соатларини кўпайтиришим зарур.
“Истеъдод” халқаро танлови мактаб, лицей ўқувчиларининг қобилиятини имтиҳондан ўтказди, уларни дўстлик ришталари билан боғлади. Бу сингари танловларда қатнашчи қайси миллат вакили бўлишидан қатъи назар, мусиқа элни элга, дилни дилга боғловчи беназир восита экани яна бир бор ўз исботини топади.
Халқаро танловнинг ёпилиш маросимида ёш ижрочилар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Акмал ЖУМАМУРОДОВ,
“Ma’rifat” мухбири
Владимир ГРАНКИН олган суратлар.