Жаҳон ареналаридаги ғалабалар
уларнинг замирида спорт тиббиётининг ҳам алоҳида ўрни бор
Халқаро мусобақаларда ғолиб бўлиб, юртимиз байроғини баланд кўтараётган йигит-қизларнинг муваффақияти Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси янада ошишига омил бўлмоқда. Бундай марралар ўз-ўзича забт этилмайди, албатта. Тинимсиз машқлар, изланишу интилишлар билан кўзланган маррага етиш мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат ҳам борки, бу спортчининг саломатлиги масаласидир. Агар спортчи эришган ютуқлар тарозининг бир палласида турса, иккинчи томонига, шубҳасиз, уларга кўрсатилган малакали тиббий хизмат қўйилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 1 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ва қулайлигини ошириш ишларини янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
— Қабул, нурли ташхис, диагностика, функционал диагностика, лаборатор диагностика, тиббий-психологик, педагогик коррекция (реабилитация) бўлимларини ўз ичига олган марказимизда 100дан зиёд тиббиёт ходими спортчилар ва спорт жамоаларига, шунингдек, республикамиз аҳолиси ва хорижий фуқароларга барча турдаги тиббий ёрдам, шу жумладан, диагностика хизмати кўрсатмоқда, — деди Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори Муаззам Мелиева. — Асосий мақсадимиз — спортчиларнинг функционал ҳолати, жисмоний ривожланиш ва иш қобилиятлари даражасини, жисмоний захира имкониятлари, саломатлик даражаларини аниқлаш ва ўз вақтида тегишли тавсиялар бериш, зарур бўлганда коррекция қилиш, реабилитация муолажаларини олиб бориш, уларга илмий асосланган тавсиялар беришга қаратилган.
Спортчиларни чуқурлаштирилган жорий ва босқичли тиббий кўрикдан ўтказиш, соҳада хизмат қилаётган тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, уларни спорт тиббиёти соҳасидаги янгиликлар билан мунтазам таништириб бориш ҳамда спорт тиббиёти бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида илмий-амалий семинарлар, давра суҳбатлари ўтказиш, илмий-амалий қўлланмалар яратиш асосий вазифаларимиздандир.
— Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси томонидан тасдиқланган иккита грант лойиҳаси устида қизғин иш олиб бораяпмиз, — деди марказнинг лаборатор диагностика бўлими бошлиғи, биология фанлари номзоди Ноиба Раҳимова. — «Ёш спортчиларда жисмоний юкламадан кейин хавф туғдириши мумкин бўлган патология мутацияларининг тиббий-генетик скринингини ишлаб чиқиш, татбиқ этиш ва уларнинг спорт турларига мойиллигини аниқлаш», «Ўзбекистонда профессионал спортчиларда тақиқланган (допинг) бирикмаларнинг мониторинг тизимини яратиш» лойиҳалари ўзининг долзарблиги билан ажралиб туради.
Иммунологик лаборатория, спорт-генетика лабораторияси, клиник лаборатория, биокимёвий лаборатория, допинг назорат лабораторияси йўналишларига кўплаб олий тоифали врач-лаборантлар жалб этилган, шу билан бирга, бўлимимизда йигирмадан ортиқ автоматик анализаторлар ҳам мавжуд. Улар 1 соат давомида 200—300 нафар спортчининг тест натижаларини аниқлайди. Спортчиларнинг куч, ирода, чидамлилик сингари жиҳатлари лаборатор текширувдан ўтказилиб, ген ва генотипларидан келиб чиққан ҳолда, зарур тавсиялар берилади. Бунда бизга иммунологик, биокимёвий анализатор-газлар, микроскопия, конгулометрик ускуналари, генетик секвенатор, масс-спектрометрия жиҳозлари, гемотологик анализатор, уриноанализатор аппаратлари қўл келмоқда. Бугунги тиббиёт тараққий этган замонда марказимизга илмий-амалий ва тадқиқот ишлари ўтказиш учун хорижий мутахассисларни жалб этиш ҳуқуқи берилгани эса соҳага доир фаолиятимиз кўламини янада кенгайтиришга шароит яратмоқда.
Шифо масканидаги фукционал диагностика бўлимида, асосан, спортчиларнинг жисмоний чиниққанлик даражаси текширилади. Бу спортчининг вазни, бўйига мувофиқ муайян жисмоний юкламалар бериш орқали бажарилади. Тажрибали кардиолог Феруз Аҳмедовнинг таъкидлашича, югуриш йўлакчаси, электрокардиография, Холтер мониторинги, стресс-тест, велоэргометр, дефолиатр сингари замонавий аппаратлар ёрдамида спортчидан таҳлиллар олиниб, жисмоний ҳолатига баҳо берилади. Юракдаги ўзгаришлар ёки нотўғри қисқаришлар, қондаги кислороднинг эрувчанлиги, қон босими, ташқи нафас йўлларининг даражаси, унда кузатиладиган фарқлар ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлиш мумкин. Марказ, шунингдек, спорт турлари бўйича миллий терма жамоалар аъзоларини ва барча ёш тоифасида ўринбосарларни тиббий-биологик назоратдан ўтказиш, шу жумладан, профилактика, диагностика, даволаш ва реабилитация қилиш хизматларини ҳам кўрсатади.
— Уролог, стоматолог, окулист, невропатолог, эндокринолог, акушер-гинеколог, отолоринголог сингари мутахассислардан ташкил топган бўлимимизда спортчиларга тегишли анализларга асосланган ҳолда замонавий усулда аниқ ташхис қўйилиб, тиббий хулоса ва тавсиялар берилади, — деди марказнинг диагностика бўлими бошлиғи Дилором Каримова. — Шунингдек, амбулатор даволаниш учун йўлланмалар берамиз.
Таниқли спортчи, юнон-рум кураши бўйича миллий терма жамоа аъзоси Элмурод Тасмуродов ҳам ушбу марказга вақти-вақти билан келиб, тиббий кўрикдан ўтади. Яқинда у Лас-Вегас шаҳрида ўтган халқаро мусобақада терма жамоамиз билан бирга ғолиблик шоҳсупасидан ўрин олиб қайтганидан хабарингиз бор. Сафар олдидан Элмурод айнан мазкур марказда тиббий назоратдан ўтиб, тегишли муолажалар олганди.
— Бу ерда қабул электрон тарзда, «CGM CliniNet» орқали амалга оширилиб, якуний ташхис натижаларини узоқ кутишга ҳожат йўқ, — дейди спортчи. — У дарҳол электрон манзилингизга юборилади. Бундан ташқари, кенг ва шинам ошхонада витаминларга бой таомлар, дорихонадан ўзингиз учун зарур дори-дармонларни харид қилишингиз мумкин.
Аксарият хасталикларни дори препаратлари билан бир қаторда физиотерапевтик муолажаларни қўллаш орқали даволаш уни тўлиқ, асоратсиз ва мукаммал енгишга кўмак беради.
Марказнинг физиотерапия ва реабилитация бўлими Германия, Чехия, Россия ва бошқа хорижий давлатлардан келтирилган энг сўнгги замонавий, жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Бу ердаги комбинацияланган магнитолазер, электро ва вакуум, зарб тўлқинли, лимфодренаж, прессотерапия, тракцион терапия (умуртқа поғонани тортиш), юқори ультрачастотали аппаратларда физио даволаш усуллари қўлланилса, турли ванналарда гидромассаж, арома, марварид, циркуляр, ёмғирли, игнали душлар гидротерапияда асқотади. Бўлимда суяк ва мускул, ички аъзолар тизимлари, умуртқа поғонаси, нафас йўллари, лор органлари, айрим тери касалликлари, болаларда энурез ва бошқа хасталикка чалинган беморлар даволанади. Германиядан келтирилган «Артромот» ускунаси ёрдамида беморнинг қўл ҳамда оёқларининг суяк ва бўғимларида кечган операциялардан кейинги тикланиш муолажалари олиб борилади. Бу эса юқори малакали мураббийлар, ҳакамлар, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг ўқувчилари, умуман, турли ёшдаги фуқароларнинг хасталикларини бартараф этишга кўмак бераяпти.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири