Навбатдаги босқичга тайёргарлик
Маълумки, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида «Умид ниҳоллари» спорт мусобақасининг мактаб босқичи якунига етиб, айни кунларда илк саралашдан ўтган ўқувчилар туман босқичига қизғин тайёргарлик кўраяпти.
Қашқадарё вилоятидаги таълим муассасаларида қишки таътилни мазмунли ўтказиш мақсадида спорт мусобақаларининг навбатдаги босқичига тайёргарлик жараёнига алоҳида эътибор қаратилган.
— Мактабимизда «Умид ниҳоллари» спорт мусобақасининг дастлабки босқичи беллашув Низомида белгиланган талаблар асосида ўтказилди, — деди Деҳқонобод туманидаги 2-умумтаълим мактабининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Фарҳод Худойназаров. — Волейбол бўйича мактабимизнинг 9-синф ўқувчиларидан таркиб топган ўғил болалар жамоаси мактаб босқичида ғолибликни қўлга киритди. Айни кунларда улар тумандаги 23, 24- ҳамда 25-мактаб жамоалари билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиб, галдаги босқичга тайёргарлик машғулотларини давом эттирмоқда. Шунингдек, енгил атлетика, волейбол, шахмат стол тенниси, қўл тўпи бўйича ҳам ғолиб жамоалар аниқланиб, туман терма жамоаларига жалб этилмоқда. Мақсадимиз «Умид ниҳоллари» спорт мусобақасининг барча босқичларида ўқувчиларимизнинг иштирокини таъминлашга эришишдир.
Бундан ташқари, тумандаги 5-умумтаълим мактабининг волейболчи қизлар жамоаси, 23-мактабнинг ўғил болалар жамоаси ҳам мусобақанинг туман босқичида муносиб иштирок этиш учун жиддий ҳозирлик кўрмоқда.
Спортчининг фикру хаёлини ғалаба банд этмаса, ундан бирор натижа кутиш бефойда. Ўқувчилар ўртасида ўтказилаётган бундай нуфузли спорт мусобақалари эса болаларни жисмоний тарбия ва спортга доимий жалб этиш, иродасини тоблаш, кучи ва имкониятларини оширишга, навқирон авлод вакилларининг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун қулай шарт-шароитлар яратилишига, энг муҳими, уларнинг она Ватанимизга садоқат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда.
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
“Ma’rifat” мухбири