Ёш спортчилар ўзаро беллашдилар
Пойтахтимиздаги 38-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида стол тенниси, бадиий гимнастика, дзюдо ва шахмат бўйича «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларининг Яккасарой туман босқичи бўлиб ўтди.
Унда тумандаги 14та мактабдан сараланган 184 нафар 5—7 ва 8—9-синф ўқувчилари ўзаро куч синашди.
— Ушбу мусобақа билан «Умид ниҳоллари»нинг туман босқичини якунладик, — деди Яккасарой тумани «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти раиси ўринбосари Муҳаммаджон Туркманов. — Аввалроқ қулай об-ҳаводан фойдаланиб, очиқ майдонда ўтказиладиган спорт турлари бўйича мусобақаларни ташкил этдик. Бугун эса 38-БЎСМда стол тенниси, шахмат, дзюдо, бадиий гимнастика бўйича туман босқичи ғолиблари аниқланди. Ҳар бир мусобақа кўтаринки кайфиятда, байрамона руҳда ўтди. Ёш спортчилар ўз имкониятини яна бир карра синовдан ўтказди.
Стол тенниси баҳсларида аввал қизларнинг маҳорати имтиҳон қилинди. Қизғин кечган пинг-понг учрашувларида тумандаги 160-, 89- ва 135-умумтаълим мактаби ўқувчилари фаоллик кўрсатди. Якунда 160-мактаб ўқувчиси Мафтуна Бобоматова 1-ўринни қўлга киритди. Розана Иноғомова ва Мадина Эргашева кучли учликдан жой олди.
— Мактабимизда ўтказилган стол тенниси мусобақасида қиз болалар ўртасида ғолиб бўлиб, туман босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганимда жуда хурсанд бўлган эдим, — деди М.Бобоматова ҳаяжон билан. — Мана энди туман босқичида ҳам муваффақиятга эришиб, навбатдаги босқичга йўлланма олдим. Бунинг учун мураббийимга ўз миннатдорлигимни билдираман. Тенгдошларим билан кечган ҳар бир баҳс ўзига хос бўлди, мураккаб ва кучли зарбага эга теннисчилар кўп экан. Энди «Умид ниҳоллари»нинг навбатдаги босқичига жиддий тайёргарлик кўраман ва ғалаба қозонишга ҳаракат қиламан.
Ўғил болалар ўртасидаги стол тенниси баҳслари ҳам қизиқарли тарзда ўтди. Унда Илҳом Нуриддинов (160-умумтаълим мактаби) 1-ўринни банд этган бўлса, Лазиз Амрақулов (118-мактаб) ва Зикир Вафоков (160-мактаб) кейинги ўринларни эгаллади.
Қизларимизнинг соғлом бўлиб улғайиши ва қад-қоматининг тўғри ривожланишида муҳим ўринга эга бадиий гимнастика бўйича кечган мусобақаларда 5—7 ва 8—9-синф ўқувчи-қизлари гиламга чиқди. Мусобақа низомига мувофиқ тарзда ўтган кўпкурашларда 127-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Бегойим Умрзоқова 1-ўринга лойиқ кўрилган бўлса, 8—9-синфлар ўртасида кечган чиқишларда 219-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Шаҳноза Баратовага тенг келадигани топилмади.
— Уч йилдан буён бадиий гимнастика машғулотларига қатнайман, — деди Бегойим Умрзоқова. — Бугунги муваффақиятимга кўплаб мусобақаларда иштирок этиб, тажриба ва маҳоратимни оширганим, устозларим тавсиясига амал қилганим сабаб эришдим. Мактаб босқичида ғолиб бўлганим тасодифий эмаслигини туман босқичида ҳам 1-ўринни эгаллаб исботлаганимдан хурсандман.
Дзюдо ва шахмат бўйича ғолиб ва совриндорлар ҳам аниқланди. Жумладан, дзюдо беллашувлари 45, 50, 55 килограмм вазн тоифаларида ўтказилди. Ёш полвонлардан Мирсаид Муҳаммадиев ( 45 кг ), Жавоҳир Халилов ( 50 кг ) ва Асад Қорахўжаев ( 55 кг ) ўз вазн тоифасида барча рақибларини енгиб, галдаги босқичга йўлланма олди.
«Ақл гимнастикаси» баҳсларининг ўғил болалар ўртасидаги муҳорабаларида 89-мактаб ўқувчилари етакчилик қилди. Хусусан, шу таълим муассасаси вакили Умарбек Жуманиёзов ўғил-болалар ўртасида 1-ўринни эгаллаган бўлса, шахматчи қизлар қарама-қаршилигида Муслима Абдумаликова ҳаммадан кўп очко тўплади.
— 4 ёшимдан бери шахмат ўйнайман, — деди Муслима. — Устозим таниқли шахматчи, халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминовадан муваффақият сирларини ўрганаяпман. Келажакда мен ҳам худди мураббийим каби кучли шахматчи бўлиб, халқаро мусобақаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқчиман. Бугунги ғалабам билан ана шу орзуим томон бир қадам ташладим, деб ўйлайман.
Мусобақа натижалари эълон қилингач, ғолиб ва совриндорларга фахрий ёрлиқ ва медаллар топширилди.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
«Ma’rifat» мухбири
В.ГРАНКИН олган суратлар.