Кучлилар сараланмоқда
Пойтахтимизда “Универсиада – 2016” спорт мусобақаларининг саралаш баҳслари ўтказилмоқда. Унда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар куч ва маҳоратини намойиш этмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида спортни ривожлантириш асосида ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялашга доимий эътибор қаратилмоқда. Бунда «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада спорт мусобақалари алоҳида ўрин тутмоқда.
Универсиада ўйинлари мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар ўртасида спортни янада оммалаштириш, халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчиларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
– “Кичик Олимпиада” деб эътироф этилган уч босқичли узлуксиз спорт мусобақалари Олимпия ўйинлари қоида ва талаблари асосида ўтказилмоқда, – дейди Тошкент шаҳар олий спорт маҳорати мактаби директори М.Тошматов. – “Умид ниҳоллари” ва “Баркамол авлод” спорт ўйинларида тажриба ва маҳоратини оширган ёшларнинг аксарияти спорт билан мунтазам шуғулланиб, Универсиада мусобақаларида муносиб иштирок этаётир.
Жорий йилда Фарғона вилоятида ўтказиладиган “Универсиада – 2016” спорт мусобақалари дастурига киритилган 15 спорт тури – эркин, юнон-рум кураши, таэквондо (WTF), бокс, дзюдо, енгил атлетика, теннис, стол тенниси, сузиш, оғир атлетика, баскетбол, волейбол, футбол, шахмат, қўл тўпи бўйича саралаш мусобақалари давом этмоқда.
Манба: www.uza.uz