Соғлом оила спорт билан шуғулланади
Пойтахтимиздаги 44-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида турли соҳаларда меҳнат қилиб, мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшиб келаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларидан иборат жамоалар ўртасида анъанавий «Соғлом оила» спорт мусобақаларининг тармоқлараро туман босқичи бўлиб ўтди.
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Миробод туман кенгаши ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ўтказилган мазкур мусобақа корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзига бўлган муносабатини мустаҳкамлаш ва бу орқали оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш сингари олижаноб мақсадларни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир.
«Қувноқ стартлар» беллашувларида, аниқроғи, миллий ва ҳаракатли ўйинларнинг 8 тури бўйича илк босқичда ғолибликни қўлга киритган 13 оилавий жамоа шаҳар босқичи йўлланмаси учун куч синашди. 8 ёшдан 12 ёшгача фарзанди бор оилалар икки гуруҳга бўлинган ҳолда мусобақалашди.
Мусобақа шартлари орасида Миробод туманидаги маданият уйлари, “Баркамол авлод” болалар маркази ҳамда мактабгача таълим муассасалари ҳаваскор жамоаларининг турли мусиқий чиқишла-ри, спорт бўйича кўргазмали намойишлари «Соғлом оила» спорт фестивали иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлаб турди.
Айтиш керакки, ота-онаси билан бирга, елкама-елка туриб, муҳим беллашувларда қатнашиш аста-секин ҳаётга кириб келаётган ўғил-қизларнинг ўзига бўлган ишончини оширади, шунингдек, оила бошлиқларининг фарзандларига намуна бўлиши катта аҳамиятга эга. Қолаверса, болалар ота-оналарининг олдида янада фаол ва эпчил бўлишга интилади.
— Беллашувлар пайтида ота-онамнинг ёнимда далда бўлиб тургани менга куч бағишлади, — деди Ўлмасовлар оиласининг кенжа вакиласи Нозимахон. — Аввал ҳам бу каби мусобақаларда иштирок этганимиз ва спорт билан мунтазам шуғулланиб турганимиз боис шартларни бажаришда қийинчиликка дуч келмадик. Ҳозиргина иккинчи шартни тамомладик. Унда, махсус қопчани оёққа кийиб, баскетбол тўпи турган жойгача сакраб бориб коптокни ерга уриб тўсиқлар оралаб ўтиб, белгиланган жойга тўпни аниқ ташлашга ҳаракат қилдик. Тўғри, қопда сакраш машқида бироз қийналдик. Лекин қолган машқларни чаққонлик билан бажардик.
Мусобақа қатнашчиларини томошабинлар олқишлаб туришди. Спорт мусобақасининг холисона ўтиши, шартларнинг тўғри ва аниқ бажарилиши, йўл қўйилган хатоларни Михаил Алиев бошчилигидаги малакали ҳакамлар назорат қилиб борди.
— Бу каби беллашувлар оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эга, — дейди мусобақа бош ҳаками М.Алиев. — Қолаверса, ота-оналар ўз фарзандларининг жисмоний имкониятларини янада ривожлантиришда қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор бериш кераклигини айнан шундай мусобақаларда билиб олишади. Шунингдек, мусобақада ғолибликни қўлга киритган ёки мағлубиятга учраган оилалар спорт машғулотларининг аҳамиятини яна бир бор англаб етадилар.
Оилавий спорт мусобақаси якунида ҳакамлар натижаларни эълон қилди. 1-, 2- ва 3-ўрин ҳамда қатор номинациялар бўйича ғолиб бўлган оилавий жамоалар номи маълум бўлди. Унга кўра, ҳарбий хизматчи Азиз Насирдинов (қиз бола фарзандли)лар ҳамда 294-мактаб ўқитувчиси Бекжон Исмоилов (ўғил бола фарзандли)лар оиласи мусобақа шартларини тез ва аниқ бажариб шоҳсупанинг юқорисидан жой олди. Бундан ташқари, «Аҳил оила», «Ғалабага бўлган интилиши юксак оила» ҳамда «Фаол иштирок этган оила» номинациялари бўйича ҳам ғолиб жамоалар аниқланди. Ғолибларга мусобақа ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари берилди. Оилавий спорт мусобақасида 1-ўринни эгаллаган ҳар иккала оила мазкур турнирнинг март ойида ўтадиган шаҳар босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
«Ma’rifat» мухбири