Ўзбекистон футзалчилари финалда
Пойтахтимизда давом этаётган мини-футбол бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси Таиланд футзалчиларини мағлубиятга учратиб, финалга йўл олди!
Якунига етаётган ҳафта мини-футбол ихлосмандлари учун қувончли воқеаларга бой бўлмоқда. Дастлаб футзалчиларимиз чемпионатнинг чорак финалидан ўрин олган Ўзбекистон ҳамда Ироқ терма жамоалари ўртасидаги учрашувда зафар қучиб, илк бор шу йилнинг 10 сентябридан 2 октябрига қадар Колумбияда дунёнинг энг кучли 24 жамоаси иштирокида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Бу воқеа ўзбек мини-футболи мухлисларига ўзгача шодлик улашди.
Юртдошларимизнинг нуфузли халқаро мусобақаларда бундай юксак марраларнинг забт этишида Юртбошимизнинг спорт соҳасини ривожлантиришга бераётган улкан эътибори ва ғамхўрлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида барпо этилаётган замонавий спорт иншоотлари, яратилган шарт-шароитлар ва имкониятларга иқтидорли спортчиларимиз ҳам ўз ютуқлари билан муносиб жавоб бераётганини қитъа биринчилигида футзалчиларимиз эришаётган муваффақиятлар мисолида ҳам яққол кўриб турибмиз.
Ярим финал йўлланмаси учун кечган баҳс аввалида ҳамюртларимиз майдонга мослашиб, мураббий танлаган тактикаларни тўла амалга оширгунга қадар ироқликлар бир неча хавфли вазият содир этди. Зарбаларнинг аксарияти ноаниқ амалга ошган бўлса, айримларини моҳир дарвозабонимиз Рустам Умаров бартараф этди. Дарвоқе, шу куни «Ўзбекистон» спорт мажмуаси трибуналари асосан мамлакатимиз байроғини кўтариб, азамат футзалчиларимизга чин дилдан мухлислик қилган томошабинларга лиқ тўлганини ҳам эътироф этиш лозим. Айнан мазкур ҳолат ҳам спортчиларимизнинг тезда ўзларига келиб, ҳаяжонини енгишга ва олға интилишларига куч бағишлади.
Биринчи йигирма дақиқаликнинг иккинчи ярмида Хосе Мария Мендез тайм-аут олиб, шогирдларига тактикани яна бир карра эслатди. Шундан кейин йигитларимиз ўйинида жонланиш кузатилди. Бирин-кетин Ироқ терма жамоаси дарвозаси томон хавфли «юриш»лар қилинди. Ҳатто футзалчиларимиз жарима тўпидан гол киритиб, ҳисобни очишлари мумкин эди, лекин Муҳаммад Нур чаққонлик қилди.
Орадан кўп вақт ўтмай, 18-дақиқада Дилшод Раҳматов чап оёқда ироқликлар қўриқлаётган дарвозанинг юқори бурчагини аниқ нишонга олди — 1:0. Голнинг чиройли чиққани мухлисларни бир хурсанд қилган бўлса, унинг терма жамоамизга устунлик олиб келгани икки карра қувонтирди.
Иккинчи тайм кутилганидек Ўзбекистон терма жамоаси устунлигида ўтди. Нодир Элибоев 31-дақиқада ироқликлар дарвоасига иккинчи голни йўллагач, рақибларимиз «ва-банк» қилишга мажбур бўлди. Тезкор гол уриш учун бешинчи ўйинчининг ўйинга қўшилиши натижасида «истеҳкоми»нинг бўш қолишидан ғалаба қозонаётган жамоа унумли фойдаланиши ҳеч гап эмас. Баҳс тугашига 1 дақиқа қолганда мухлислар мазкур ҳолатга гувоҳ бўлди. Ҳисобни очган Дилшод Раҳматов ўз нуқтасига тўлиқ ўрнашиб улгурмаган рақиб дарвозабонини осонликча доғда қолдириб, муҳим учрашувга амалда нуқта қўйди — 3:0.
Жаҳон чемпионатига йўлланма киритилганининг ўзиёқ улкан воқеа. Мусобақани шу нуқтада тугатсак ҳам ҳеч ким спортчиларимиздан ранжимас эди. Аммо футзалчиларимиз мазкур натижа билан кифояланмай, навбатдаги янада масъулиятли баҳсга жиддий тайёргарлик кўрди. Қувонарлиси шуки, финал йўлланмаси учун кечган мазкур шиддатли матч Осиё чемпионатини ҳар жиҳатдан безади. Футзалчиларимиз чорак финалдаги ғалабаси тасодиф эмаслигини исботлаб, кучли рақиб билан тенгма-тенг курашди. Тажрибали футзалчиларимизнинг фидокорона саъй-ҳаракатлари туфайли асосий вақтда 1:1 ҳисоби қайд этилди. Шундан кейин, қўшимча бўлимлар белгиланди. Унда ҳам ҳисоб 1:1, тўғрироғи, 2:2 бўлиб тугади. Бу ўринда жамоамиз мураббийи Хосе Мария Мендез иккинчи экстра таймда қўллаган тезкор тактика самара берганини алоҳида айтиш лозим.
Ниҳоят, ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланди. Ўзбекистон терма жамоаси унда 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, нуфузли мусобақа финалига йўл олди!
Шунингдек, Эрон ва Вьетнам терма жамоалари ўртасида иккинчи ярим финал учрашуви бўлиб ўтди. Унда 13:1 ҳисоби қайд этилди.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири