Фарғонада футбол фестивали
Фарғона шаҳрида Халқ таълими тизимидаги футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида республика чемпионатига старт берилди.
Ёш авлод вакилларини баркамол шахс этиб тарбиялаш, хусусан, футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда ўқув-машқ жараёнининг сифати ва самарадорлигини таъминлаш, ўқувчиларнинг техник-тактик ва жисмоний тайёргарлигини янада такомиллаштириш, маҳорат ва малака даражасини ошириш, шунингдек, юртимиз аҳолисининг кенг қатламлари ўртасида футболни фаол тарғиб қилиш, иқтидорли футболчиларни аниқлаш, катта турнирларга тайёрлаб бориш каби мақсадларга қаратилган ушбу чемпионатга Фарғона шаҳридаги 3-футбол бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати мезбонлик қилмоқда.
Ҳар йили Мустақиллик байрами олдидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган футбол фестивали «миллионлар ўйини»га меҳр қўйган ёшларни бирлаштирмоқда, улар учун ўзига хос маҳорат майдони вазифасини ўтамоқда. Зеро, Халқ таълими вазирлиги буйруғи асосида ташкил этилган мусобақа спортсевар ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олингани ҳам бунинг ёрқин исботидир.
— Мусобақа вилоятимизда ўтаётганидан биз — фарғоналиклар беҳад мамнунмиз, — деди «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти Фарғона вилояти бўлими раиси Умиджон Умаралиев. — Иштирокчиларнинг келиб жойлашиши, мусобақаларда қатнашиши учун барча шароитлар муҳайё. 27 июнь куни 2001-2002 йилда туғилган ёш футболчилар мактаб-интернатимиз ётоқхонасига жойлашди. Эртаси куни мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган 12 жамоа вакиллари қуръа ташлаш орқали икки квартетга қуйидагича жойлашди: «А» гуруҳи: Жиззах шаҳри, Ромитан тумани, Наманган шаҳри, Янгиер шаҳри, Фарғона шаҳри ва Термиз шаҳри; «В» гуруҳи: Ғузор тумани, Тошкент шаҳри, Қумқўрғон тумани, Андижон шаҳри, Шаҳрихон тумани ва Бухоро шаҳри жамоалари.
Мазкур ёшдаги футболчилар баҳслари 4 июлга қадар давом этади. 5 июль куни эса мусобақанинг 2003-2004 йилларда туғилган ўқувчилар ўртасидаги баҳслари бошланади.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
«Ma’rifat» мухбири