Бўлғуси чемпионлар қишлоқдаги замонавий мактабларда камол топмоқда
Сардор Баҳодиров 5-синфда ўқийди. У болалигидан спорт билан шуғулланишни ўзига одат қилган. Қолаверса, Сардорнинг жисмоний тарбия билан ошно тутинишида оилавий муҳитнинг таъсири катта. Дадаси Баҳром Намозов Зомин туманидаги 51-мактабда ёшларга жисмоний тарбиядан сабоқ беради. Шу боисдан Сардор камол топаётган хонадонда спорт билан оилавий шуғулланишга эътибор катта. Югуриш, футбол — Сардорнинг жони дили. «Соғлом оила» шиори остида ўтказилган оилавий спорт мусобақасида Намозовлар оиласи муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.
Шуниси қувонарлики, улар оилавий спортчилар мусобақасининг туман босқичида ғолибликни қўлга киритди. Беллашувнинг югуриш, чаққонлик ва мерганлик, дарвозага тўп киритиш, эстафета каби шартларида Сардор билан бирга, дадаси Баҳром ва онаси Нилуфар рақибларини ортда қолдирди. Улар вилоят босқичида ҳам фаол иштирок этиб, «Ғалабага бўлган интилиши учун» номинациясига лойиқ кўрилди.
Мустақиллик қўлга киритилган дастлабки кунларданоқ болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг спорт билан шуғулланишига қулай шарт-шароит яратиш давлат аҳамияти даражасидаги ишга айланди. Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилиши ўқувчиларнинг спорт билан доимий шуғулланишига имкон яратди. Хусусан, Пахтакор туманидаги 14-мактабда жам¬ғарма томонидан янги спорт зали қурилиб, фойдаланишга топширилди. 34 турдаги спорт инвентарлари ва жиҳозлар билан таъминланган, 12х24 метр ҳажмдаги ушбу спорт мажмуасида жисмоний тарбия дарсларидан ташқари, спорт тўгараклари, айни пайтда «Ёз-2016» мусобақалари ҳам ташкил этилмоқда.
— Биз мана шундай спорт залини кўпдан бери орзу қилардик, — деди волейбол машғулотида қатнашаётган 8-синф ўқувчиси Мухлиса Раҳматуллаева. — Назарий машғулотлар ҳамда амалий ўйин машқларини тажрибали мураббийлар ёрдамида спорт залида олиб бораяпмиз. Машғулотларни тажрибали устозларимиз Шаҳбоз Бўриев, Садиржон Тўхташев, Умар Кубаев, Шукур Бўриев олиб бормоқда.
Сир эмаски, бадиий гимнастика қизларнинг севимли спорт турига айланиб улгурган. Буни машғулотлар ҳамиша гавжумлигидан ҳам билиш мумкин. Машқ бажараётган қизлар орасида 4 ёшли Муниса Абророванинг борлиги эътиборимизни тортди. Уни машғулотларга ота-онаси олиб келаркан. Унинг берилган топшириқларни кўнгилдагидек адо этаётганидан мураббий Севара Жўрақулова ҳам хурсанд. Биз эса Севара сингари аёл мураббийлар сафи кенга¬йиб бораётганидан қу¬вон¬дик. Бугун аёл мураббийларимиз саъй-ҳаракати билан вилоятимизда бадиий гимнастика билан шуғулланаётган қизлар 4490 нафарга етди. Умуман олганда, Жиззах вилояти бўйича 118 мингдан зиёд хотин-қиз спорт билан мунтазам шуғулланаяпти.
5-синф ўқувчиси Дурдона Бердиқулова ҳам бадиий гимнастика тўгараги аъзоси. Фарзандининг спорт билан дўстлашиб, саломатлигини мустаҳкамлаётганидан ота-онаси беҳад мамнун.
— Қизим Дурдона бадиий гимнастика билан шуғуллана бошлаганидан буён ўзини яхши ҳис қилаяпти, — деди онаси Дилбар Олтибоева. — Қизимнинг қадди-қомати чиройли бўлиб ўсаётгани ва жисмонан соғлом ривожланаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Қолаверса, спорт ёшларни тартиб-интизомли, одоб-ахлоқли, сабрли, мулоҳазали бўлишга ҳам ўргатади.
Вилоят ёшлари ўртасида сўнгги йилларда, хусусан, 2014 йилда 2004 йилга нисбатан вирусли инфекциялар билан касалланиш 10—15 ёшли ўсмирлар ўртасида 28 фоизга, пневмония 26, бронхит 37,6, сколиоз 22,6 фоизга қисқарди. Шу даврда қизларнинг бўйи 7 ёшлиларда 2,5 см.га, 10 ёшлиларда 1,9 см, 14 ёшлиларда 2,0 см.га ўсган ва вазни мос равишда 2,5 кг, 6,5 кг, 3,2 кг.га ошган.
Мактаб қошида очилган 7та спорт тўгарагида режа асосида машғулот ўтказилмоқда. Бу эса ўз натижаларини бераяпти. Масалан, волейбол бўйича қизлар жамоаси туманда 1-, ўғил-болалар 3-ўринни эгаллади. Шахмат мусобақасида эса Мунира Ҳамидова 1-ўринга сазовор бўлди. Мактабнинг иқтидорли спортчилари «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларида фаол қатнашади. Янги спорт залининг ишга туширилиши эса бу борадаги ютуқлар сони янада ортишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Абдусаттор СОДИҚОВ,
«Ma’rifat» мухбири