Гимнастика барча учун
Мамлакатимизда аҳоли турли қатламларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, тиббий ва ижтимоий кўмакка муҳтож кишиларнинг жамиятга мослашувига ҳар жиҳатдан ёрдам бериш борасида тизимли ва кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ва албатта, бундай саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Узоққа бормайлик, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ХV ёзги Паралимпия ўйинларида спортчиларимизнинг қўлга киритган қатор медалларининг ўзиёқ бунга ёрқин далилдир.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Гимнастика федерацияси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан юртимиздаги имконияти чекланган болалар ўртасида анъанавий «Гимнастика барча учун» спорт мусобақаси ташкил этилгани ҳам ана шу эзгу анъаналар бардавом эканини англатади.
Пойтахтимизнинг Яккасарой туманида жойлашган 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мезбонлик қилган мазкур спорт фестивалида Тошкент шаҳридаги махсус мактаб-интернатлар ҳамда мурувват уйи тарбияланувчиларидан иборат 12 жамоа иштирок этди.
Беллашувнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар барча иштирокчиларга муваффақият тилаб, бундай мусобақалар уларнинг спорт билан шуғулланиб, соғлом турмуш тарзига амал қилиши ҳамда Бразилия майдонларида юртимиз байроғини баланд кўтарган ака-опалари сингари моҳир ва матонатли спортчи бўлиб етишиши учун пойдевор эканини таъкидлади.
— «Гимнастика барча учун» спорт мусобақасининг ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсад — имконияти чекланган ёшларни, хусусан, қизларни соғлом ҳаёт тарзига жалб этиш, саломатлигини яхшилаш, уларда ўзига ишонч, қатъият, мақсад сари дадил интилиш каби фазилатларни мустаҳкамлашдан иборат, — деди Республика Хотин-қизлар қўмитаси етакчи мутахассиси Саодат Боймирзаева. — Ушбу спорт байрамини барча вилоятларда ўтказишни режалаштираяпмиз.
Мусобақада Яшнобод туманидаги 52-имконияти чекланган болалар махсус мактаб-интернати жамоаси ғолиб деб топилди. Турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Уларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Шоҳсанам МАҲМУДОВА