Аскарлар ўз оналари билан суҳбатлашди
Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан «Ўзбекистон — мустақил Ватанимиз, миллий армиямиз — фахру ғуруримиз!» шиори остида турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, суҳбатлар ўтказилмоқда.
Хусусан, фарзанди Қаш¬қадарё вилоятидаги ҳарбий қисмларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган тошкентлик ота-оналар, воҳадан келиб, пойтахтимизда йигитлик бурчини адо этаётган аскарлар ўз яқинлари билан Тошкент давлат аграр университетида ўтказилган видеомулоқотда дийдорлашди.
«Менинг ўғлим — Ватан ҳимоячиси» шиори остида ўтказилган тадбирда сўз олган Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ва бошқалар мамлакатимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч ва осо¬йишта ҳаёти, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш мақсадида миллий армиямизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.
Видеомулоқотда Қашқадарё вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида йигитлик бурчини ўтаётган паркентлик оддий аскар Жонибек Сайдалиевнинг отаси Сайдиғани Муҳсимов, онаси Инобат Муҳсимова ва опаси Мафтуналар ҳам иштирок этди. Айниқса, фарзандини экран орқали кўриб, суҳбатлашган Инобат опа ҳаяжони ва қувончини яширолмади:
— Ватан ҳимоячиси бўлиш қанчалик шарафли бўлса, Ватан ҳимоячисининг онаси бўлиш ҳам шу қадар шукуҳли эканини яна бир бор чуқур ҳис қилдим. Ўғлим ҳамда у билан бир сафда туриб, хизмат қилаётган бақувват ўғлонларни кўриб, эртамиз ишончли қўлларда эканидан ғурурландик. Муҳими, фарзандим анча улғайибди, гап-сўзларини тинглаб ўктамлашганини сездим, кўзларида йигитларга хос қатъиятни кўрдим. Айниқса, улар учун яратилган шароитлардан кўнглим равшан бўлди. Тадбир ташкилотчиларига барча оналар номидан миннатдорлик билдираман.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири