«Баркамол авлод» спорт ўйинлари
ёш спортчилар ҳаётида янги ва унутилмас саҳифа очади
Хабарингиз бор, юртимиздаги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчилари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Баркамол авлод» спорт мусобақаларининг финал босқичи бу йил Жиззах шаҳрида ўтказилади.
Рамзий эстафетани 2015 йилда қабул қилиб олган жиззахликлар мазкур спорт ўйинларига қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида таҳсил олаётган ўқувчилар ҳаётида муҳим воқеа бўлган ушбу спорт тадбирини намунали ташкил этиш ва ўтказиш учун Жиззах вилоят ҳокимлиги томонидан штаб ташкил этилди. Штаб айни кунда режа асосида белгиланган вазифаларни босқичма-босқич амалга оширмоқда.
Ҳар уч йилда ўтказиладиган «кичик олимпиада»да иқтидорли ўғил-қизлар спортнинг 17 тури бўйича ўзаро баҳслашади. Муҳими, бир-биридан қизиқарли спорт ўйинларининг юқори савияда ўтиши мезбон вилоятдаги спорт мажмуаларига, аниқроғи, у ердаги шарт-шароитларга ҳам боғлиқ.
Шу маънода, ташкилий қўмита асосий эътиборни мусобақалар ўтказиладиган объектларни сифатли қуриш ва таъмирлаш ишларига қаратмоқда. Маълумотларга кўра, спорт мусобақалари вилоятдаги 3 та объектда ўтказилиши мўлжалланмоқда. Жумладан, Жиззах олимпия захиралари коллежида ганд¬бол, волейбол, теннис, стол тенниси, оғир атлетика, бадминтон, эркин кураш, юнон-рум кураши, дзюдо, таэквондо мусобақалари, Жиззах политехника институтида баскетбол, футбол, шахмат баҳслари, вилоят «Сўғдиёна» универсал марказий ўйингоҳида эса сузиш, енгил атлетика, бокс ва бадиий гимнастика бўйича баҳслар бўлиб ўтади.
Ёшлик, нафосат ва спорт байрами дея аталадиган мазкур спорт ўйинларида қатнашиш учун Жиззах шаҳрига спортчилар билан бирга мураббийлар, тиббиёт ходимлари, ички ишлар идоралари вакиллари, ҳакамлар, оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат катта гуруҳ келиши кутилмоқда. Уларнинг яшаши ва дам олиши учун вилоятдаги 5 та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилаяпти. Хусусан, Жиззах педагогика коллежида 344 ўринли тураржой ва 200 ўринли ошхона қурилиши, Жиззах иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида 200 ўринли ошхона, Жиззах олимпия захиралари коллежида 200 ўринли ётоқхона, 200 ўринли ошхона, гимнастика зали, ёпиқ сузиш ҳавзаси, очиқ теннис корти ва спорт зали мукаммал таъмирланиб, Жиззах транспорт касб-ҳунар коллежи ҳамда Жиззах политехника институти қошидаги академик лецейда ётоқхона ва ошхона барпо этилмоқда. Энг асосийси, барча спорт иншоотлари ўзимизда ишлаб чиқарилган замонавий ва сифатли жиҳозлар билан таъминланишига эътибор қаратилаяпти.
— Мусобақалар ўтказиладиган спорт мажмуаларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари қизғин давом этаяпти, — деди Жиззах вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Нуриддин Ўринов. — Мутасадди ташкилотлар объектлардаги таъмирлаш ишларини ўз муддатида сифатли бошқариш учун бор куч ва маҳоратини ишга солмоқда. Кун сайин чирой очаётган спорт мажмуалари эса кўрган кишининг кўзини қувнатади. Уста қурувчилар, уларга ёрдамлашаётган маҳаллий ҳашарчиларимиз «Баркамол авлод» спорт мусобақалари баҳонасида келажак авлод учун муҳим иморатлар бунёд этаётганини юракдан ҳис этаяпти. Бу туйғу уларни янада масъулият ва фидойилик билан меҳнат қилишга ундаяпти.
Нуфузли мусобақада мезбон жамоаларнинг ҳам ташкилий ишларда, ҳам мусобақаларда фаол бўлиб, совринли ўринларни қўлга киритиши вилоятликлар учун қу¬вонч¬ли воқеа бўлади. Шунинг учун ҳам айни пайтда жиззахлик энг тажрибали мураббийлар истеъдодли шогирдларини муҳим учрашувларга астойдил тайёрламоқда. Жумладан, спортнинг барча турлари бўйича шакллантирилган терма жамоалар мунтазам равишда ўқув-йиғин машғулотлари ўтказмоқда.
Умуман, жиззахлик спортчи йигит-қизларнинг шашти бу йил ҳар доимгидан баланд. Улар бор куч ва имкониятларини фақат «Баркамол авлод» спорт ўйинларига асраётгани йўқ. Балки бугунга қадар турли спорт мусобақаларида, хусусан, 18 та республика миқёсидаги спорт мусобақаларида қатнашиб, 9 олтин, 11 кумуш ва 16 бронза медални қўлга киритишди. Шунингдек, Жиззах олимпия захиралари коллежи ўқувчилари Элмира Газизова, Сабина Умарова, Бегзод Сафаров, Жалолиддин Абдураҳимов енгил атлетика бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлишди. Уларнинг тенгдошлари Араббой Мамасидиқов, Зуҳра Ҳайитбоева, Юлдуз Суюндиқова каби иқтидорли ёшлар миллий кураш бўйича Ўзбекистон чемпионати ғолиб ва сов¬риндорларига айланишди. Зарбдор қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Дурдона Ҳасанова кураш бўйича мамлакат чемпионатида кумуш медаль соҳиби бўлиб, республика терма жамоасига қабул қилингани айниқса қувонарлидир.
«Баркамол авлод» спорт ўйинларига бугун юртимизнинг барча вилоятларида қизғин тадорик кўрилаётгани шубҳасиз. Дунёнинг бирор мамлакатида ўхшаши йўқ ушбу уч босқичли спорт мусобақалари тизимининг муҳим таркибий қисми ҳисобланган мазкур беллашувлар ўғил-қизлар ҳаётида янги саҳифа очишига ишонамиз.
Абдусаттор СОДИҚОВ