Ғолиб бўлиш учун сабаблар етарли
Юртимизда спортга берилаётган юксак эътибор ва яратилаётган шароитлар туфайли сўнгги йилларда спортчиларимизнинг халқаро турнирлардаги иштироки ва медаллари сони сезиларли даражада ошди. Қувонарлиси, мамлакатимиз ҳам дунёнинг энг муҳим спорт мусобақаларига мезбонлик қилиб, халқаро экспертлар эътирофига сазовор бўлаяпти.
Хусусан, бугун пойтахтимиздаги «Ле Гранд Плаза» меҳмонхонасида 8, 10, 12, 14, 16 ва 18 ёшгача болалар ва ўсмирлар ўртасида бошланган шахмат бўйича Осиё чемпионати ҳам шулар жумласидандир.
Нуфузли мусобақада қитъамизнинг 18 давлатидан 382 нафар ёш шахматчи ғолиблик учун баҳслашади. Ғолиблик учун асосий даъвогарлар орасида Омиди Аря (2418, Эрон), Сапармурод Отабоев (IM, 2415, Туркманистон), Тран Мин Танг (FM, 2406, Въетнам), Таҳбаз Араш (2398, Эрон), Денис Махнёв (IM, 2374, Қозоғистон), Митрабҳа Гуҳа (FM, 2348, Ҳиндистон), Ҳагаван Ааканшка (WIM, 2272, Ҳиндистон), Мубина Алинасаб (WFM, 2220, Эрон), Батсурен Дамбасурен (FM, 2194, Мўғулистон), Ивана Мария Фуртадо (WIM, 2150, Ҳиндистон), каби юқори рейтингга эга шахматчилар бор. Бу эса чемпионат савияси нечоғлик юқори эканини англатади.
Ушбу мусобақада мамлакатимиз шарафини 117 нафар ёш шахматчимиз ҳимоя қилади. Жумладан, ўз ёш тоифасида етакчилардан ҳисобланган Нодирбек Абдусатторов (IM, 2429), Нодирбек Ёқуббоев (2427), Саи¬дакбар Саидалиев (2385), Жавоҳир Синдоров (CM, 2374), Шамсиддин Воҳидов (IM, 2370), Абдумалик Абдусалимов (FM, 2313), Гулрухбегим Тоҳиржонова (WGM, 2297), Баҳора Абдусатторова (WIM, 2161), Исломбек Синдоров (CM, 1965), Алихон Авазхонов (1735), Ҳумоюн Бекмуродов (CM, 1577), Афруза Ҳамдамова (WCM, 1449), Одина Олимова (WCM, 1308) каби ёшларимиз терма жамоамиз ғазнасига медаллар тақдим этишига ишонамиз.
Осиё чемпионатининг тантанали очилиш маросимидан сўнг 7 турдан иборат рапид мусобақаларига старт берилади. Демак, бугуннинг ўзида қитъа чемпионатининг дастлабки сов¬риндорлари номини билиб оламиз.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон” ва “Ле Гранд Плаза” меҳмонхоналарида 2—8 апрель кунлари (3 ва 5 апрелда 2 турдан) 9 турдан иборат стандарт шахмат мусобақаси ўтказилади. 9 апрелда ўтказилиши мўлжалланаётган блиц мусобақасида ҳам ғолиблар 9 тур натижаларига кўра аниқланади.
Чемпионат якунида энг кўп медаль жамғарган уч давлат терма жамоасига кубок топширилади. Шахсий ҳисобда олтин медалга сазовор бўлган шахматчилар ўз ёш тоифасида шу йили кузда Бразилия (8, 10, 12 ёшгача) ва Уругвайда (14, 16, 18 ёшгача) ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этади.
Шунингдек, 18 ёшгача ўсмирлар ўртасида 1-ўринни олган шахматчига халқаро тоифадаги спорт устаси (IM), шахматчи қизга эса хотин-қизлар ўртасида халқаро тоифадаги спорт устаси (WIM) унвони берилади. 2- ва 3-ўринни олганларга эса FIDE устаси (мос равишда — FM/WFM) унвони тақдим этилади. Бундан ташқари, 16 ёшгача тоифасида олтин медалга сазовор бўлган шахматчиларга FIDE устаси (мос равишда — FM/WFM) унвони берилиши билан бирга, улар халқаро мастер (IM) нормасини бажарган ҳисобланадилар. Кумуш ва бронза медаль эгалари спорт усталигига номзод (CM/ WCM) бўладилар. 12 ва 14 ёшлилар ўртасида Осиё чемпиони бўлганлар ҳам унвонга сазовор бўлишади: FM/WFM. 2- ва 3-ўринни олганлар CM/ WCM унвонига эришади. Худди шундай титул 8 ва 10 ёшгача болалар ва қизлар ўртасида қитъа чемпионатида олтин, кумуш ва бронза медалга сазовор бўлган ёш шахматчиларга ҳам берилади.
Ушбу мусобақада иштирок этаётган юртдошларимизга омад тилаймиз.
Ҳусан НИШОНОВ