Саралаш баҳслари ўтказилмоқда
Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда юртимизда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган «Баркамол авлод – 2017» спорт ўйинларининг якуний саралаш мусобақалари ўтказилмоқда. Бугунга қадар футбол, гандбол, баскетбол ва бокс бўйича квалификация раундлари ниҳоясига етди.
Хусусан, Термиз шаҳри мезбонлик қилган бокс бўйича саралаш мусобақасида жорий йилда Жиззах вилоятида бўлиб ўтадиган мусобақанинг финал босқичи учун ажратилган йўлланмалар ўз эгасини топди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган 112 нафар ҳаваскор боксчи 49 килограммдан 81 килограммгача бўлган, жами 8 вазн тоифасида ўзаро куч синашди.
Муросасиз қарама-қаршиликларга бой тарзда ўтган муштлашувлар якунида Жиззах шаҳрига бориш имконини қўлга киритган 32 боксчи номи аниқланди. Жумладан, саралаш жангларида мезбонлардан С.Холмуродов (-49), Д.Чўлпонов (-60), Ш.Сиддиқов (-64) ва Д.Жомуродов (-69) қатнашадиган бўлди. Бу борада энг кўп — 5 та йўлланма олган боксчилар Бухоро вилояти жамоаси вакиллари экани эътиборлидир: Ф.Жабборзода (-49), Б.Баротов (-52), Х.Ўтегенов (-56), С.Жафаров (-60) ва А.Фармонов (-75). Шунингдек, Тошкент вилоятидан 4 нафар — З.Жуманазаров (-56), Ж.Раҳмонов (-64), Т.Саъдуллаев (-69) ва Т.Эргашев (-81) финал босқичида иштирок этади.
Андижон вилоятидан 3 нафар — М.Турсунов (-52), И.Юнусов (-60) ва А.Шодибоев (-64), Сурхондарёдан 3 нафар — С.Боймуродов (-49), М.Ғафуров (-69) ва Ш.Маузеров (-81), Самарқанддан 3 нафар — О.Дўсматов (-56), С.Амриев (-75) ва О.Тошниёзов (-81), Тошкент шаҳридан 3 нафар А.Халоков (-52), А.Абдужабборов (-75) ва Т.Мержанов (-81) «Баркамол авлод – 2017» спорт ўйинларининг республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.
Қолаверса, Сирдарё вилоятидан 2 нафар — Р.Зиятов (-52) ва У.Шерикбоев (-56), Фарғона вилоятидан ҳам 2 нафар — Б.Мирзараҳимов (64) ва М.Абдурасуловга (-69) финал босқичи йўлланмаси берилди. Қашқадарё (М.Муртазоев, -49), Хоразм (Р.Атаназаров, -75) ва Навоий вилоятларининг (У.Ачилов, -60) бир нафар вакили саралаш мусобақаларидан муваффақиятли ўтди.
— Мусобақа жуда юқори савияда ташкил этилганига гувоҳ бўлдик, — деди навоийлик ёш боксчи У.Очилов. — Рингда ўз кучимиз ва иқтидоримизни тўла намоён этишимиз учун етарли шароит яратилди. Замонавий спорт мажмуасидаги муҳит ажойиб эди. Мени энг қувонтирган ҳолат, албатта финал босқичига чиққаним бўлди. Энди машғулотларни кучайтириб, фақат олтин медаль учун курашаман.
Афсуски, Наманган вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан бирор нафар ҳам чарм қўлқоп соҳиби Жиззах шаҳрига боролмайдиган бўлди. Бу эса мазкур ҳудудларда бокс билан шуғулланиш, мураббий ва спортчиларнинг фаоллиги билан боғлиқ сусткашликлар борлигини англатади.
Баскетбол бўйича саралаш мусобақалари Самарқанд шаҳрида ўтказилди. Унда ҳам юртимизнинг 14 ҳудудидан ўсмирлар ва қизлар терма жамоалари финал босқичи йўлланмаси учун майдонга чиқди.
Якунда қизлар ўртасидаги баҳсларда Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган ва Тошкент шаҳри терма жамоаси аъзолари муваффақиятга эришди.
Ўсмирлар ўртасидаги мусобақада ҳам Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳри йигитлари рақибларига бўш келмади. Шунингдек, Самарқанд ва Хоразм вилояти ёшлари ҳам Жиззахда бўлиб ўтадиган баҳсларда иштирок этади.
Қарши шаҳрида бўлиб ўтган «миллионлар ўйини» бўйича саралаш матчлари якунига кўра, финал баҳсларида қашқадарёлик футболчилар ҳамда Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳри жамоалари қатнашадиган бўлди. Саралаш мусобақаларида ажойиб натижалар қайд этган Тошкент вилояти жамоасига якунда бироз омад етишмади.
Бугун Наманган шаҳрида саралаш мусобақаларининг энг охиргиси — волейбол ўйинлари бўлиб ўтади.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири