Иқтидорли қизларнинг нуфузли мусобақалари
Тошкент шаҳрида бадиий гимнастика бўйича икки нуфузли мусобақа — Жаҳон кубоги босқичи ва «Happy Caravan — 2017» халқаро турнири бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, Гимнастика федерацияси, Халқаро гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақаларда Ўзбекистон, Арманистон, Австралия, АҚШ, Беларусь, Болгария, Грузия, Индонезия, Испания, Исроил, Латвия, Норвегия, Россия, Словения, Таиланд, Финляндия, Швейцария, Эстония, Япония, Қозоғистон сингари дунёнинг 20 мамлакатидан юз элликдан ортиқ спортчи ўз Ватани шарафини ҳимоя қилади. Жорий йилнинг 18-19 апрель кунлари «Happy Caravan – 2017» халқаро турнири, 21-23 апрель кунлари Жаҳон кубоги босқичи бўлиб ўтади.
Кеча Гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабида «Happy Caravan — 2017» халқаро турнири-нинг яккалик ва жамоавий баҳсларига старт берилди. Мусиқа садолари остида майдонга мусобақа иштирокчилари кириб келгач, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.
Мусобақанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жўраев ва бошқалар мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, спортнинг қизларга хос турлари, айниқса, бадиий гимнастикани янада оммалаштириш, малакали мураббийлар тайёрлаш, уларнинг фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, истеъдодли ёшларни халқаро ареналарда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир этиб тарбиялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг барча вилоятларида гимнастика билан шуғулланиш учун халқаро талабларга тўла мос келадиган марказлар ташкил этилди, уларда минглаб ўғил-қиз ушбу спорт тури билан шуғулланмоқда. Уларнинг энг иқтидорлилари гимнастика бўйича ўсмирлар ва миллий терма жамоалар сафига қўшилмоқда. Нуфузли халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини ҳи¬моя қилаётган гимнастикачиларимиз маҳорати ортиб бораётгани юртимизда ушбу спорт турини ривожлантиришга тизимли ёндашилаётганидан далолатдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 7 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида спортнинг гимнастика турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 18 ноябрдаги «Гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ўсмирлар ўртасидаги «Happy Caravan» анъанавий халқаро турнири ёш гимнастикачилар учун муҳим синов майдони бўлиб, у умидли спортчиларнинг халқаро мусобақалар олдидан ўз тажриба ва малакасини оширишига хизмат қилади. Турнирнинг жорий йилги яккалик ва гуруҳ баҳс¬ларида 10 давлатдан 60 га яқин гимнастикачи ҳалқа, тўп, булава ва тасма билан машқ бажариш бўйича баҳслашмоқда.
— Ўзбекистонда ўтаётган халқаро турнирда қатнашаётганимиздан мамнунмиз, — деди эстониялик иштирокчи Миа Валге. — Жамоамиз билан гуруҳ баҳсларида кўпкураш ва алоҳида гимнастика предметлари ёрдамида машқ бажариш бўйича ўз имкониятларимизни синовдан ўтказаяпмиз. Ўйлайманки, бу мусобақа ҳар бир иштирокчи ҳаётида ёрқин ва унутилмас лаҳзалар сифатида муҳрланади.
Мусобақанинг яккалик баҳсларида Дилдора Раҳматова, Нуринисо Усмонова, Тахмина Икромова, Хуршида Абдурауфова, Севинч Турдиева, Наргиза Жуманиёзова, Диёра Бурҳонхўжаева, Лола Зокирова, Фарзона Усмонова сингари гимнастикачиларимиз Ватанимиз шарафини ҳимоя қилмоқда. Гуруҳ баҳсларида Шаҳризода Арзиматова, Екатерина Фетисова, Шаҳризода Қаюмова, Динора Иззатуллаева, Сунажон Сотимбоева, Анастасия Тихоновадан иборат жамоа қатнашмоқда.
«Happy Сaravan — 2017» халқаро турнирининг дастлабки ғолиб ва совриндорлари номи аниқланди. Жамоавий кўпкураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Диёра Бурҳонхўжаева ҳалқада 15.05 балл, Тахмина Икромова тўпда 15.15 балл, булавада 14.35 балл, Севинч Турдиева тасмада 14.15 балл тўплади. Шу тариқа 58.7 балл тўплаган терма жамоамиз шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Шунингдек, 21 апрель куни бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичига старт берилади. Унда 90 га яқин спортчи чемпионлик учун кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон кубоги 4 босқичдан иборат бўлиб, дастлабкиси Италиянинг Пессаро шаҳрида ўтказилганди. Иккинчи босқичга пойтахтимиз мезбонлик қилмоқда. Навбатдаги босқичлар Озарбойжоннинг Боку ва Болгариянинг София шаҳарларида бўлиб ўтади. Ушбу босқичларда муносиб иштирок этган гимнастикачилар навбатдаги ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун муҳим бўлган очколарни жамғаришади.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири