Жаҳон кубоги босқичи якунланди
Пойтахтимиздаги Гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабида ўтказилган бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги босқичи мусобақаси ўз ниҳоясига етди.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, Гимнастика федерацияси, Халқаро гимнастика федерацияси томонидан ташкил этилган мусобақада Ўзбекистон, Арманистон, Австралия, АҚШ, Беларусь, Болгария, Грузия, Индонезия, Испания, Исроил, Латвия, Норвегия, Россия, Словения, Таиланд, Финляндия, Швейцария, Эстония, Япония ва Қозоғистондан юзга яқин гимнастикачи ғолиблик учун ўзаро баҳс¬лашди.
Ушбу нуфузли мусобақада иштирокчилар яккалик ва гуруҳлар ўртасида кўпкураш ва алоҳида гимнастика предметлари ёрдамида машқ бажариш бўйича беллашди.
— Мусобақаларни кузатиб, Ўзбекистонда иқтидорли спортчи қизлар кўплигига гувоҳ бўлдим, — деди халқаро тоифадаги ҳакам Моника Форние (Испания). — Нафосат соҳибаларининг севимли спорт тури бўлган бадиий гимнастика бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида оммавийлашмоқда. Бу спорт тури қизларнинг жисмонан соғлом улғайиши, иродаси мустаҳкам, диди ва дунёқараши юксак бўлишига хизмат қилади.
— Мамлакатингизда ўтган бу йилги Жаҳон кубоги босқичи баҳслари ҳар жиҳатдан юксак савияда, халқаро талабларга мос равишда ташкил этилди, — дейди болгариялик гимнастикачи Лаура Траатс. — Юртингизда спортга катта эътибор қаратилаётгани, Ўзбекистон ёшлари учун яратилган кенг имкониятларга ҳавас қилса арзийди. Бундай нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилиш эса маҳаллий спортчилар учун фақат ва фақат фойда келтиради.
Якунда ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди. Унга кўра, яккалик баҳсларида Арина Аверина (Россия) бир йўла уч йўналиш(ҳалқа, тўп ва тасмада машқ бажариш)да олтин медални қўлга киритди. Булавада эса унинг ҳамюрти Дина Аверина юқори балл тўплаб, ғолиб бўлди. Бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги бос¬қичида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Анастасия Сердюкова тасмада машқ бажариш бўйича бронза медалга лойиқ кўрилди.
Арғамчи ва тўпда машқ бажариш бўйича гуруҳ баҳсларида Болгария, Украина ва Россия жамоалари кучли учликдан жой олган бўлса, ҳалқада машқ бажаришда ҳам Россия, Болгария ва украиналик гимнастикачилар совринли ўринларни эгаллашди.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
"Ma’rifat" мухбири