Созлар сеҳри
Ўзбекистон давлат консерваторияси. Бу даргоҳ санъатни илмга, илмни санъатга айлантира олган маънавият масканидир. Шу кунларда унинг қучоғи турфа гуллар бўйидан тўлиб-тошган, десак ишонинг. Бир-биридан хушбўй, муаттар ифорларни мусиқий оҳанглар келтираётир. Янаям аниқроғи, “Санъат ғунчалари”дан таралаётир бу тароват.
Маданият вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамоат фонди ва Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган айни танлов юртимиздаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, Маданият вазирлиги тасарруфидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг маҳорат майдонига айланиб улгурди. Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 20 ноябрдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2016—2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан ўтказилаётган ушбу танловда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ёш мусиқачилар иштирок этаётир. Ижодий беллашув дамли ва зарбли чолғуларда иқтидорини намойиш этаётган ўғил-қизларга турли хал¬қаро танловлар олдидан ўз имкониятини синовдан ўтказишда, истеъдод ва салоҳиятини чамалашда ас¬қотмоқда.
Танловнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар “Санъат ғунчалари”нинг нуфузи йил сайин ошиб бораётгани, ўғил-қизлар истеъдодини кашф этишда унинг ўзига хос минбар экани, ёш ижрочиларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида, моҳир созанда бўлиб етишишида ҳиссаси ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди.
Ёш иштирокчилар ижросида янграган гўзал куйлар ўзи эски, аммо ҳар эшитган юракка қайта-қайталаб ҳаяжон солади, хотираларни жунбушга келтиради. Куй қаърига тамоман сингиб кетган инсон кўз олдида эса ижодий майдон яралади, фантазиялар жўш ура бошлайди. Мана, дамли чолғулар садоси янграётир. Куй гўёки атрофни бор бўйича ўзига тортиб олгану, қолган барча нарса мавҳумдек, сукунатга эш қилган. Бошловчи қизнинг гапидан сергакланиб, ўзимга келаман. “...Сўз Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси раиси Рустам Абдуллаевга”.
— Мақсадимиз ёшларни қўллаб-қувватлаш, иқтидорини рўёбга чиқаришдир. Уюшмамиз ташаббускор ҳамкорлар қаторида эканидан мамнун. Яқин йиллардан ушбу танловнинг халқаро миқёсда ўтказилаётгани ёшларга янги марралар сари йўл очди. Дунёнинг турли ҳудудларидан тенгқурлари ижросини кўриб, улар билан фикр алмашиб, катта мақсадлар сари биргаликда ҳаракат қилиши юртимиздаги ёш иқтидор эгаларининг маҳорати чархланишига ёрдам бераётир. Бу эса кўрик-танлов ўз олдига қўйган мақсад-муддаони тўлиқ амалга ошираётганидан далолат...
“Санъат ғунчалари” кўрик-танловининг охирги беш йиллик кўрсаткичларига кўра, кичик (9–13) ҳамда катта (14–16 ёшдаги) гуруҳларда жами 855 нафар ўқувчи иштирок этган. Шундан 382 нафари ижодий беллашувнинг ғолиб ва совриндорига айланган. Ушбу танловда тажриба орттирган ёш ижрочиларнинг аксари Италия, Франция, Польша, Озарбойжон, Россия, Сербия, Белоруссия, Қозоғистон каби кўплаб давлатларда ўтказилган халқаро кўрик-танловларда ҳам муваффақиятга эришган...
Ўтган йили ушбу танлов илк бора халқаро миқёсда ўтказилди. Унда юртимиздан 153 нафар, озарбойжонлик ва қозоғистонлик ёш ижрочилар имтиҳон қилинди. Улар маҳоратини халқаро миқёсдаги етук мутахассислар, жаҳоннинг машҳур санъат арбоблари баҳолаб борди.
Жорий йилда танловнинг ҳудудий босқичларидан 137 ўқувчи якуний
босқичга етиб келди. Улар учта (мис дамли, ёғоч дамли ҳамда зарбли чолғулар) гуруҳига бўлинган ҳолда баҳсни давом эттиради.
Сал нарироқда саҳнага тикилиб ўтирган, эҳтимолки, рақибининг ижро имкониятини ўзича чамалаётган болакайни суҳбатга тортдим:
— Наманган вилоятиданман. Тўрақўрғон туманидаги 10-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқийман. 5-синфда, — дея ишонч билан гапира кетди Содиқжон Тўхтабоев. — Бугунги танловга устозим Мирзажон Алиев билан бирга келдим. Зарбли чолғулар йўналишида иштирок этиб, ғолиб бўлмоқчиман. Танловга миллий ва хорижий куйларни тайёрлаб келганман.
Унинг ёнида ўтирган қизга “Қани, энди сиз гапиринг” дегандек юзландим.
— Севинч Шокирбоеваман. Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейида ўқийман. Танловнинг дамли чолғулар йўналишида иштирок этяпман. Устозим Абдулазиз Абдусаломов билан якуний босқичга жиддий ҳозирлик кўрдик. И.Б.Вангалнинг “Соната”, Акрам Ҳошимовнинг “Сонатина” куйларини флейтада ижро этмоқчиман. Умуман, ниятларим кўп. Республика ва халқаро миқёсдаги танловларда муваффақиятли қатнашиб, яқинларим, устозларим ҳамда менга ишонч билдирган инсонлар ишончини оқласам дейман. Хорижий давлатларнинг катта саҳналарида моҳирона ижром билан дунё аҳлини лол қолдирсам, Ўзбекистон ёшлари сафида мен ҳам жаҳонни ўз санъатим билан ҳайратга солсам... шунинг ўзи қувонч беради менга.
Болаларча беғубор орзу-ниятларнинг этагидан тутиб, қатъият ва журъат билан сўзлаётган, ўзини улуғ мақсадларга чоғлаган ука-сингилларим ғайратини кўриб ич-ичимдан суюниб кетдим. Ҳавасим келди...
Ўйлайман, танловлар ишонч улашувчи куч экан. “Санъат ғунчалари”ни шунчаки ёш созандаларнинг ғолиблик учун синов майдони, десак адашамиз. Унинг туб моҳиятида ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг ўқиб-ўрганишга бўлган меҳрини ошириш, асл санъат завқини туйишга ўргатиш, енгил-елпи оҳанглардан ҳимоя қилиш... сингари аниқ муддаолар мужассам. Биз ҳам танлов иштирокчиларига омад тилаб қоламиз!
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
“Ma’rifat” мухбири