Мезбонликнинг шарафли масъулияти
Юртимиздаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган “Баркамол авлод — 2017” спорт мусобақаларининг республика босқичи бошланишига саноқли кунлар қолди. Бу галги беллашувлар жиззахлик ўсмирларга ўзгача ҳаяжон ва масъулият юкламоқда.
Ана шу маъсулиятни чуқур ҳис этган жиззахлик йигит-қизлар саралаш мусобақаларида муваффақиятли иштирок этди. Асосий мусобақада ғалаба қозониш иштиёқи уларни ўз устида тинимсиз ишлашга, маҳоратини оширишга чоғламоқда. Табиийки, пухта тайёргарлик ва ўз кучига бўлган ишонч ортида ижобий натижалар туради.
Жиззахлик ёшлар 15 спорт тури бўйича «Баркамол авлод»нинг республика босқичида иштирок этади ва ўз имкониятларини синайди. Улар орасида баскетбол (қизлар), гандбол (ўсмирлар) ва бокс (4 вазн тоифаси) жамоаларининг ҳам борлиги қувонарлидир.
Финал босқичига ҳозирлик кўраётган баскетболчи қизларнинг ғайрат ва шижоати қайнаяпти. Улар ўтган вақт мобайнида турли мусобақаларда қатнашиб, ҳар томонлама тобланди, тажриба тўплади. Мураккаб вазиятларда жипслашишни, бир куч бўлиб бирлашишни ўрганди. Дарвоқе, Жиззах олимпия захиралари коллежи қизлари жамоанинг асосини ташкил этади.
— Таълим муассасамизда таҳсил олаётган Шаҳзода Ҳусанова, Фарангиз Шарипова, Маҳлиё Тоғаймуродова билан биргаликда вилоятимиз шарафини ҳимоя қиламиз, — деди коллежнинг 1-босқич ўқувчиси Наима Усмонова. — Қолаверса, бу тенгқурларим қатори мен ҳам баскетбол бўйича ¡збекистон терма жамоаси аъзосиман. Энг нуфузли спорт мусобақасида ушбу таркиб билан ғалаба қозонишни ич-ичимиздан истаяпмиз. Мамлакат миқё¬сидаги кўплаб мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритганимизни, албатта, мураббийларимиз ҳам билишади. Шу боис талаб юқори — фақат ғалаба қозониш. Лекин рақибларимиз ҳам биздан куч ва савия борасида қолишмайди. Ахир мусобақанинг бу босқ¬ичида кучсизлар бўлмайди.
Айни пайтда жиззахлик баскетболчи қизлар қатъий режа асосида жисмоний тайёргарлик ва ўқув машғулотлари билан банд. Бу борада уларга тажрибали мураббийлар яқиндан ёрдам бермоқда. Ўқувчиларнинг машғулот ўтказиши учун ҳам барча шароит ва имкониятлар яратилган. Зеро, машғулотларга қанчалик пухта ҳозирлик кўрилса, ҳал қилувчи мусобақаларда ғалаба қозониш шунчалик осон кечади.
— 2001 йили Жиззахда ўтказилган илк «Баркамол авлод» республика спорт ўйинларида умумжамоа ҳисобида 4-ўрин билан кифоялангандик, — деди вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасининг спорт бўйича мутахассиси Неъмат Ўринов. — Бу йилги ниятимиз кучли учликдан ўрин олиш. Тўғри, бу мақсадга эришиш осон бўлмайди. Чунки барча вилоятлардаги шароит деярли тенглашган, спортчилар ҳам бир-биридан қолишмайди. Биз эса аввало мезбонлик босимини енгишимиз ва ғалаба қозонишимиз керак. Шу боис спортчиларимизнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлиги устида ишлаяпмиз.
Ҳа, бугун анвойи гулларга, ранго-ранг плакатларга бурканган осуда ва озода Жиззах шаҳри ёшлик байрамини интиқлик билан кутмоқда. Ҳар бир инсон, ёшу қари 2017 йилнинг юртимиз спорт ҳаётидаги энг муҳим воқеликларидан бири «Баркамол авлод» спорт мусобақаларининг тезроқ бошланишию, муросасиз курашларни мириқиб томоша қилишни хоҳлаётганини сўзларидан, кўзларидан уқиб олиш қийин эмас. Жиззахлик ёш спортчилар эса мазкур улкан спорт байрамига чиндан ҳам жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Агар вилоят ёшлари мусобақа майдонида ғолиблик нашидасини суриб, олтин медалларга бурканса, Жиззах аҳолиси учун байрам янада эсда қоларли бўлади. Бунинг учун ҳар бир спортчи йигит-қиз ғалаба учун майдонга чиқиши лозим.
Абдусаттор СОДИҚОВ
Жиззах вилояти