Жиззах спортчиларга мунтазир
«Баркамол авлод—2017» спорт мусобақаларига мезбонлик қиладиган Жиззах шаҳри бугун чиндан ҳам байрамона тус олган. Кўча ва хиёбонлардаги алвон гуллару ленталар, байроқчалар кўзни яшнатади. Транспорт воситаларига туширилган «Баркамол авлод—2017» ёзувлари эса ёшлар ҳаётида ўчмас из қолдирадиган спорт ва нафосат байрами тобора яқинлашаётганидан дарак беради.
Йўналишлар бўйича хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳларнинг қўли қўлига тегмай, нуфузли спорт тадбирига тайёргарлик кўрмоқда. Мусобақаларни ўтказишга масъул бўлган республика ва вилоят штаби сўнгги ҳозирлик ишларини мувофиқлаштирмоқда.
Аввало, мусобақа ўтказиладиган тўрт объект беллашувларга шай ҳолатда турибди. Улар таркибида 5 та спорт зали, 1 тадан стадион, манеж, сузиш ҳавзаси, теннис корти мавжуд.
Тадбир иштирокчилари яшаши ва овқатланиши учун 6 тадан объект (ўқувчи-талабалар тураржойи ва таълим муассасалари ошхоналари) тайёрланди. Иштирокчиларга хизмат кўрсатувчи 130 та автобус учун алоҳида автотураргоҳлар белгиланиб, ҳайдовчилар тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, иштирокчилар овқатланадиган ошхоналарда хизмат қиладиган ишчи ходимлар ва ошпазлар ҳам тиббий текширувдан ўтказилди.
Мусобақа иштирокчилари соғлигини назорат қилиш, озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш, соғлом овқатланишни ташкил этиш каби муҳим масалалар бўйича Республика бош давлат санитария врачи раҳбарлигида барча объектлар ўрганилди. Озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш ва сақлашда санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлаш учун масъул шахслар бириктирилди.
Шунингдек, юртимизнинг энг улкан спорт фес¬тивали жараёнларини халқимизга етказиш, жисмоний тарбия ва спорт тарғиботига ўз ҳиссасини қўшаётган журналистларга ҳам бир қатор қулайликлар яратилган.
— «Баркамол авлод—2017» спорт мусобақаларини ёритиш учун 130 нафар оммавий ахборот воситалари ходимлари келиши кутилмоқда, — деди матбуот маркази раҳбари, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Улуғбек Одилов. — Улар спорт мусобақаларига доир материаллар тайёрлаб, таҳририятга ўз вақтида етказиб туришлари учун Республика Маънавият тарғибот маркази Жиззах вилоят бўлимида алоҳида хона ажратилган. Бу хона энг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. ОАВ ходимлари Жиззах транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи ўқувчилар тураржойига жойлаштирилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқ¬ари, журналистлар белгиланган дастур асосида ишлаши ва мусобақа жараёнларига улгуриши учун енгил автомашиналар ҳам ажратилган. Яна бир янгилик шуки, спорт ўйинлари ўтадиган 4 та жойда матбуот марказининг филиаллари ташкил этилди. Демак, журна¬листлар энди мусобақа натижаларини майдоннинг ўзидаёқ ёзиб, таҳририятга йўллай олади.
Мусобақа веб-сайти: www.barkamolavlod.uz орқали янгиликлар билан танишиб бориш мумкин.
Энг асосийси, ўрта махсус, касб-ҳунур таълими тизимида таҳсил олаётган ўғил-қизлар ўртасида ўтказиладиган мазкур спорт беллашувлари ҳам келгусида халқаро мусобақаларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган иқтидорли спортчиларни кашф этишига ишонамиз.
Абдусаттор СОДИҚОВ