Ёшлик, гўзаллик, нафосат ва дўстлик байрами
Жиззах шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг «Баркамол авлод — 2017» республика спорт ўйинлари бошланди.
Сўлим Жиззах воҳаси ҳақида гап кетганда, беихтиёр халқимизнинг ардоқли шоири, бахт ва шодлик куйчиси Ҳамид Олимжоннинг умрбоқий мисралари ёдга тушади: «Водийларни яёв кезганда, Бир ажиб ҳис бор эди менда. Чаппар уриб гуллаган боғин, ¡пар эдим Ватан тупроғин...».
Бугун ана шу гўзал Жиззах чинакам байрам шукуҳига бурканган. Турфа гуллар файзи, ранг-баранг чироқлар ёғдуси кўзни қамаштиради — гўё кўкдаги юлдузлар ҳадемай бошланажак тантанани яхшироқ кўриш учун ерга яқин келгандай. Ёшу қари, қўйингки, ҳар бир инсон чеҳрасида бахтиёрлик, дилида шукрона. Ёшлик, дўстлик, шижоат ва гўзаллик байрами — “Баркамол авлод” мусобақалари руҳи аллақачон ҳамманинг қалбида зуҳур топган.
Жиззах шаҳридаги «Сўғдиёна» стадиони узра «Баркамол авлод — 2017» спорт ўйинларининг чорлов садолари янграйди. Яшил майдонда азму шижоатда, билим ва салоҳиятда, истеъдоду маҳоратда ҳеч кимдан кам бўлмаган навқирон ўғил-қизлар — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри терма жамоалари саф тортади.
Жиззах вилояти ҳокими У.Узоқов Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг «Баркамол авлод — 2017» спорт ўйинларини очиқ, деб эълон қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Баркамол авлод — 2017» спорт ўйинлари иштирокчиларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттиради.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи кўтарилади.
«Баркамол авлод» спорт ўйинлари байроғи ҳилпирайди.
«Баркамол авлод — 2017» спорт ўйинлари иштирокчилари жонажон Ватанимизга содиқ фарзанд, элимизга таянч бўлишга, юртимиз равнақи ва унинг халқаро майдонларда обрў-эътиборини янада юксалтириш учун бор билим, куч, иқтидор ва салоҳиятини сафарбар этишга тантанали қасамёд қилади. Мустақиллик фарзандларининг мард ва жасурлиги, қатъияти, иродасию шижоати ёниб турган кўзлари, шахдам-шахдам қадамларида, ўктам овозида яққол акс этади.
Биринчи Президентимиз ¬Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилди ва бу айни кез ўзининг янги босқичига кўтарилди. Таъкидлаш жоизки, ортда қолган чорак асрдан кўпроқ вақт мобайнида таълим-тарбия, спорт соҳасида беқиёс ислоҳотлар амалга оширилди. Эртанги кунимиз эгалари бўлган ёшларнинг замонавий таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллаши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун яратилган имкониятлар бугун хорижлик меҳмонлар, сайёҳларнинг ҳавасини орт¬тирмоқда. Айниқса, йирик мусобақаларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олаётган, юртимиз байроғини юксакларга кўтараётган жасур спортчиларимиз давлатимиз ва халқимиз орзу қилган кучли, билимли, доно ва, албатта, бахтли авлод камол топаётганини такрор-такрор исботламоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг табригида бу каби спорт мусобақаларининг улкан аҳамияти хусусида сўз борар экан, жумладан, шундай дейилади: “Энг муҳими, қанчадан-қанча ёшларимиз шу мусобақалар орқали спорт билан, соғлом турмуш тарзи билан ошно бўлганини ҳисобга оладиган бўлсак, “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада ўйинларидан иборат уч босқичли тизимнинг моҳияти ва аҳамияти янада яққол аён бўлади.
Барчангиз хабардорсиз, 2016 йили Бразилияда бўлиб ўтган, ер юзининг энг кучли спортчилари қатнашган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спортчилари 13 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 21-ўринни, Осиё давлатлари орасида тўртинчи, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида иккинчи, Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллагани, ҳеч шубҳасиз, улкан тарихий воқеадир.
Ишончим комил, сизлар ана шундай марраларни забт этаётган моҳир ва фидойи спортчиларимиз изидан бориб, келгусида бундан ҳам катта натижаларга эришасиз.”
Ўзбекистон таълим тизимининг барча бўғинларини қамраб олган, узоқни кўзлаб йўлга қўйилган уч босқичли спорт ўйинлари — «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада спорт мусобақаларига ўхшаш «кичик олимпиада»ларни дунёнинг бошқа бирорта давлатида учратмайсиз. Ваҳоланки, диёримизда яйраб-яшнаб улғаяётган минг-минглаб ёшлар юрагида она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтиришда, буюк боболаримиз маҳкам тутган мардлик ва жасурлик анъаналарини муносиб давом эттиришда, эзгу орзулари, спорт оламидаги юксак чўққиларга етишишида, ота-онаси истаган ўғил-қиз бўлиб катта ҳаётга кириб боришларида бу мусобақалар бемисл аҳамият касб этмоқда.
Хабарингиз бор, бундан 16 йил илгари, 2001 йили ўтказилган илк “Баркамол авлод” спорт мусобақаларига айнан Жиззах шаҳри мезбонлик қилганди. Ўшанда беллашувлар спортнинг 8 тури бўйича (баскетбол, волейбол, футбол, енгил атлетика, миллий кураш, белбоғли кураш, теннис ва сузиш) ташкил этилганди. Бу йилги «Баркамол авлод» спорт ўйинларида ўқувчилар Олимпиада дастуридан ўрин олган 16 спорт тури — баскетбол, волейбол, футбол, қўл тўпи, оғир атлетика, дзюдо, юнон-рум кураши, эркин кураш, бокс, сузиш, таэквондо, енгил атлетика, бадиий гимнастика, теннис, стол тенниси, бадминтон, шунингдек, шахмат бўйича баҳслашадилар. Бунда ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, Олимпиада ҳам, «Баркамол авлод» спорт ўйинлари ҳам бирдамлик, дўстлик байрами, маҳорат майдонидир. Шу маънода айтиш мумкинки, уч босқичли спорт ўйинлари, жумладан, “Баркамол авлод” мусобақалари спортчиларимизни Олимпиада ўйинларига тайёрлашда муҳим босқич ҳисобланади.
...Турфа ёғдулар оғушида гўё денгиздек чайқалаётган стадионга Тошкент вилояти Паркент туманидаги Ўзбекистон Фанлар академияси «Физика — Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик инс¬титутининг қуёш ўчоғидан аланга олдирилган «Баркамол авлод — 2017» спорт ўйинлари машъаласини кўтарган спортчи ўғил-қизлар кириб келади.
“Баркамол авлод — 2017” спорт ўйинлари оловини бокс бўйича икки карра Олимпия ўйинлари иштирокчиси Хуршид Тожибоев ва дзюдо бўйича Осиё чемпиони Ирода Абдураҳмонова ёқади.
301 километрлик масофани ортда қолдирган, қўлдан-қўлга, дилдан дилга кўчиб, стадионга етказилган машъаладан порлаган ажиб аланга минглаб ёшлар қалбига янада ғайрату шижоат олиб кирганини уларнинг ҳаяжонидан, гулдурос олқишларидан билиб олиш мумкин. Кичик бир чўғнинг не-не машаққатларда тобланиб, улкан оловга айланишини иқтидорли ўғил-қизларимизнинг ёниқ кўзлари, қайноқ юраги, ёруғ орзу-интилишлари тимсолига менгзаш мумкин.
— Президентимиз табриги ҳаммамизни тўлқинлантириб юборди, — деди спорт ўйинларида сузиш бўйича илк олтин медални қўлга киритган қашқадарёлик Фотима Амилова. — Айниқса, “Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва ишонаман, Худо хоҳласа, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз ҳам бўлади. Ана шундай ёруғ келажакни авваламбор сиздек азму шижоатли, жўшқин орзу-интилишлар билан ҳаётга кириб келаётган, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган навқирон авлодимиз, бутун Ўзбекистон ёшлари барпо этади” деган даъватлари юрагимизнинг туб-тубидан жой олди. Бу мамлакатимизда спортни янада ривожлантиришга давлатимиз раҳбари томонидан қаратилаётган эътиборнинг яна бир ёрқин ифодасидир. “Баркамол авлод” спорт ўйинларидек нуфузли мусобақаларда қатнашиш ҳар бир йигит-қизнинг орзуси.
Ушбу мусобақаларга мезбонлик қилаётган Жиззах вилоятида спортни ривожлантириш, айниқса, болалар спортининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг жисмонан соғлом бўлиб вояга етиши учун қулай шароит ва кенг имкониятлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Болалар спортини ривожлантириш жам¬ғармаси ташкил этилганидан буён ўтган даврда вилоятда ўнлаб спорт иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.
“Баркамол авлод — 2017” спорт ўйинларига тайёргарлик ишларида вилоят аҳли бир тану бир жон бўлиб қатнашди, десак, муболаға бўлмайди. Бундай жипсликни, уюшқоқликни бугун вилоятда қад ростлаган кўплаб спорт иншоотлари, қайта реконструкция қилинган бинолар, хиёбон ва кўчаларнинг ободлигида кўриш мумкин.
Президентимизнинг Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, Жиззах шаҳрининг бош режа асосида қайта қурилишига бераётган эътибори туфайли “Сўғдиёна” стадиони жаҳон андозалари даражасида янгидан қурилиб, бир неча спорт тури билан шуғулланиш имконияти яратилган спорт залини ўз ичига олган спорт мажмуаси барпо этилди. Вилоят марказидаги “Ёшлар шаҳарчаси”, “Истиқлол” болалар боғи, “Ўрда” ёшлар экологик боғида ҳам катта ҳажмда реконструкция ишлари амалга оширилди.
— Жиззахга келган кишининг гўзаллигу маҳобатдан, озодалигу тароватдан баҳри дили очилади, — дейди Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳиби, Жиззах санъат коллежи битирувчиси, ёш рассом Нигина Абдураззоқова. — Халқимизнинг ҳамжиҳатлиги туфайли амалга оширилаётган бундай улкан ўзгаришлар вилоят аҳлининг бунёдкорлик туйғуси билан яшаши, обод ва фаровон келажагини барпо этишида муҳим омил бўлмоқда.
Алоҳида айтиш керакки, Жиззахда ўқувчи-ёшларнинг “Баркамол авлод” мусобақаларига қизғин тайёргарлик кўрилди. Мусобақа олдидан улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Жаҳон андозалари асосида барпо этилган спорт мажмуалари ўзининг ноёб меъморий-муҳандислик ечими, бетакрор дизайни билан шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди.
Мусобақа қатнашчилари учун қизиқарли ва кўнгилочар тадбирларга бой катта маданий-маънавий дастурлар тайёрланди. Унда таниқли спортчилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат намояндалари билан учрашувлар, Жиззахнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар, турли шоу-концертлар, бадиий фильм ва саҳна асарлари намойишлари, замонавий ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан таништириш сингари тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.
Спорт ўйинларининг финал босқичи қатнашчилари учун қизиқарли ва кўнгилочар тадбирларга бой маданий дастур тайёрланди. Унда таниқли спортчилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат намояндалари билан учрашувлар, диққатга сазовор жойларга саёҳатлар, турли концертлар кўзда тутилган.
...Майдонга мусиқа садолари остида ранг-баранг либослардаги спортчилар, таниқли эстрада хонандалари кириб келади. Улар ижро этган саҳна кўринишлари, қўшиқ ва рақсларда Ўзбекистон ёшларига хос интилиш, ғайрат-шижоат, жўшқинлик ва нафосат намоён бўлади. Мамлакатимизнинг истеъдодли ёш авлоди вакиллари ёрқин театрлаштирилган томоша намойиш этади.
“Баркамол авлод — 2017” спорт мусобақалари ўйинларининг тантанали очилиш маросими катта концерт дастури билан якунланди.
“Баркамол авлод — 2017” спорт мусобақаларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов иштирок этди.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири