Ёш иқтидорлар фестивали
Шахмат бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захиралари спорт мактабида пойтахтимиздаги мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида I шахмат фестивали бўлиб ўтди.
Мусобақанинг очилишида сўзга чиққанлар Ўзбекистонда барча спорт турлари қатори шахматни ҳам янада ривожлантиришга, айниқса, ёш авлод ўртасида кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самара бераётганини таъкидлади.
Шунингдек, ёз мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш ва ўғил-қизларимизни соғломлаштириш, чиниқтириш тадбирларида шахмат мусобақаларига ўрин ажратиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки навқирон авлод вакилларининг ҳам маънан, ҳам жисмонан камол топиши давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
— Мазкур фестивал Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан илк бор ўтказилмоқда, — деди вазирлик матбуот хизмати раҳбари Б.Шайвалиев. — Асосий мақсад мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларини юксак интеллектуал салоҳиятли этиб вояга етказиш, уларнинг шахматга қизиқишини оширишдан иборат.
Фестивалда Тошкент шаҳридаги МТМлардан саралаб олинган жами 110 нафар, жумладан, ҳар бир тумандан 10 нафардан (5 нафар ўғил ва 5 нафар қиз бола) тарбияланувчи қатнашди. Улар бир-бири билан дўстона баҳс юритди.
— Бугунги фестивалда ўғлим, Яшнобод туманидаги 147-МТМ тарбияланувчиси Улуғбек Шодиев ҳам қатнашди, — дейди Лобар Тангриева. — Фарзандимиз шахмат тўгарагига қатнаша бошлаганидан бери анча улғайди. У мазкур мактаб очилганидан буён тўгаракка мунтазам қатнашади. Бундай фестиваллар доимий ўтказилса, ўғил-қизларимизнинг маҳорати ошиб бораверади.
Фестивалда «Баркамол авлод» республика болалар бадиий ижодиёт марказининг ёш доирачилари, рақс гуруҳларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Якунда фестивалда иштирок этган ўғил-қизларга диплом ва эсдалик совғалари берилди.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири