Иқтидорли гимнастикачиларимиз — шоҳсупада
Ўзбекистонлик спортчи қизлар бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионатида 17 та медални қўлга киритди.
Жорий йилнинг 24—27 июнь кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ёшлар ўртасида бадиий гимнастика бўйича IX Осиё чемпионати ва ўсмирлар ўртасида XV Осиё чемпионати ўтказилди. Унда қитъамизнинг 14 мамлакатидан энг кучли 150 нафар гимнастикачи ғолиблик учун ўзаро беллашди. Муросасиз баҳсларда иштирокчилар Осиё чемпионлиги учун яккалик ва гуруҳ мусобақалари, жамоавий кўпкураш ва машқларнинг айрим турлари бўйича 54 та медаль жамланмаси учун курашди.
IX Осиё чемпионатида юртимиз вакиллари жами саккизта медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади. Қувонарлиси, яккалик кўпкурашда ҳамюртимиз Анастасия Сердюкова биринчи, Сабина Тошкенбоева эса учинчи ўринни эгаллади.
Уч кун давом этган мусобақада яккалик ва гуруҳлар ўртасида гимнастика предметлари ёрдамида машқ бажариш бўйича ҳам баҳслар ўтказилди. Яккалик баҳсларида булава ва тасмада машқ бажарган А.Сердюкова иккита олтин, С.Тошкенбоева эса 2 та кумуш медалга эга бўлди. Жамоавий чиқишларда терма жамоа сафида иштирок этган Алина Қосимова, Динара Равшанбекова, Ксения Александрова, Гўзал Райманова, Карина Тоғаева, София Бозорова якунда иккинчи ўринни эгаллади.
Ўсмирлар ўртасидаги XV Осиё чемпионатида юртимиз шарафини ҳимоя қилган иқтидорли гимнастикачиларимиз 9 медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 2-ўринни қўлга киритди. Мусобақалар якунида кўпкураш ҳамда ҳалқада машқ бажаришда Тахмина Икромова шоҳсупанинг иккинчи поғонасини банд этди. Копток ва тасмада машқ бажариш бўйича эса унга етадигани топилмади. Яна бир ҳамюртимиз Лола Зокирова булава ва копток ёрдамидаги машқларда олтин ва кумуш медалларни жамғармамиз ҳисобига қўшиб қўйди.
Чемпионатнинг жамоавий кўпкураш баҳсларида ҳамда гуруҳлар ўртасида алоҳида гимнастика предметлари ёрдамида машқ бажариш бўйича ўтказилган финал мусобақасида Шаҳризода Арзиматова, Екатерина Фетисова, Динара Иззатуллаева, Шаҳризода Қаюмова, Анастасия Тихонова, Сунажон Сотимбоевадан иборат жамоа иккита бронза медаль билан тақдирланди. Шу тариқа 6 олтин, 8 кумуш ва 3 бронза медаль тўплаган спортчиларимиз умумжамоа ҳисобида шоҳсупанинг иккинчи поғонасини эгаллади.
Ваҳобжон ЮЛДАШЕВ