Истиқлол берган имкониятлар
Давронжон Шарипов эндигина 12 ёшга тўлди. Эсини танибдики, шахмат ўйнайди, ўз билимини бойитиб боради. Унинг ҳеч бир куни йўқки, спорт мактаби остонасини ҳатламаган, унинг дилни яйратувчи ҳавосидан нафас олмаган бўлса. Вақт топдим дегунча, севимли мактаби томон ошиқади, устози ўгитини жон қулоғи билан тинглаб, кўрсатмаларига оғишмай амал қилади. Ўтган йиллар давомида у эришаётган ютуқлар салмоғи ҳам шунга монанд кўпайиб бормоқда. Ёш шахматчи шу йил баҳорда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган мамлакат чемпионатида 4-ўринни эгаллаб, ўз ёш тоифасида Осиё чемпионатида қатнашиш йўлланмасини қўлга киритиб, ота-онаси ва устози ишончини оқлади.
Чироқчи туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бундай иқтидорли ўқувчилар бисёр. Ушбу муассаса барпо этилган 1970 йили ёшлар спортнинг саноқли тури билан шуғулланар, маш¬ғулот ва мусобақалар номига, асосан бирёқлама олиб борилар эди. Шуғулланувчилар сони ҳам кишини қувонтирарли эмасди.
Юртимиз мустақилликка эришгач, барча жабҳаларда бўлгани каби спорт соҳасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилиб, жойларда янгидан-янги спорт мажмуалари барпо этилди, мавжудлари капитал реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирланди. Чироқчи туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳам истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ ўзгача қиёфа касб этиб, имкониятлари кенгайтирилган масканлардан бири.
2015 йили Инвестиция дастурига асосан Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мазкур спорт мактабининг янги мажмуаси қурилиб, ёш спортчилар ихтиёрига топширилиши барча чироқчиликлар учун чинакам туҳфа бўлди.
Мазкур спорт мажмуасида 18х42 метр ўлчамдаги спорт зали, ўғил-қизлар учун алоҳида кийиниш ва ювиниш хоналари, мураббийлар ҳамда тиббиёт ходимлари учун хоналар мавжуд бўлиб, 108х68 ўлчамдаги футбол майдони, узунликка ҳамда баландликка сакраш майдончаси, югуриш йўлакчаси, волейбол, баскетбол майдончаси ўқувчи-ёшлар ихтиёрида.
— Спорт мактабимиздан бугунга қадар кўплаб мамлакат, Осиё ҳамда жаҳон чемпионлари етишиб чиққан, — дейди Чироқчи туманидаги 1-БЎСМ директори Фарҳод Жуманов. — Жумладан, “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасининг республика босқичида қўл тўпи, шахмат, белбоғли кураш, дзюдо, енгил атлетика бўйича совринли ўринларни банд этиб келаётган ўқувчиларимиз кўпчиликни ташкил этади.
Ўтган йиллар давомида ушбу муассасада 1100 нафар ўғил-қиз спорт билан шуғулланган бўлса, ҳозир 2000 га яқин спортчи ўз маҳоратини оширмоқда. Мактабда 9 та олимпия ва 2 та миллий спорт тури бўйича машғулотлар олиб борилиб, унда нафақат туман марказида жойлашган мактаблар, қолаверса, чекка қишлоқлардаги таълим муассасаларининг ўқувчилари ҳам иштирок этмоқда.
Спорт мажмуасидаги залда бокс ринги ўрнатилган, шунинг¬дек, бу ерда бир вақтнинг ўзида дзюдо, волейбол билан шуғулланиш учун ҳам қулайликлар яратилган. Футбол майдони, югуриш йўлаклари, енгил атлетика, баскетбол, волейбол майдончалари ёшлар билан доимо гавжум.
Янги мажмуа спорт турлари бўйича имкониятлар уфқи¬ни кенгайтирди. Бу ерда мамлакат миқёсидаги нуфузли мусобақалар, спортни янада оммалаштиришга доир ўқув-услубий семинарларнинг ўтказилиши мураббийлар билим ва тажрибасининг ошишида қўл келмоқда. Жумладан, 1997-1998 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида белбоғли кураш бўйича мамлакат биринчилигининг айни шу мактабда ташкил этилганидан руҳланган ота-оналарнинг фарзандини спортга жалб этишга иштиёқи ортмоқда.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан спорт мажмуасида ўтган кўплаб спорт мусобақалари сирасига Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгашининг беллашувлари, туман ҳокимлиги ва хотин-қизлар қўмитасининг “Баҳор маликалари” енгил атлетика баҳсларини киритиш мумкин.
— Спортчининг халқаро мусобақаларда иштирок этиб, ғалаба қозонишида мураббийнинг ўрни катта, — дейди БЎСМ директори Фарҳод Жуманов. — Муассасамизда фаолият юритаётган 27 мураббийнинг ҳар бири тажрибали. Белбоғли кураш бўйича Зокир Қобулов, Инъом Ҳасанов, Шуҳратжон Оролов, шахмат мураббийи Абдукамол Эргашев мактабимизнинг энг тажрибали устозларидан саналади. Ўқувчиларимизни мамлакат ва халқаро мусобақаларга олиб чиқишда улар тажрибасига таянамиз.
БЎСМ шуғулланувчиларининг қўлга киритаётган натижаларига назар ташлар эканмиз, уларнинг бир-биридан юқори ютуқларга эришаётгани шоҳиди бўламиз. Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтган белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон чемпионатида Анвар Азимов 68 килограмм, Улуғбек Ҳасанов 90 килограмм вазн тоифасида 3-ўринни банд этган бўлса, Навоий вилояти Нурота туманида бўлиб ўтган беллашувда Жавоҳир Саидов (46 кг), Динмуҳаммад Ўроқов (71 кг) фахрли 1-ўринни эгаллагани фикримизни далиллайди.
— Наманган шаҳрида дзюдо бўйича 2002-2003 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида 33 килограмм вазн тоифасида 1-ўринни қўлга киритдим, — дейди БЎСМнинг «Дзюдо» тўгараги аъзоси Муҳайё Аҳмадова. — Муваффақиятнинг асосий омили мактабимизда қулай имконият ва шароитлар яратилганидир. Бунга жавобан, албатта ютуқларимиз салмоғини янада ошириб боришга ҳаракат қиламиз. Келгусидаги мақсадим энг юқори марра — Олимпиада ўйинларида иштирок этиб, юртимиз байроғини баланд кўтаришдир.
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
“Ма’rifat” мухбири