Нодирбек Абдусатторов жаҳон терма жамоасида!
Истеъдодли шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов жаҳон ўсмирлар терма жамоаси таркибида АҚШнинг Сент-Луис шаҳрида 26–29 июль кунлари ўтказилган “Мингйиллик матчи” — жаҳон ва АҚШ ўсмирлар терма жамоалари ўртасидаги матчда муваффақиятли иштирок этди.
14 ёшгача бўлган ўсмирлардан иборат жаҳон терма жамоаси таркибида ҳамюртимиздан ташқари ҳиндистонлик Прагнанандҳа Рамеш Бабу (2479), россиялик Бибисора Ассаубоева (2386) ва болгариялик Нургул Салимова (2332) дона сурди. Америкалик тенгдошларига қарши дона сурган 17 ёшлилар терма жамоаси таркиби эса қуйидагича: Ҳайк Мартиросян (Арманистон, 2544), Андрей Есипенко (Россия, 2523), Андрей Сарана (Россия, 2510), Антон Смирнов (Австрия, 2495), Арян Чопра (Ҳиндистон, 2491).
Схевенинген системасида (бир жамоа вакиллари иккинчи жамоа вакилларининг ҳаммаси билан навбатма-навбат ўйнаб чиқади) бўлиб ўтган мусобақада 17 ёшлилар 8 тур, 14 ёшлилар 4 тур ўйнашди. Якунда 17 ёшли шахматчилар ўртасида жаҳон терма жамоаси 20:13, 14 ёшлилар жаҳон терма жамоаси 11,5:4,5 ҳисобида устун келди. Якуний ҳисоб: 31,5:17,5 — Жаҳон терма жамоаси фойдасига. Ғолиб жамоа 20 000, мағлуб жамоа эса 10 000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофотга эга бўлди.
Ҳусан НИШОНОВ