Рағбат — ижодкорга қанот бағишлайди
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг «Медиа-холл»ида «Энг улуғ, энг азиз» республика кўрик-танлови ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, ижодий ҳамда жамоат ташкилотларининг вакиллари, шунингдек, адабиёт, маданият ва санъат намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Йигирма йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур танловда ғолиб ва совриндорларни беш йўналиш бўйича аниқлаш ва уларни Мустақиллик байрами арафасида тақдирлаш анъанага айланган. Жумладан, бу йил ҳам кўтаринки руҳда қизғин жараёнларга бой ўтган ижодий беллашув орқали белгиланган номинациялар бўйича муносиблар меҳнати рағбатлантирилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» шиори остида ўтган бу йилги танловда адабиёт, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, тасвирий санъат, фото ва дизайн, кино йўналишлари бўйича 500 нафар ижодкор умумий ҳисобда 5000 га яқин ижодий иши билан қатнашди.
Ҳар бир йўналиш бўйича беш нафар (1-, 2-, 3- ҳамда иккита рағбатлантирувчи ўрин бўйича) ижодкор ғолиб деб топилиб, уларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
— Рағбат ижодкорга қанот бағишлайди. Уни янги марралар сари ундайди, — дейди танловнинг босма ва электрон оммавий ахборот воситалари йўналиши сов¬риндори Вазира Иброҳимова. — Журналистикага кириб келганимга кўп бўлмади. Устозлардан ушбу соҳанинг сир-асрорларини қунт билан ўрганишга ҳаракат қиляпман. Яхши кадр, ўз ишининг устаси, етук мутахассис бўлишга интилишларим бесамар кетмаяпти. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида эълон қилинган туркум мақолаларим учун мазкур танловнинг совриндорлари сафидан жой олдим. Танловда ёшларга ҳам кўп имкониятлар берилаётгани кишини қувонтиради. Бундай танловлар ижодкорларга куч-ғайрат бағишлайди.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
«Ma’rifat» мухбири