Янги бинолар — янги марралар
Юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилган эътибор туфайли шаҳару қишлоқларимизда бирдек имкониятга эга спорт иншоотлари, муаззам бинолар бунёд этилиб, аҳоли, айниқса ёш авлод вакиллари ўзлари севган спорт тури билан эмин-эркин шуғулланмоқда. Уларга маҳоратли мураббийлар спорт сирларини ўргатмоқда.
Ана шундай бунёдкорликлар Қашқадарё вилоятида ҳам кенг қулоч ёйган. Хусусан, Мустақиллигимизнинг 26 йиллик тантаналари шукуҳи дилларда кезаётган айни паллаларда Қарши шаҳридаги «Насаф» марказий стадионининг капитал реконструкциядан чиқарилиб, фойдаланишга топширилгани футболсевар воҳа аҳли учун улкан совға бўлди.
Клуб бош ҳомийси «Шўртан нефт-газ» МЧЖ қурувчилари амалга оширган капитал реконструкция ишларидан сўнг стадион ўзгача қиёфа касб этиб, футбол ишқибозлари учун янада қулайликлар яратилди.
— Стадион реконструкцияси уч босқичда олиб борилди, — деди клубнинг медиа менежери Юнус Набиев. — Ўйингоҳнинг умумий майдони энди 160 000 метр квадратга етказилди. Чет элдан келтирилган табиий иқлимимизга мос «Kentucky bluegrass» чимлари ётқизилиб, парвариши учун хориж технологиясидан фойдаланилмоқда. Стадионнинг сиғими аввал 16 минг киши бўлган бўлса, эндиликда ўриндиқлар сони 21 мингтага етди. Меҳмонлар учун ажратилган махсус — 580 ўриндиқ ёнига яна 400 та жой қўшилди. Майдоннинг 4 тарафига 1200 дона замонавий ёриткич ўрнатилган. Эътибор берган бўлсангиз, майдон ичидаги аввалги йўлакчалар олиб ташланди ва темир тўсиқлар ўрнига қўшимча ўриндиқлар ўрнатилиб, майдонга яқинлаштирилди. Таъмирлашнинг иккинчи босқичида майдон усти ёпилиб, манеж кўринишини олди. Энди футболчиларимиз ёз жазирамасию қиш қаҳратонида ҳам бирдек машғулот олиб бораверади. Сўнгги босқичда майдоннинг шимолий минбари икки қават қилиб қурилиб, ост қисмида футбол мактаби ўқувчилари учун ўқув хоналари ва ошхона барпо этилади. Айни пайтда стадионда замонавий талаблар асосида муҳандислик-коммуникация ишлари олиб борилмоқда.
Қисқаси, бугун “Насаф” марказий стадиони жаҳон андозаларига жавоб берадиган стадионларимиздан бири, дея бемалол айтиш мумкин. Энди футболчиларимиздан мана шундай эътиборга муносиб жавоб бериб, ўзбек футболи шуҳратини жаҳонга ёйиш учун борлиғини бахшида қилиш талаб этилади, холос.
Бундан ташқари, Косон туманида «Пудина—Қувончбек» МЧЖ бунёдкорлари ёпиқ сузиш ҳавзасини қуриб, фойдаланишга топширгани ҳам ўқувчи-ёшлар учун чинакам байрам туҳфаси бўлди. Мажмуанинг очилиш маросимида иштирок этган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ота-оналар ёпиқ сузиш ҳавзасидаги барча қулайликлар билан яқиндан танишдилар.
— Бундай сув ҳавзаси вилоятимизнинг ҳар бир туманида бўлиши керак, — деди тадбирда сўз олган Чироқчи туманидаги 165-умумтаълим мактабининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Азизжон Исоқов. — Боиси, аксарият ўқувчилар сузишга қизиқади. Замонавий шароит¬ларга эга бўлган мажмуада машғулотларда қатнашиш кишига ўзгача завқ бағишлабгина қолмай, саломатликни мустаҳкамлайди, иродани тоблаб, танани чиниқтиради.
Ўзбекистон Болалар спор¬тини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали маблағи ҳисобига барпо этилган ушбу муҳташам сузиш ҳавзасида юздан зиёд ўғил-қиз шуғулланади. Мажмуада ювиниш, кийиниш, дам олиш хоналари, шифокор ва мураббийлар хоналари мавжуд. Эътиборлиси, ҳавза суви табиий газ ҳамда қуёш батареялари ёрдамида иситилади. Айни кунларда туманнинг Пудина, Пўлати, Қорабайир, Гувалак, Эсат ва Мудин каби ўнга яқин қишлоқларидан сузиш маш¬ғулотларига қатнаётган 176 нафар боланинг 64 нафари қизлардир. Косон тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қарашли мазкур сузиш ҳавзасида айни пайтда вилоятдаги энг тажрибали мураббийлар ишламоқда.
— Бундай замонавий спорт маскани косонлик ёшлар учун жуда улкан имконият эшигини очиб бермоқда, — деди сузиш бўйича мураббий Шер¬қўзи Умиров. — Мустақиллик байрами арафасида қад ростлаган мазкур сузиш мажмуасида ўқувчилар сузишнинг 4 та — брасс, баттерфляй, крол ва чалқанча сузиш усули билан шуғулланади. Акбар Бердиев, Соҳиба Тоғаева каби ҳамкасбларим билан биргаликда машғулотларни олиб боряпмиз. Яна бир неча йиллардан сўнг сув спорти бўйича косонлик ёшлар орасидан ҳам чемпионлар етишиб чиқишига ишонамиз.
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
“Ma’rifat” мухбири