Кураш Осиё ўйинлари дастурига киритилди
Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида ўтаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари доирасида ўтказилган Осиё Олимпия кенгаши Бош ассамблеясида ўзбек кураши 2018 йили Индонезияда бўлиб ўтадиган XVIII Осиё ўйинлари дастурига киритилгани расман эълон қилинди.
Ассамблеяда таъкидланганидек, XVIII Осиё ўйинларида эркаклар 66, 73, 81, 90 килограмгача, +90 ва мутлақ вазн, хотин-қизлар эса 52, 63, 78 килограмгача вазн тоифасида гиламга чиқади.
Маълумки, ота-боболаримиз ардоқлаган, асрлардан асрларга ўтиб, умрбоқий спорт турларидан бирига айланган кураш бизнинг энг оммавий ва севимли миллий ўйинларимиз сирасига киради. Миллий байрам, тўй ва сайилларимиз курашсиз ўтмайди. Айниқса, Сурхон, Зарафшон воҳалари, Фарғона водийси, Навоий вилоятидаги Сармишсой дараси ҳамда қатор қадимги аҳоли манзилгоҳларида кураш лавҳаларига оид ноёб топилмалар, осори-атиқалар, қоятошларга битилган тасвирий санъат намуналари аниқлангани бежиз эмас.
Миллий курашимиз мустақиллик йилларида янада гуллаб-яшнади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан кураш юксак мақомга кўтарилди. Жумладан, Президент соврини учун Шаҳрисабзда Амир Темур, Термиз шаҳрида Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишлаб халқаро турнирлар ўтказилди. 1992—1998 йилларда Жанубий Корея, Канада, Япония, Ҳиндистон, АҚШ, Россия каби мамлакатларда ўтган йирик спорт анжуманларида ўзбек кураши бўйича ҳам баҳслар бўлиб ўтди. Ана шундай жонбозликлар эвазига жаҳон ҳамжамияти 1998 йил 6 сентябрь куни ўзбек курашини халқаро спорт тури сифатида расман тан олди. Осиё, Европа ва Американинг 28 давлати вакиллари иштирокида ўтказилган таъсис конгрессида Кураш халқаро ассоциациясига асос солинди. Сўнгра қатор мамлакатларда ўзбек кураши бўйича федерациялар фаолияти йўлга қўйилиб, махсус мактаблар очилди.
Айни кез дунёнинг 120 дан ортиқ давлатида кураш кенг оммалашган. Кураш бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар юксак савияда ўтказилмоқда.
Осиё олимпия кенгаши томонидан ҳар 4 йилда ташкил этиладиган ва қитъа олимпиадаси дея эътироф этиладиган Осиё ўйинларига ўзбек курашининг киритилиши улкан тарихий воқеадир. Ахир ушбу нуфузли мусобақада қитъамизнинг деярли барча мамлакатларидан энг сара атлетлар қатнашади. Ҳар бир медаль учун жиддий кураш кечади. Ана шундай спорт байрами дастурида курашнинг расман қайд этилиши унинг келажаги янада порлоқ эканини англатади.
Сардор МУСТАФОЕВ,
ЎзДЖТУ талабаси