Жаҳоннинг энг ёш гроссмейстери — Ўзбекистондан!
29 октябрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ниҳоясига етган Михаил Чигорин хотирасига бағишланган халқаро турнирда ўзбекистонлик 13 ёшли шахматчи Нодирбек Абдусатторов учинчи бор халқаро гроссмейстер талабини бажарди!
9 имкониятдан 6,5 очко жамғарган (5 ғалаба, 3 дуранг, 1 мағлубият) истеъдодли шахматчимиз Д.Беленкая (Россия, 2343), С.Сетураман (Ҳиндистон, 2632), Е.Левин (Россия, 2545) сингари хал¬қаро гроссмейстерларни мағлуб этиб, Е.Воробьев (Россия, 2555), А.Тимофеев (Россия, 2549), Е.Алексеев (Россия, 2622) каби гроссмейстерлар билан дуранг ўйнади ва натижада учинчи маротаба белгиланган талабни бажариб, халқаро гроссмейстер унвонига эришди.
Нодирбек ўтган йили октябрь ойида худди шу халқаро мусобақада илк бор халқаро гроссмейстер нормасини бажарган эди. Ўшанда Бенжамин Бок (Голландия, 2594), Кирилл Ступак (Беларусь, 2564), Александр Файер (Бразилия, 2614) каби таниқли гроссмейс¬терлар мағлуб этилган бўлса, Владислав Ковалев (Беларусь, 2609) ва Санан Сюгиров (Россия, 2660) билан дуранг ўйнаган эди.
Шу йил август ойида иккинчи бор гроссмейстерлик балларига эга бўлган БААнинг Абу Даби шаҳри мезбонлик қилган халқаро турнирда Нодирбек М.Андерсен (Дания, 2586) ва Л.Пайчадзе(Грузия, 2581)ни мағлуб этиб, Салим Солиҳ (БАА, 2624), Константин Лупулеску (Руминия, 2637) ва Кирилл Ступак (Беларусь, 2573) билан дуранг¬га эришган эди.
Эътибор берсангиз, бу уч мусобақада ёш шахматчимиз 2 марта рейтинги 2600 балдан юқори бўлган гроссмейс¬терларни мағлуб этиб, 5 марта дурангга эришган. Илк бор 9 ёшида гросс¬мейстерларни мағлуб эта бошлаган Нодирбек 13 ёшида ўзи ҳам мана шундай юксак унвонга эришди. Таъкидлаш жоизки, истеъдодли ўзбек ўғлонининг бу муваффақияти жаҳон шахмати тарихида иккинчи натижадир! Бу борада у Магнус Карлсен, Фабиано Каруана, Уэсли Со, Максим Вашье-Лаграв, Вей И, Юй Янъи, Аниш Гири каби бугунги жаҳон шахмати етакчиларини ортда қолдирди. 2004 йил 18 сентябрда туғилган Нодирбек 13 ёшни тўлдирганидан 1 ойу 11 кун ўтиб халқаро гроссмейстер даражасига эришган бўлса, фақатгина россиялик Сергей Карякин ундан олдинроқ, яъни 12 ёшу 7 ойлик бўлганида гроссмейстер бўлган.
Жаҳон шахмати тарихига ўз номини муҳрлаб қўйган, айни дамда халқаро мусобақалардаги иштироки хорижлик етакчи мутахассислар томонидан синчковлик билан кузатиб борилаётган ва эътироф этилаётган (“Nodirbek Abdusattorov, el genio uzbeko de 11 anos que amenaza el reinado de Magnus Carlsen”— “Нодирбек Абдусатторов, Магнус Карлсен ҳукмронлигини таҳликага солган 11 ёшли ўзбек даҳоси”— lavanguardia.com; “Course au record” — “Рекорд сари йўл” — echiquier-bordelais.fr, “Nodirbek Abdusattorov: The next Kasparov?” — “Нодирбек Абдусатторов: навбатдаги Каспаровми? — chess.com ва ҳоказо) Нодирбек Абдусатторов ўзбек шахмати ривожига улкан туртки берди, десак, ҳеч муболаға бўлмайди.
У 8 ёшида, яъни 2012 йили жаҳон чемпиони бўлганидан сўнг мамлакатимизда шахмат тўгаракларига қатнайдиган болалар сони кескин ошганини мутахассислар эътироф этишади. Қизиқиш ортганини 2013 йили Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган болалар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига Ўзбекистон шахмати тарихида энг кўп — 32 нафар ёш шахматчимиз боргани ҳам исботлайди.
Айни дамда жаҳоннинг энг ёш гросс¬мейстери бўлган шахматчимиз ҳақида мураббийи, халқаро гроссмейстер Дмитрий Қаюмов шундай фикр билдирди:
— Нодирбекни 7 ёшидан буён шуғуллантириб келмоқдаман. Ўтган 5-6 йил давомида у ҳар қандай спортчи ҳавас қилгулик натижаларга эришди. 45 йиллик фаолиятим давомида бир неча халқаро гроссмейстер ва халқаро мастерларни етиштирдим. Лекин бундай истеъдодни биринчи кўришим. Аъло даражадаги хотира, оташин иштиёқ, тиришқоқлик ҳамда ҳар бир партияда фақат ғалабага интилиш — бу хислатлар ҳар доим ҳам бир инсонда мужассам бўлавермайди.
Нодирбек Абдусатторов фақат ўзбек шахмати тарихида эмас, балки жаҳон шахматида муносиб из қолдиришга қодир шахматчи. Яқин келажакда у жаҳон чемпионлиги учун кураша оладиган мавқега кўтарилишига ишонаман.
Ушбу хотира турнирида яна 4 нафар ёш шахматчимиз дона суриб, ўзига хос натижаларга эришди. Жумладан, шахмат фестивали доирасидаги тезкор шахмат (блиц) мусобақасида 15 ёшли халқаро тоифадаги спорт устаси Нодирбек Ёқуббоев 1-ўринга сазовор бўлди! Мусобақада 24 давлатдан 33 нафар халқаро гроссмейстер иштирок этганини ҳисобга олсак, хоразмлик ёш истеъдод соҳибининг бу ютуғи нақадар улкан муваффақият эканини англаймиз.
Вакилларимиз асосий стандарт шахмат мусобақасида ҳам муваффақиятли иштирок этишди. Гроссмейстер Жаҳонгир Воҳидов, халқаро мастерлар Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров 6,5 тадан, халқаро мастер Нодирбек Ёқуббоев 6, халқаро мастер Шамсиддин Воҳидов 5,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Н.Ёқуббоев халқаро гроссмейстер Конс¬тантин Сакаевни (Россия, 2594) мағлуб этиб, мусобақа ғолиби Кирилл Алексеенко(Россия, 2563) билан дуранг ўйнагани, Ш.Воҳидов халқаро гроссмейстер Соффер Рамни(Исроил, 2500) мағлуб этиб, Артём Тимофеев(Россия, 2549) билан дурангга эришгани, Ж.Синдоров халқаро гроссмейс¬терлар Константин Сакаев(Россия, 2594) ва Сегмед Батчулуун (Мўғулис¬тон, 2571) билан дуранг ўйнагани ушбу ёш иқтидор эгаларининг порлоқ келажагидан даракдир.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Эътибор беринг: Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов 2002, Нодирбек Абдусатторов 2004, Жавоҳир Синдоров эса 2005 йилда туғилган. Тўрталаси ҳам мазкур мусобақадаги ғалабалари боис рейтинг балларини янада кўтариб олишди. Янада ўсишга эришиш учун улар шундай даражадаги халқаро турнирларда кўпроқ ўйнашлари лозим.
Бунинг учун Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Ўзбекистон шахмат федерацияси ўзбек шахматининг олтин авлоди бўлишга даъвогарлик қилаётган бу иқтидор эгаларига яратилаётган имкониятларни янада кенгайтириш чораларини кўриши мақсадга мувофиқ.
Жумладан, 2018 йили бўладиган навбатдаги бутунжаҳон шахмат олимпиадасига Рустам Қосимжонов бошчилигида ушбу шахматчиларимизга ишонч билдирилса, улар учун катта тажриба мактаби бўлур эди. Яқин келажакда бу ишонч уларга қанот бағишлаб, келгуси йирик мусобақаларда, албатта, натижа беради.
Яна бир муаммо — истеъдодли ёш шахматчиларимизнинг нуфузли халқаро мусобақаларда иштирокини таъминлаш масаласидир. Маълум бўлишича, ёш шахматчиларимиз Санкт-Петербург¬га ўз ҳисобларидан бориб келган...
Шахмат бўйича жаҳон чемпиони бўлиш бошқа спорт турларига қараганда жуда қийин. Шунинг учун ҳам Италия, Япония, Жанубий Корея, Туркия сингари бир қатор ривожланган давлатлардан ҳали бирон ёш тоифасида бўлсин, жаҳон чемпиони етишиб чиқмаган. Катталар ўртасида-ку жаҳон шахмат тожини кийиш 130 йил мобайнида бор-йўғи 20 нафар шахматчига насиб этган, холос! Шукрки, болалар ва ўсмирлар ўртасида бизда Шамсиддин Воҳидов ва Нодирбек Абдусатторов, катталар ўртасида эса Рустам Қосимжоновдек жаҳон чемпионлари бор! Биз бундан ғурурланишимиз, қадрлашимиз ва, айниқса, ёш чемпионларимиз шахматчи сифатида янада ўсиши, маҳоратини ошириши учун барча шароитларни яратиб беришимиз лозим.
Бугун жаҳон спортида катта-катта маблағ айланаётгани ҳаммага маълум. Спорт мамлакат нуфузини ошириш, шаънини улуғлаш, миллат ор-номусини, ғурурини ҳимоя қилишдан ташқари, йирик бизнес воситасига ҳам айланган. Миллионер теннисчи, боксчи, футболчи, гольфчи ва хоккейчилар ҳақида ҳаммамиз биламиз. Аммо шахматда вазият бироз бош¬қачароқ. Шахмат бизнес нуқтаи назаридан бошқа кўплаб спорт турларидан кўра жозибасизроқ. Шахмат орқасидан кўп-кўп пул топиш учун камида 2600 рейтинг балига эга ёки содда қилиб айтганда, ниҳоятда кучли шахматчи бўлиш лозим. Мана, Рус¬там Қосимжонов Германиянинг “OSG Баден-Баден” клубида бундеслигада иштирок этади ва табиийки, яхшигина ҳақ олади. Қолаверса, Европада шахмат инфратузилмаси ривожланган бўлиб, тижорат турнирлари, мўмайгина соврин жамғармасига эга турнирлар кўплаб ўтказилади. Клублар ўртасида мамлакат ва қитъа чемпионатлари йўлга қўйилган. Етук гроссмейстерлар бақувват фирма ва компаниялар билан ҳомийлик шартномалари тузган бўлиб, бу уларга қўшимча даромад олиб келади.
Бизда эса ҳали бундай даражага эришилгани йўқ. Ҳозирча фақат Георгий Аъзамов хотира турнири соврин жамғармасига эга бўлиб, уям бошқа халқаро турнирларга қараганда ҳали анча камтарона — 20 минг АҚШ доллари. Мураббийларга тўланадиган ҳақ ҳам мақтагулик даражада эмас. Шунинг учун ҳам халқаро гроссмейстер Антон Филиппов Олмаотада мураббийлик қилмоқда. Яна бир гроссмейстер ва ажойиб болалар мураббийи Дмитрий Қаюмов бир нечта хорижий давлатларда ишлаб келди. Гросс¬мейстер Сергей Қаюмов ҳам чет элда ёш шахматчиларга сабоқ бермоқда.
Ўзбекистонлик шахматчилардан фақатгина Рустам Қосимжонов (рейтинги —2685) дунё миқёсида энг кучли 100 шахматчи сафида, ҳозир у 60-ўринда турибди. Бошқа шахматчиларимиз эса ҳали кучли юзликдан ўрин ололгани йўқ. Лекин Нодирбек Абдусатторов (2498; 2004), Темур Қўйбоқаров (2468; 2000), Нодирбек Ёқуббоев (2437; 2002), Жавоҳир Синдоров (2406; 2005), Шамсиддин Воҳидов (2404; 2002) каби ёш истиқболли шахматчиларимиз яқин келажакда бундай натижага эришишига умид бор. Бироқ бу умидлар оқланиши учун уларга кенг имконият яратиб бериш зарур. Хусусан, уларнинг кўпроқ халқаро нуфузли турнирларда иштирокини таъминлаш лозим. Шунда уларнинг ўз рейтингини ошириш имконияти кенгаяди.
Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдоров айни пайтда тенгдошлари орасида дунёда рейтинг бўйича 1-рақамли шахматчилар ҳисобланади. Энди улар янада ўсиши учун катталар ўртасидаги мусобақаларда кўпроқ иштирок этишлари лозим. Болалар ўртасидаги турнирлар маҳорати ошиши, истеъдоди чархланиши, рейтингини кўтаришга хизмат қилмайди (қитъа ва жаҳон чемпионатлари, ўсмирлар ўртасидаги бутунжаҳон шахмат олимпиадаси бундан мустасно).
Шахматчини мусобақа тоблайди. Бунинг исботини жаҳоннинг бугунги кундаги энг зўр гроссмейстерларининг ёшлигидаги ва бизнинг истеъдодли ёш шахматчиларимиз фаолиятини таққослаш орқали кўриб чиқамиз.
Давримизнинг энг зўр шахматчиси Магнус Карлсен 12 ёшида FIDE мастери (FM) бўлган. 13 ёшни тўлдиргач, яна 4 ойу 27 кун ўтиб халқаро гроссмейс¬тер даражасига эришган. Бу пайтда, яъни 12-13 ёшларида Карлсен бир йилда деярли ҳар ойда биттадан нуфузли халқаро турнирда иштирок этган. Янаям аниқ айтадиган бўлсак, Магнус 2003 йили 9 та, 2004 йили эса 11 та шундай турнирда ўйнаб, ҳам халқаро мастер (IM) ва халқаро гроссмейстер (GM) талабларини бажарган, ҳам ўз рейтинг балларини анча кўтариб олган.
Энг ёш гроссмейстер сифатида “Гиннеснинг рекордлар китоби”га кирган Сергей Карякин ҳам 10 – 12 ёшларида ҳар йили камида 10 та халқаро мусобақада иштирок этган ва, табиийки, турнирларда эришган муваффақиятлари унинг 13 ёшга тўлмасдан халқаро гроссмейстер унвонига эришишига олиб келди.
Энди ўзбекистонлик ёш иқтидорли шахматчиларнинг халқаро мусобақалардаги иштирокини мамлакатимиз ва хорижлик экспертлар томонидан энг истиқболи порлоқ шахматчи сифатида қаралаётган Нодирбек Абдусатторов (Нодирбек 2014 йил май ойида Георгий Аъзамов хотира турнирида 2 нафар халқаро гроссмейстерни мағлуб этганидан сўнг ўн еттинчи жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов шундай деган эди: “Нодирбек 9 ёшида менинг 9 ёшимдагидан кўра анча яхши ўйнаяпти”) мисолида кўриб чиқамиз.
Нодирбек 2015 йили 5 та, 2016 йили ҳам 5 та халқаро мусобақада иштирок этган:
2015 йил:
Февраль: Tashkent Round Robin халқаро турнири — 1-ўрин.
Март: Георгий Аъзамов хотира турнири — 17-ўрин.
Июнь: Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё (3.4- зонаси) биринчилиги.
Октябрь: 12 ёшгача болалар ўртасида жаҳон чемпионати (Греция) — 4-ўрин.
Декабрь: Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб “Қатар мастерс” халқаро турнири.
2016 йил:
Январь: “Москва опен” халқаро турнири (Россия).
Апрель: Георгий Аъзамов хотира турнири.
Сентябрь: Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнир — 10-ўрин.
Октябрь: Михаил Чигорин халқаро хотира турнири (Санкт-Петербург, Россия) — 372 иштирокчи орасида 6-ўринни эгаллаб, халқаро гроссмейстер нормасини бажарди.
Декабрь: Мактаб ўқувчилари ўртасида жаҳон чемпионати (Сочи, Россия) — 13 ёшгача болалар ўртасида 2 та олтин медаль.
Демак, Нодирбек Абдусатторов охирги икки йилда 10 та халқаро мусобақада иштирок этган. Шулардан 2 таси болалар ўртасидаги мусобақа, улардаги иштироки харажатлари давлат ҳисобидан қопланган. 10 та турнирдан 3 таси Ўзбекистонда ўтказилган, қолганлари хорижий давлатларда. Демак, 2 йил давомида Тожикистон, Россия, Малайзия ва Қатарда бўлиб ўтган 5 та халқаро турнирга у ўз ҳисобидан бориб келган. Биргина Қатар сафари онаси ҳам борганлиги учун ёш чемпионлар оиласига 3500 долларга тушган...
Нодирбек Абдусатторовдек салоҳиятли шахматчи учун икки йилда бор-йўғи 10 та халқаро мусобақада иштирок этиш кам, жудаям кам. Агар унга шундай имконият олдинроқ яратиб берилганида, яъни бир йилда 10 та хал¬қаро мусобақада иштирок этганида, балки Карякиннинг рекордини янгилаган бўлар эди. Аммо бундан ортиғини оила бюджети кўтармайди. Ўзбекистон шахмат федерацияси мутасаддиларининг таъкидлашича, бу борада ёш шахматчиларимизга шароит яратиб бериши лозим бўлган Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ёш шахматчиларни катталар ўртасидаги мусобақаларга юбориш учун маблағ ажратишни рад этиб келмоқда...
Яна бир муаммо. Президентимиз Шавкат Мирзиёев йил бошида Соғ¬лиқни сақлаш вазирига хорижга чиқиб кетган малакали тиббиёт ходимларини Ўзбекистонга қайтариш вазифасини юклади. Бу муаммо спортда, жумладан, шахматда ҳам мавжуд. Мана, хорижий давлатларга назар ташлайдиган бўлсак, ҳозир жаҳоннинг энг етакчи шахматчиларидан — италиялик Фабиано Каруана, филиппинлик Уэсли Со, япониялик Хикару Накамура 2-3 йилдан буён АҚШга кўчиб ўтиб, халқаро мусобақаларда ўша мамлакат шарафини ҳимоя қилмоқда. Узоққа бормайлик, 1998 йили 16 ёшгача ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган самарқандлик халқаро гроссмейстер Иброҳим Ҳамроқулов анчадан буён Испания, тошкентлик Темур Гареев эса АҚШ байроғи остида дона сурмоқда. Булар-ку катталар ўртасида, ҳозир ривожланган давлатлар скаут ва селекционерлари дунё бўйича изғиб, ёш иқтидорларни “овлаш” билан бандлиги ҳеч кимга сир эмас.
Мана, масалан, қозоғистонлик 2004 йилда туғилган истеъдодли шахматчи Бибисора Ассаубоева ўтган йилнинг 1 сентябридан буён Россия шарафини ҳимоя қилмоқда. Қозоғистонда етарлича эътибор ва қўллаб-қувватлашга эришолмаган бу шахматчи қиз Россияга кўчиб ўтганидан сўнг икки ой ўтар-ўтмас 12 ёшгача қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Россия шахмат федерацияси ғазнасига олтин медал тақдим этди...
Нодирбек Абдусатторов сингари истеъдодли ёшларимизни ўшанақа скаутлардан асраш учун ҳам моддий томондан қўллаб-қувватлаш, халқаро мусобақаларда иштирок этишига ҳомийлар кўмагини жалб этиш лозим.
Мамлакатимизда бундай иқтидорли ёшлар, хусусан шахматчилар кўп.
“Истеъдодлар — миллатимиз бойлиги, Ватанимиз фахри, ғурури” деган гапларни кўп айтамиз, мақолалар ёзамиз. Улар халқаро доирада ютуққа эришадиган бўлса, телекўрсатув, радиоэшиттиришларда бонг урамиз. Аммо уларнинг ва ота-оналарининг саҳна пардаси ортидаги меҳнатини, чекаётган машаққатларини ҳаммамиз ҳам билавермаймиз. Уларга ёрдам беришга қурби етадиганлар эса турли бюрократик тўсиқларни енгиб ўтишга куч, балки хоҳиш тополмайдилар.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда шахматни янада ривожлантиришга доир давлат дастурини қабул қилиш даври аллақачон келган.
Шунда юқорида тилга олинган, ҳамда шахмат ривожи билан боғлиқ бошқа яна кўплаб масалалар ечимини топар эди.
Ҳусан КАРВОНЛИ