Туман босқичига чиққан ўқувчилар мактаби шарафини ҳимоя қилди
Чилонзор туманидаги умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчилари ўртасида «Умид ниҳоллари» спорт мусобақасининг туман босқичи ўтказилди.
Чилонзор тумани БЎСМ ҳамда 79-, 101-, 138-, 162-, 281-мактаб спорт майдончаларида ташкил этилган беллашувларда 30 та таълим муассасаси жамоалари енгил атлетика, мини футбол, бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси, шахмат, шашка бўйича ўзаро куч синашди.
— Мусобақанинг туман босқичини янги барпо этилган спорт иншоотлари, майдонларида ўтказишга алоҳида эътибор қаратдик, — дейди туман ХТБ жисмоний тарбия методист-ўқитувчиси Шуҳрат Сатторов. — Бешта ҳудудий гуруҳга бўлинган иштирокчилар ўз имкониятларини тўла намоён этиши ва ҳар бир баҳс адолатли ўтишини таъминлаш учун барча шароитлар яратилди, спорт заллари ва майдончаларига зарур инвентарлар етказилди. Ҳакамлар ҳайъати таркибига жалб этилган «Ёшлик» ЖТСЖ туман бўлинмаси мутахассислари, малакали тренер-ўқитувчилар натижаларни белгиланган мезонлар асосида холисона баҳолаб борди. Энг муносиб ўғил-қизлар «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларининг туман босқичида ғолибликни қўлга киритди.
Спорт фестивали якунига кўра, 138-мактаб жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. 280- ва 163-мактаб ўқувчилари кучли учликни тўлдирди. Ғолибликни қўлга киритган жамоалар ҳамда ўқувчилар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди. Эслатиб ўтамиз, «Умид ниҳоллари» спорт ўйинлари бошлан¬ғич синфлар учун туман бос¬қичи билан ниҳояланади.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири