Икки мактаб — икки манзара
Ўқувчиларнинг соғлом ва баркамол улғайишида жисмоний тарбиянинг ўрни катта. Юртимизнинг олис қишлоқларида ҳам бунга алоҳида эътибор берилаётган бир пайтда умумтаълим мактабларида спорт тўгараклари мазмуни, сифати, қамровини яхшилашга қандай ёндашиляпти? Болалар спортини ривожлантириш йўлидаги ислоҳот самараларидан болалар бирдек баҳрамандми? Ана шу каби саволларга жавоб излаш мақсадида Ғаллаорол туманидаги 62- ва 81-мактабларга бордик.
62-умумий ўрта таълим мактабидаги 319 нафар ўқувчига 32 нафар педагог сабоқ бермоқда. Хусусан, уч нафар жисмоний тарбия ўқитувчиси белгиланган жадвал асосида маш¬ғулот ўтказади. Таълим муассасасининг спорт залида йилнинг тўрт фаслида машғулот олиб бориш имконияти мавжуд. Мўъжаз спорт майдончаси ҳам доимо гавжум.
Тажрибали мураббий Абдурасул Абдуллаевнинг шогирдлари футбол ва волейбол бўйича «Умид ниҳоллари» спорт мусобақаларида қатнашиб, бир неча йилдан буён туманда фахрли ўринларни қўлга киритмоқда. Айни кез бошланғич синфлар ҳамда 5–7-синф ўқувчилари ўртасида мазкур мусобақанинг туман босқичи ниҳоясига етди. 8–10-синф ўқувчилари эса туман босқичига пухта ҳозирлик кўрмоқда.
— Спорт тўгараклари машғулотларида мураббийлар кўмагида футболнинг назарий ва амалий жиҳатларини ўрганяпмиз, — дейди мактаб ўқувчиси Асқар Мамадиёров. — Дарсдан бўшагач, «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларининг навбатдаги бос¬қичига тайёргарлик кўрамиз. Бунинг учун мактабимизда шароит яратилган, спорт жиҳозлари етарли. Қўшни мактаблар ўқувчиларидан иборат жамоалар билан ўртоқлик учрашувлари ташкил этилаётгани эса маҳоратимиз чархланиб, тажриба тўплашимизда қўл келмоқда.
Спорт сирларини ўрганиш истагида тўгарак машғулотларига келаётган ўқувчиларнинг сафи тобора кенгайиб бормоқда. Қўл тўпи, баскетбол, стол тенниси кабилар ўғил-қизларнинг энг севимли машғулотига айланган. Гулнора Тожибоева, Алишер Қўйбоқаров каби малакали мураббийлар ёшларга жисмоний тарбиядан сабоқ бермоқда. Машғулотларда ўзгача руҳ ва иштиёқ сезилиб туради. Ўқувчиларнинг юзу кўзидан соғлом бўлиб ўсаётганини, кайфияти чоғ, эртанги кунга ишончи юксак эканини англаш мумкин.
Иккинчи манзилимиз — шу тумандаги 81-мактаб ҳам Молтоп қишлоқ фуқаролар йиғинида жойлашган. Таълим масканида атиги 212 нафар ўқувчи ўқийди. Шу боис дарслар бир сменада ташкил этилган. Бунинг ўқувчилар учун қулайлиги кўп, албатта. Аввало, дарслар тугагач, бўш хоналарда тўгараклар, хусусан, қўшимча спорт машғулотлари ўтиш имкони туғилади. Ана шундай ўй-хаёл билан мактаб остонасидан ҳатладик.
Афсуски, куннинг иккинчи ярмида мактабда ўқувчиларни деярли учратмадик. Мактаб директори Ҳамза Қўшмоновнинг айтишича, хоналар қулфланган, калитлар фан ўқитувчиси ва хўжалик ишлари мудирида экан. Улар эса турли-туман сабаблар билан уйга кетишган...
Сўнг гимнастика зали томон йўналдик. Спорт тўгараклари учун масъул жисмоний тарбия ўқитувчиси Аҳрор Қўшмонов йўқ. Директор бир амаллаб калитни топиб, спорт залини очди. Теннис столидаги чанг, бир томонда сочилиб ётган шахмат доналари, қаровсиз инвентарларнинг тартибсиз «тахлами»га қараб, бу ерда яқин орада спорт машғулоти тугул, жисмоний тарбия дарслари ҳам ўтилмаган, деган хулосага келиш мумкин.
Мактаб раҳбаридан ўқувчиларнинг «Умид ниҳоллари» спорт мусобақаларига қандай тайёргарлик кўраётганини сўрадик. Қизиғи шундаки, мактаб ҳудудида стадион, борингки, спорт майдончаси ҳам йўқ. Ҳа, қачонлардир стадионга ажратилган ҳудудга айни пайтда аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан уй-жойлар қуриб олинган.
— Машғулотлар 1,5-2 километр узоқдаги стадионда ўтказилади, — дея изоҳ берди директор юзимиздаги савол аломатини пайқаб. — Ўзимизда бунинг учун деярли шароит йўқ. Спорт тўгараклари ташкил этиш масаласи ҳам очиқ қолмоқда.
Майли, спорт тўгарагини қўя турайлик. Мактаб биносида жойлашган тайёр гимнастика залида ўтказилмаётган машғулотлар узоқдаги стадионда қандай ташкил этиляпти? Демак, «Умид ниҳоллари» спорт ўйинларининг мактаб босқичи ҳам «оғзаки» ўтказилган. Буни зарур ҳужжатлар юритилмаганидан пайқаб олиш мумкин. Стадиони йўқ, спорт зали эса яроқсиз ва чанг босиб ётган спорт инвентарларига тўла мактабда бундай нуфузли спорт тадбирининг ўтказилганига ишониш қийин.
Мактаб ҳудудида юрган бир-икки нафар ўқувчилардан «Спорт тўгаракларига қатнашяпсизларми?» дея сўраймиз. Улар «Мактабимизда стадион йўқ бўлса, қандай қилиб тўгаракка қатнашишимиз мумкин?», дея саволимизга савол билан жавоб қайтарди. Болаларнинг ич-ичидан спорт билан шуғуллангиси, ўз маҳоратини ошириб, турли мусобақаларда қатнашгиси келаётгани билиниб турарди. Бироқ уларнинг хоҳиш-иродасини амалга ошириб, орзуларини рўёбга чиқариш учун на директор, на жисмоний тарбия ўқитувчиси, на туман халқ таълими бўлимидаги мутасаддилар ва на ҳомий ташкилотлар жон куйдиради.
Аксарият ўқувчилар қизиқадиган спорт тўгаракларининг аҳволи шу бўлса, бошқа фанларни гапирмаса ҳам бўлавераркан-да. Зеро, физика, кимё каби аниқ фанлар ўтиладиган синфхоналар эшиклари қулфлангани, на фойе, на йўлакда ҳеч кимни учратмаганимиздан тахминимиз тўғри чиққанини билдик. Болаларнинг бўш вақти беҳуда ўтаётганига ачиндик.
Қисқаси, бир қишлоқ атрофидаги икки мактабни кузатиб, икки хил манзарага гувоҳ бўлдик. Меҳнаткаш ва тиришқоқ педагоглар таълим масканидан қувониб чиққан бўлсак, мактабдек муқаддас даргоҳ масъулиятини ҳис этмаган, ўқувчилар ташвишини елкасига ололмайдиган айрим лоқайд ва боқиманда педагоглар боис оқсаётган маскандан дилимиз хира бўлиб кетдик...
Абдусаттор СОДИҚОВ,
«Ma’rifat» мухбири