Пухтa билим спортчининг майдондаги ютуғини кафолатлайди
Кармана туманидаги 10-мактабнинг тажрибали жисмоний тарбия ўқитувчиси Озоджон Маннонов дарс ва тўгаракларда ўқувчиларни амалий машғулотларга жалб этишдан олдин назарий билим ва кўникмаларини оширишга эътибор қаратади, изланишлардан эринмайди. Методбирлашма раҳбари сифатида ҳамкасбларини ҳам ўз вазифасига масъулият билан ёндашишга ундайди.
Ўқувчилик йиллари устози Фурқат Қурбонов раҳбарлигида шотакан каратэ-до билан шуғулланиб, қатор нуфузли мусобақаларда ютуқларга эришган, бугун мураббий бўлиб, ёшларга жисмоний тарбиядан сабоқ бераётган Озод Маннонов ўз касбининг билимдони.
— Жисмоний тарбия фанининг асосий мақсади ўғил-қизларнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етишига кўмаклашиш, — дейди О. Маннонов. — Ҳар бир амалий машғулотни назарий билимларга таянган ҳолда ўтиш керак. Шунинг учун дарсларимда турли қизиқарли усуллардан фойдаланишга ҳаракат қиламан. Жисмоний тарбия фанини замонавий педагогик технологиялар ёрдамида ўтиш учун интернет манбалари, видеороликлардан фойдаланиш мумкин.
Масалан, “Тақдимот” усулини мустаҳкамлаш дарсларида қўллаб тураман. Ўқувчи спорт турларининг ҳар бир элементини назарий жиҳатдан ўрганади, амалий жиҳатдан кўрсатиб беради. Иккинчи ўқувчи эса унга қўшимча қилиб, тўлдиради. Бу усулдан фойдаланилса, ўқувчиларда ҳозиржавоблик, ўзини кўрсатиш, ташаббускорлик каби хислатлар шаклланади.
“Имконият” усулида ўқувчилар мавзу доирасида тест саволлари тузишади ва ўзлари мустақил изланиб, янги, синфда ўрганилмаган маълумотларни тўплаб боради. Бунда ўқувчи синфда ўқитувчи вазифасини қисман бажариш имкониятини қўлга киритади ва машғулот давомида ўқитувчининг “ўнг қўли”га айланади. Ҳар бир спорт тури ўзига хос хусусиятларга эга. Масалан, бадминтон спортчидан эпчиллик, чаққонлик, эгилувчанлик ва зийракликни талаб этади, тана мушакларини чиниқтиради, бадминтон тўпини кузатиш асносида кўз мушаклари ҳам ҳаракатланиб, кўриш қобилияти яхшиланади, қолаверса, танани ортиқча вазндан халос этади.
Якунланган мусобақаларни синфда, тўгарак машғулотларида муҳокама этиш ҳам самарали усуллардан бири. Масалан, “Умид ниҳоллари” спорт фестивалининг мактаб босқичи ёки “Ёз—2017” спорт мусобақалари натижаларини ҳар бир ўқувчи ўзича таҳлил этиши ва ютуқ-камчиликлар сабабини изоҳлашини уйга вазифа қилиб бераман. Бажариш услуби эса ихтиёрий бўлади. Кимдир сўзлаб беради, кимдир бунда АКТ технологияларидан фойдаланади ёки спорт инвентарлари ёрдамида кўрсатиб беради.
Қисқаси, ўқувчиларда назарий билимлар борасида бўшлиқ пайдо бўлмаслиги зарур. Чунки спорт сирини тўғри ва тез ўзлаштириш учун пухта назарий билимга эга бўлиш керак. Айни пайтда руҳий тарбия ҳам шунинг ичига киради. Ахир педагог фақат бўлажак спорт-чиларни эмас, балки келажакда ҳаётнинг ўнқир-чўнқир йўлларини босиб ўтадиган шахсни тарбиялаётганини унутмаслиги керак.
Талабчан педагог Озод Маннонов методбирлашма раҳбари сифатида йиғилишларда ҳар бир ўқитувчининг дарси ва синфдан ташқари машғулотлари сифати, самарадорлигини таҳлил этиб, туман, вилоят миқёсида тажриба алмашиш масаласига аҳамият қаратади. Жумладан, у жорий йил тумандаги 19-мактабда ўтказилган вилоят миқёсидаги семинар-тренингда “Миллий кураш” мавзусида очиқ дарс ўтди.
— Педагоглик фаолиятим давомида кўплаб тажрибали ўқитувчилар билан танишдим, — дейди О.Маннонов. — Улар билан турли мусобақаларда, тадбирларда учрашиб турамиз. Айниқса, Ришат Сеттаров билан ижодий ҳамкорлигимиз маҳсули — бадминтонга қизиқиб қолдим ва унинг ўзидан ўргандим. Интилишим зое кетмади — 2015 йили Бухоро шаҳрида ўтказилган корхона ва ташкилотлар ходимлари ўртасидаги спартакиаданинг республика босқичида 2-ўринни, 2016 йили Жиззахда Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган республика спартакиадасида 1-ўринни қўлга киритдим. Яна бир қизиқ жиҳат шуки, ўқитувчи мусобақаларда иштирок этиш борасида ўқувчиларига ўрнак бўлиши керак.
Чиндан ҳам, устоз шогирдларини ўз ортидан эргаштириши учун ҳамиша ҳаракатда, изланишда бўлиши керак. Шунда у ўқувчиларидан бир поғона юқори туради. О.Маннонов буни жуда яхши ҳис этади. Шогирдлари Аслиддин Ҳамроев, Асрор Ибодуллаев, Фаёз Рус¬тамов вилоят миқёсида энг яхши бадминтончи сифатида танилаётгани унга янада куч-қувват, илҳом бағишлайди. Бу куч уни ҳар бир тўгарак машғулотини юракдан ўтишга, болаларга янада кўпроқ билим беришга ундайди.
Ойбуви ОЧИЛОВА,
«Ma’rifat» мухбири