Мўъжиза қачон рўй беради?
Шундай истеъдод эгалари борки, уларга етарлича шароит яратиб берилмаса ҳам, моддий ва маънавий тарафдан рағбатлантирилмаса-да, иқтидорини намоён этаверади. 17 ёшли Миразамат Обидов ҳам ана шундай тиришқоқ ёшлардан.
У пойтахтимиздаги 101-махсус мактабнинг 10-синф ўқувчиси. Отаси — ҳайдовчи, онаси — 8-сонли шаҳар шифохонасида фаррош бўлиб ишлайди. У ота-онасига моддий томондан кўмаклашиш мақсадида ёзги таътилда ҳар куни, ўқиш даврида якшанба кунлари Жомий мавзесидаги автотураргоҳлардан бирида ишлайди.
Бу ерда уловларнинг келди-кетдиси, хавфсизлигига масъул бўлган бу йигитнинг яқиндагина Таиландда бўлиб ўтган 18 ёшгача кар ва заиф эшитувчи ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби, боз устига, жамоа сардори эканини кўпчилик билмаса керак.
... Ўтган йили ноябрда бўлиб ўтган футзал бўйича 18 ёшгача бўлган кар ва заиф эшитувчи ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланишига оз вақт қолганига қарамай, яхлит жамоа шакл¬лантирилмаганди. Сабаби, жамоанинг на тайин¬ли тўпи ва на шуғулланишга футбол майдони бор эди.
Тўғри, мураббийлар Муроджон Аҳмедов ва Рустам Бердиев ташаббуси билан сал илгари жамоа тузилган ва у Словакияда ўтадиган турнирда иштирок этиши лозим эди. Аммо турнир харажатлари учун маблағ ажратилмагани, Ўзбекистон футбол ассоциацияси (олдинги Ўзбекистон футбол федерацияси) томонидан етарлича эътибор берилмагани боис сафар қолдирилганди. Бу сафар ҳам вазият шу тариқа якунланиши, пировардида болаларнинг ҳафсаласи пир бўлиши эҳтимоли юқори эди. Шукрки, делегациянинг барча сарф-харажатларини кўтарадиган ташкилот топилди — Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағ билан таъминлади.
Жамоанинг жаҳон чемпионати арафасидаги ҳолатини терма жамоа бош мураббийи ёрдамчиси, таржимон Рустам Бердиев шундай хотирлайди:
— Машғулот ўтказиш учун футбол майдони тополмагач, Чуқурсойда жойлашган кар ва заиф эшитувчилар мактабига қарашли залда шуғулландик. Яхлит жамоа йиғилмаган, болаларда ўйин амалиёти йўқ эди. Футбол майдони, тўп ҳамда жамоа учун либос сўраб, бир неча марта ЎФАга мурожаат қилдик. Бизга либос беришди, холос. Шунга қарамай, Миразамат Обидов, Хўжамурод Норхўжаев, Рустамбек Ғойибов, Жалолиддин Қаршиев, Фаррух Абдуллаев, Давронбек Шарафиддинов, Акобиржон Шокиржонов, Ҳабибулло Толипов, Мирзабек Икромов каби истеъдод эгаларини жамлаб, маш¬ғулотларга киришдик.
Тан олиш лозим, болалар турли вилоятлардан йиғилгани боис уларни бир жамоа атрофида бирлаштириш осон кечмади. Ҳатто ўзаро келишмовчилик ҳолатлари ҳам бўлди. Аммо кейинчалик болалар бир-бирини тушуниб, чиройли ўйин кўрсата бошлади.
Жаҳон чемпионатига старт берилди. Машаққатли меҳнат ўз самарасини илк ўйиндаёқ кўрсатди — барча шароитга эга, пухта тайёргарлик кўрган швецияликлар устидан 5:3 ҳисобида ғалаба қозонилди. Бу вакилларимизнинг руҳини тоғдек кўтарди. Кейинги турда Индонезия жамоаси 17:2, гуруҳдаги сўнгги баҳсда қувайтлик ўсмирлар 9:2 ҳисобида мағлуб этилди. Ярим финалда Россия жамоаси ҳам (3:2) тўхтатилди. Қизиғи, жамоамизга турнир аввалида дуч келган Швеция терма жамоаси финалда ҳам рўпара келди. Улар реванш олиш илинжида майдонга чиққани аниқ эди. Бироқ бу сафар ҳам енгилди — ҳисоб 4:2, Ўзбекистон терма жамоаси — жаҳон чемпиони!
Офарин, 2 ойга етар-етмас машғулотлар, ижарага олинган таъмирталаб майдон ва тинимсиз меҳнат юзага чиқди. Чиройли майдонларда йиллаб машғулот олиб борган рақиб жамоалар ўзбекистонлик футзалчилар бош совринни илиб кетишини тушида ҳам кўрмаган бўлса керак.
Чемпионатнинг икки индивидуал соврини — «Энг яхши тўпурар” ва «Энг яхши дарвозабон» номинациялари ҳам бизнинг футзалчиларга насиб қилди.
Спорт метин ирода, машаққатли меҳнат, чидам-бардош талаб этади. Агар у имконияти чекланган инсон бўлса, ушбу талаблар янада мураккаблашиши табиий. Ночор шароитда машқ қилиб, чемпионликка муносиб бўлган футзалчиларимиз, хусусан, Миразамат Обидовдан энг катта орзуси нималигини сўраганимизда, чиройли автомобиль миниш эканини мураббийи Рустам Бердиевга имо-ишора орқали айтди.
Аслида, ўзбек спортчиларига жаҳон чемпиони бўлиш одат бўлиб улгурди. Ахир, бир йилда ўнлаб, юзлаб атлетларимиз шундай унвонларни қўлга киритяпти. Аммо футзал бўйича, устига-устак, ногиронларнинг жаҳон чемпиони бўлиши алоҳида воқеа ҳисобланади. Уларга берилган эътибор ва моддий-маънавий рағбат жуда катта маъно-мазмун касб этади. Энг муҳими, инсонпарварлик ёрдами уларга бир олам сурур улашади, ҳаётга бўлган интилишини оширади.
Дилимизни равшан қилган яна бир нарса шу бўлди — улар мазкур натижа билан тўхтамоқчи эмас. Келгусида яхшироқ шароит яратилса, катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам чемпион бўлишни мақсад қилган.
Аммо кар ва заиф эшитувчилар жамоаси мураббийлари Муроджон Аҳмедов ҳамда Рустам Бердиевнинг таъкидлашича, Тошкентга қайтишгач, жамоа аъзоларининг аксарияти туғилган юртига, таълим олаётган муассасасига қайтиб кетди. Бу, етарли маблағ ва шароит яратилмаса, ҳар қандай чемпион жамоа ҳам пароканда бўлишига бир мисол, холос. Ваҳоланки, мураббийлар бир неча марта ЎФА ҳамда Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциациясига шу масала юзасидан мурожаат қилган, аммо ҳозирча улардан ижобий жавоб олинмади.
Дарвоқе, ёрдамчи мураббий Ҳаким Аҳмедов ҳам пойтахтимиздаги Жомий мавзесидаги автотураргоҳлардан бирида ишлайди. Бунинг сабабини суриштирганимизда, у маблағ ташвишида, тирикчилик учун шундай юмушлар билан андармон бўлаётганини айтди.
Шу тобда ўзимнинг болалик пайтларим эсимга тушди. Дадам мени ўзига хос рағбати билан яхши ўқишга ундарди. «5» олсам ёки бирор бадиий китоб ўқиб, мазмунини гапириб берсам, рағбатлантирарди. Қариндош-уруғ йиғилганда мақтарди. Бундан куч олиб, яна ҳаракатда давом этардим.
Назаримда, кўнгли ярим инсонлар — имконияти чекланган, кар ва заиф эшитувчи юртдошларимиз, айниқса, улар жаҳон чемпиони бўлишса, қўллаб-қувватлашимиз, далда бериб, янги марралар сари илҳомлантиришимиз зарур. Ахир, уларнинг шундай нуқсонларни енгиб яшаётганининг ўзи қаҳрамонлик-ку.
Қолаверса, халқимизга хос меҳр-оқибат, одамийлик, олижаноблик каби хислатлар тараннуми кенг дунёга айнан шундай чемпион ёшларга бўлган ғамхўрлик орқали кўрсатилса, нур устига нур бўларди.
Давронбек ОРИПОВ