Қишки олимпия ўйинлари
Қорли ва музли йўлаклар ҳамда майдонларда кечадиган бир-биридан қизғин ва муросасиз мусобақаларни соғинган спортсеварларнинг севимли фестивали — XXIII қишки олимпиада ўйинлари старт олди. Хабарингиз бор, бу сафар тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаларига Жанубий Кореянинг Пхенчхан шаҳри мезбонлик қилмоқда.
Кейинги йилларда йирик спорт тадбирларига мезбон шаҳарни аниқлаш бирмунча қийинчилик туғдирмоқда. Боиси, сайёрамизнинг кўплаб мамлакатларида спорт инфратузилмаси бемисл даражада ривожланган, қолаверса, спорт баҳона сайёҳлик ҳаракатини ривожлантириш, миллиардлаб инвестиция жалб қилиш мумкин. Бу эса шаҳарлар ўртасида жиддий рақобат юзага келишига олиб келмоқда. Жорий қишки олимпиада мезбонлиги учун ҳам қизғин кураш кечди. Сўнгги овоз бериш жараёнида Германиянинг Мюнхен ва Франциянинг Анси шаҳарларини ортда қолдирган Пхенчхан мезбонлик ҳуқуқини қўлга киритди. Жанубий Кореянинг жанубий сарҳадларида, денгиз сатҳидан 700 метр баландликда, тоғ ёнбағрида жойлашган Пхенчхан шаҳрида қишки спорт ўйинларини юксак даражада ўтказиш учун катта тайёргарлик кўрилди.
Келинг, шу ўринда бир қур тарихга назар ташлаймиз. Илк қишки олимпия ўйинлари 1924 йили ташкил этилган. Ўшандан бери мусобақалар ҳар тўрт йилда бир марта ўтказилади. Фақат икки маротаба ўтказилмаган, яъни 1940 ва 1944 йилларда Иккинчи жаҳон уруши туфайли бекор қилинган.
Қишки олимпия мусобақалари биринчи марта ўтказилганида атиги 14 та медаль жамланмаси ўйналган. Кейинчалик олимпия шон-шуҳрати, иштирокчилари ва спорт турлари сони ортиб, медаллар ҳам кўпайди. Пхенчханда атлетлар 102 та медаль жамланмаси учун курашади.
Қишки олимпия ўйинлари тарихида жуда кўплаб рекорд натижалар қайд этилган. Хусусан, россиялик Лидия Скобликова 1960 йили Скво-Вэллида кечган олимпия ўйинларида иккита, тўрт йилдан сўнг Инсбрукда бўлиб ўтган баҳсларда тўртта олтин медални қўлга киритиб, конькида югуриш бўйича 6 карра олимпия чемпиони бўлган ягона спортчи, деган шарафга эришди.
Мазкур мусобақанинг энг сермаҳсул иштирокчиси — норвегиялик биатлончи Уле-Эйнар Бьерндален эса 8 карра олимпия чемпиони ҳисобланади. Қолаверса, у 20 марта жаҳон чемпионати ва 6 бор жаҳон кубоги мусобақаларида олтин медални қўлга киритган. 2014 йили Сочидаги олимпия ўйинларида 40 яшар Уле-Эйнар туғма истеъдод эканини яна бир карра исботлаб, учта олтин медаль олди.
Жанубий кореялик Ким Юн Ми эса конькида югуриш бўйича мусобақа тарихидаги «энг ёш чемпион» мақомини сақлаб турибди. У 1994 йили Лиллехаммерда бўлиб ўтган олимпия ўйинларида аёллар ўртасида 3000 метрга конькида югуриш бўйича эстафета баҳсларида жамоавий ғалабани қўлга киритган. Ўшанда у бор-йўғи 13 ёшда эди.
Ниҳоят, шу йилнинг 9—25 февраль кунлари бўлиб ўтадиган қишки олимпиада мусобақаларига ҳам навбат етиб келди. Маълумотларга кўра, мазкур фестивалда дунёнинг 92 мамлакатидан 2500 га яқин спортчи иштирок этиши кутилмоқда. Улар спортнинг етти: чанғи, коньки, бобслей, чана, биатлон, кёрлинг ва хоккей турларини қамраб олган жами 15 йўналиш бўйича ғолиблик учун баҳслашади.
Дарвоқе, Халқаро олимпия қўмитаси томонидан 2018 йилги қишки олимпиада дастурига 6 та янги йўналиш киритилди. Улар орасида энг қизғин ўтиши кутилаётганлари биг-эйр (сноуборд), масс-старт (конькида югуриш), кёрлинг ва тоғ чанғиси бўйича жамоавий баҳслар — дабл-микс йўналишидир. Сноубордда параллель слалом баҳслари эса бу галги қишки ўйинлар дастуридан чиқарилди. Шунга қарамай, «Сочи — 2014» билан таққослаганда, йўналишлар тўрттага кўпайди.
Олимпиада мусобақаларини ўтказиш учун Пхенчхандаги икки йирик тоғли ҳудуд — Кёнпходэ ҳамда Альпензия танланди. Очилиш маросими эса Хвэнге боғида бўлиб ўтади.
Олимпия машъаласи эстафетаси 2017 йилнинг 24 октябрида Грециядан йўлга чиққан. Илк машъалачи грециялик чанғичи Апостолос Ангелис бўлди. Ундан «Манчестер Юнайтед» футбол клуби собиқ ўйинчиси ва Жанубий Корея терма жамоаси аъзоси Пак Чжи Сун қабул қилиб олди. Шу тариқа қўлдан қўлга ўтиб, 2017 йилнинг 1 ноябрида Жанубий Кореяга етиб келган машъала мамлакатнинг 17 шаҳар ва вилоятини «айланиб» чиқиши кўзда тутилган.
* * *
Энди, бу йилги олимпиада ўйинлари рамзи ва тимсоллари хусусида тўхталсак. Медаль дизайнига корейс анъана ва маданияти сингдирилган. Буни олимпиада манзили ва йили «Хангиль» деб аталувчи қадим корейс алифбосида ёзилганидан ҳам билиш мумкин. Думалоқ шаклдаги ҳар бир медалнинг юқори қисмида цилиндр диагонал чизиқлар бор, улар олимпия ўйинлари тарихи ва иштирокчиларнинг ғалабага интилишини акс эттиради. Унинг олд томонига олимпия чизиқлари тортилиб, ҳалқалар туширилган. Медаль тасмаси эса кўк рангли корейс шойисидан тайёрланган. Ҳар бир медаль ёғоч ғилофда сақланади ва соҳибига ҳам шу зайл тақдим этилади. Олтин медаль таркибида 586 грамм тилла мавжуд. Медаль дизайнери Ли Сук Ву.
Мусобақа тимсоли икки унсурдан иборат: биринчиси — Чон-Жи-Иннинг хангиль алифбосида ёзилган уч элементи, яъни осмон, ер ва инсон. Иккинчи унсури — муз ва қор, спортчиларнинг юлдузли чиқишлари. Тимсолда корейсларнинг анъанавий 5 ранги — қора, кўк, яшил, сариқ ва қизил, шунингдек, олимпия байроғи ранги — оқ туслардан фойдаланилган.
Халқаро олимпия қўмитаси «Пхенчхан—2018» туморини ҳам тасдиқлади. Унга кўра, қувноқ оқ йўлбарс «рамз»га айланди. Оқ йўлбарс корейс мифологияси ва маданиятида ишонч, куч ва мудофаа рамзи саналади. Унинг оқ ранги қишки ўйинларнинг асосий белгиси — қор ва музга ҳам ишорадир.
Олимпиада шиори сифатида эса инглизча: «Passion. Connected» сўзлари танланди. Бу ўзбек тилида «Иштиёқ уйғунлиги» маъносини англатади. Бу билан ташкилотчилар Пхенчхандаги ўйинлар ҳақиқий спорт байрами ва меҳмондўстликда янги давр бошланишига ишора қилмоқда. «Connected» сўзи замонавий корейс технологиясини билдириб, у анъана ва замонавийлик ўртасида кўприк вазифасини бажаради.
Нуфузли спорт фестивалида Ўзбекистон номи ҳам янгради. Спортчиларимиз олимпия йўлакчасидан байроғимизни баланд кўтариб ўтишди. Хусусан, бу йилги қишки олимпия ўйинларида юртимиз шарафини икки нафар спортчимиз — фигурали учиш бўйича Миша Ге ва тоғ чанғиси бўйича Комилжон Тўхтаев ҳимоя қилади.
Мусобақага биринчи бўлиб Миша Ге киришади. У 16 февраль куни «Gangneung Ice Аrena» муз саройида фигурали учишнинг қисқа дастури, 17 февралда эса эркин дастурида чиқиш қилади. Комилжон Тўхтаев 18 февралда гигант слалом баҳсида иштирок этади, 22 февралда слалом мусобақасида қатнашади. Тоғ чанғиси бўйича баҳслар «Yongpyong Alpine Centre» мажмуасида ўтказилади.
Мустақил Ўзбекистон спортчиларининг қишки олимпиададаги илк иштироки 1992 йили Франциянинг Албервилл шаҳрида кечган баҳслардан бошланган. Ўшанда минтақамиздан фақат Қозоғистон ва Ўзбекистон спортчилари умумий жамоа таркибига киритилган бўлиб, том маънодаги иштирокимиз 1994 йили Лиллехаммер шаҳрида бўлиб ўтган қишки олимпиадага тўғри келади. Мазкур қишки ўйинларда Ўзбекистондан 7 нафар атлет қатнашган ва тарихий натижа қайд этилган — фристайлдаги афсонавий сальтоси учун Лина Черязова олтин медалга сазовор бўлган.
1998 йили Нагано (Япония) шаҳрида ўтказилган қишки олимпиадада 4, 2002 йили Солт Лейк Сити (АҚШ) шаҳридаги баҳсларда 6, 2006 йили Турин (Италия) шаҳридаги мусобақаларда 4, 2010 йили Ванкувер (Канада) шаҳридаги фестивалда 3, 2014 йили Сочи (Россия) шаҳрида ўтган олимпиадада ҳам 3 нафар спортчимиз қатнашди. Бироқ, афсуски, ҳеч бири кучли учликка кириш у ёқда турсин, ҳатто эсда қоларли натижа ҳам қайд этолмади. Умид қиламизки, навбатдаги мусобақада ана шу нохуш анъанага барҳам берилади ва Лина Черязова бошлаган ғолиблик эстафетаси давом эттирилади.
И.ТОШМАТОВА, З.ХОЛОВ тайёрлади.