Қишки спорт турлари нега ривожланмаяпти?
Замонавий спортда юқори натижаларга эришган, юксак марраларни эгаллаган спортчилар эътироф этилади. Ўртамиёна ўйинлар ёки натижаларга ўрин йўқ. Акс ҳолда, жаҳон чемпионатларию олимпия ўйинларининг нуфузи тушиб кетган бўларди. Шу маънода, юртимизда ҳам энг юқори натижалар учун курашадиган чемпионларнинг янги авлодини тарбиялашга ва уларни қўллаб-қувватлашга улкан эътибор қаратилиб, бунинг учун қулай шароитлар яратиб берилмоқда.
Кейинги йилларда ўғил-қизларимиз халқаро майдонларда қўлга киритаётган юксак натижалар айнан мана шу ғамхўрлик самарасидир. Шунингдек, ёш авлод вакилларининг ҳар томонлама соғлом ва баркамол улғаяётгани, давлатимиз учун етук кадр бўлиб етишаётганининг ўзи ҳам улкан муваффақият.
Табиийки, ўзбек спортчилари бундан ҳам яхши натижаларни қўлга киритишга муносиб. Аммо бир савол борки, у жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар борлигини англатади. Хусусан, нима учундир юртимизда ўтган йиллар давомида қишки спорт турларини ривожлантиришга деярли эътибор қаратилмади, бу йўналиш гўё сувга чўккан тошдек узоқ вақт бир жойдан силжимай қолмоқда.
Ваҳоланки, ёшларимиз орасида қишки спорт турларига қизиқадиганлар кам эмас. Айниқса, чанғи учиш, конькида югуриш, хоккей, муз устида фигурали учиш бўйича йирик мусобақаларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишга ўзбекистонлик ёшларнинг ҳам куч ва салоҳияти етади. Бироқ бунинг учун ҳатто Тошкент шаҳрида ҳам ҳозирча рисоладагидек шароит йўқ.
Бунинг сабабини соҳа мутасаддиларидан сўрасангиз, юртимизда қишки спорт турлари бўйича мутахассислар, шуғулланиб келаётган спортчилар борлигини айтишади. Улар шунчаки машғулот олиб бориш учун база ёки оддийгина муз майдони йўқлиги боис профессионал даражада шуғулланмаяпти.
— Иш бошлаган пайтимиз Ўзбекистонда қишки спорт турларини ривожлантиришга, унинг келажагига шубҳа билан қараганлар кўп бўлди, — дейди Қишки спорт турлари ассоциацияси раиси Ҳаким Тўлаганов. — Чунки бизда, ҳақиқатан, қишки спорт турларини оммалаштириш учун махсус база, муз майдонлари деярли йўқ. Тўғри, сўнгги йилларда кўнгилочар савдо марказларида ҳаваскорлар учун фигурали учиш ёки хоккейга мўлжалланган муз майдончалари очилган.
Ёдимда бор, 1971 йили Тошкентда 400 нафар спортчи шуғулланишига мўлжалланган катта муз саройи қурилганди. Ана шу масканда машқ қилиб, қисқа фурсатда ном қозонган, чемпион бўлганлар талайгина. Ҳатто ўша кезлари айнан Ўзбекистондан собиқ иттифоқ терма жамоасига ўғил-қизлар жалб этиларди.
Ҳозир мазкур муз майдони бўш турибди. Фойдаланиш учун сўраб мутасаддиларга бир неча бор мурожаат қилдик. Лекин натижа бўлмади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, майдонда 400 нафар бола қишки спорт турлари билан шуғулланса, ҳар йили уларнинг 40 нафари халқаро мусобақаларда қатнашиб, совриндор бўлса, 4 йилдан сўнг нуфузли мусобақаларга йўлланма олган спортчиларимиз сони кескин ошиб, ҳатто совринли ўринлар учун курашга қўшилмайдими?
Дарвоқе, Жанубий Кореянинг Пхенчхан шаҳрида старт олган навбатдаги қишки олимпиадада юртимиз шарафини атиги икки нафар спортчимиз — Миша Ге ва Комилжон Тўхтаев ҳимоя қилаётганидан хабарингиз бор. Бир томондан, айни шароитда бундай йирик мусобақага икки спортчимизнинг йўлланма олгани ҳатто яхши натижа, дея эътироф этилмоқда. Қолаверса, мамлакатимиз мустақил бўлганидан буён қишки олимпиаданинг бирортасини ҳам ўтказиб юбормадик. Битта олтин медалга ҳам эришдик. Айрим қўшни давлатлар орасида олимпиадага бирор марта ҳам йўлланма олмаганлар бор. Бироқ бу ўзимизни оқлаш учун баҳона бўлолмайди.
Қишки спортга панжа орасидан қаралгани боис бир пайтлар халқаро мусобақаларда юксак совринларни қўлга киритиб, Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган спортчилар айни кез қаерда, нималар билан банд, деган савол на мутасаддиларни, на спорт шарҳловчиларини қизиқтиради. Улар ҳар қаёққа тарқаб кетди. Ахир, балиқ ҳам сув бор жойда яшайди. Улар учун муз майдони — фаолият манбаи.
Масалан, 1994 йили Лиллехаммерда бўлиб ўтган қишки олимпиадада олтин медалга сазовор бўлган Лина Черязовани олайлик. Бу спортчимиз чемпион бўлгач, юртимизга дунёнинг турли бурчакларидан табриклар, ташаккурномалар келган. Ҳатто Биринчи Президентимиз Ислом Каримов унинг ютуғини алоҳида эътироф этиб, «Президент бўлганимда ҳам мени бунчалик табриклашмаган», деганди. Бироқ Лина Черязова жароҳат олгач, эътибордан қолди...
— Тоғ чанғиси бўйича ҳам аҳвол шу, махсус майдонлар йўқ, — дея давом этди Ҳаким Тўлаганов. — Спортчиларимиз Чимён, Билдирсой тоғ тизмаларидаги ёки қўшни давлатлар ҳудудидаги махсус жойларни ижарага олиб, ўша ерларда баҳоли қудрат машқ қилади. Ваҳоланки, ўзимизда «Пахтакор» деган муз қиялиги бор. Шу жойни шуғулланишимиз учун беринглар, деб кўп марта ёлвордик. Яна ижобий жавоб йўқ. Ачинарлиси, у ер кўнгилочар масканга айлантирилган, ён-вери чиқиндиларга тўлиб-тошган. Ҳамма бу ердан ўз билганича фойдаланмоқда, на тартиб, на интизом бор. Бу ерда спортчиларимиз машғулот ўтказса, нур устига нур бўларди. Бизда мусобақа ўтказиш учун шароитлар етарли — старт, электрон финиш тахталари, ҳатто қорни текислайдиган машинамиз ҳам бор. Аммо жойимиз, майдонимиз бўлмаса, булар кимга керак?
Бу муаммо ва камчиликлар ўз йўлига. Яқин-яқингача Ўзбекистонда қишки спортнинг ривожланишига кўпчилик ишонмасди. Шунга қарамай, биз ҳаракат қилишдан, интилишдан, халқаро мусобақаларда иштирок этишдан тўхтамадик. Озми-кўпми мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритиб келяпмиз.
Қувонадиган жиҳати шуки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан эндиликда қишки спортни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фақат пойтахтда эмас, балки республикамизнинг барча ҳудудларида қишки спорт мажмуаларини қуриш режалаштирилмоқда. Жумладан, ҳадемай Тошкент шаҳрининг Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари кесишувидаги 9 гектарлик ҳудудда кўп тармоқли «Ҳумо» муз саройи қад ростлайди. Шунингдек, Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро ва Андижон вилоятларида ҳам бир-биридан кўркам муз майдонлари барпо этилмоқда.
— Ассоциациямиз қишки спортни янада ривожлантиришга оид концепция ишлаб чиқди, — дейди Ҳаким Тўлаганов. — Ундан бир қатор қишки спорт турлари, хусусан, хоккей, фигурали учиш, шорт-трек, кёрлинг ҳамда чанғи спорти бўйича федерациялар ташкил этиш, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида «Қишки спорт турлари» кафедрасини очиш, жойларда қишки спорт мактаблари ва клубларини ташкил этиш каби режалар ўрин олган. Қисқа вақт ичида ана шу мақсадларимизни рўёбга чиқаришга, қишки спорт турлари бўйича ҳам Ўзбекистондан олимпия ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқишига астойдил ҳаракат қиламиз.
Ирода ТОШМАТОВА,
«Ma’rifat» мухбири