Ўзбек спортининг маънавий раҳнамоси
Ўша пайтлар тараққий этган мамлакатлар спорт, маданият, журналистика, саноат, дипломатия каби соҳалар бўйича биздан сезиларли даражада олдинга ўтиб кетганди. Улар юксак технологияларни қўя туринг, Пеле, Гарринча, Муҳаммад Али, Марадона, Ди Стефано, Пит Сампрас каби ўнлаб донгдор спортчилари билан ҳам оламга довруғ соларди. Ўша пайтларда халқимизнинг эрталабки бадантарбияга ҳам вақти йўқ эди. Аксинча, меҳнат ҳам кун кечириш манбаси, ҳам спорт, ҳам бадантарбия эди.
Ўша пайтлар тараққий этган мамлакатлар спорт, маданият, журналистика, саноат, дипломатия каби соҳалар бўйича биздан сезиларли даражада олдинга ўтиб кетганди. Улар юксак технологияларни қўя туринг, Пеле, Гарринча, Муҳаммад Али, Марадона, Ди Стефано, Пит Сампрас каби ўнлаб донгдор спортчилари билан ҳам оламга довруғ соларди. Ўша пайтларда халқимизнинг эрталабки бадантарбияга ҳам вақти йўқ эди. Аксинча, меҳнат ҳам кун кечириш манбаси, ҳам спорт, ҳам бадантарбия эди.
Юртимизда чоп этилган газеталарда ҳам спорт ҳақида жуда кам ёзилгани етмаганидек, асосан, вилоят, туман, қишлоқ миқёсидаги биринчиликлар, турли соҳа ходимлари ўртасидаги мусобақалар, деярли бир хил мазмундаги майда тадбирлар қаламга олинган. Ачинарлиси, аксарият мусобақалар бугун умумтаълим мактабларида бошланғич синф ўқувчиларига ўргатиладиган югуриш, сакраш, футбол, волейбол, қўл тўпи, шашка каби элементар спорт турлари бўйича бўларди. Ҳозиргидек спортнинг энг замонавий турлари, улар бўйича ўтказилган халқаро мусобақалар, қитъа ва жаҳон чемпионатлари, олимпиадалар, уларда юртдошларимиз қатнашиб, бирор ютуққа эришгани ҳақида ҳеч нарса тополмасдингиз.
Инчунин, у вақтларда ҳам юртимизда етук спортчилар, иқтидорли атлетлар, полвонлар, боксчию футболчилар бор эди. Уларнинг аксарияти шаҳарларда яшаб, шуғулланар, қишлоқлардан эса нари борса, тўй ва сайил¬ларда олишадиган курашчию камсонли чавандозлар чиқарди.
Мустақил мамлакатимизни ёруғ истиқбол сари бошлаган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов дастлабки йилларданоқ жисмоний тарбия ва спортга жиддий эътибор қаратди.
Ўша даврда, аввало, мустақилликни мустаҳкамлаш лозим эди. Бунинг учун армия, саноат ва бошқа соҳалардан, ҳатто демократик тамойилларни жорий этишдан ҳам олдин маърифатпарвар боболаримиз орзу қилганидек, маънан ва жисмонан баркамол авлодни тарбиялаш зарур эди.
Биринчи навбатда, миллат генофондини яхшилаш билан боғлиқ улкан миқёсдаги ишларга қўл урилди. Она ва бола муҳофазаси, қишлоқ врачлик пунктлари, скрининг марказлари барпо этилиб, оилалар мустаҳкамлигига, меҳнаткашлар учун муносиб шароитлар яратиб беришга эътибор қаратилди. Таълим жараёни ва одамлар тафаккурини ўстириш масалалари ҳам эътибордан четда қолмади.
Буларнинг барчасини бирлаштириб турувчи мустаҳкам асос нима эди? Спорт ва жисмоний тарбия! Спорт танамизни тоблайди, чиниқтиради, руҳимизни тетик қилади. Кайфияти чоғ одамларнинг фикри соғлом бўлади. Фикри соғ одамлар ўз турмушини, ўз юртини ҳар томонлама фаровон этиш, замонавийлаштириш хусусида ўйлайди.
Зеро, Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек: “Спорт — соғлом авлод, соғлом келажак деганидир. Бинобарин, фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади”.
Шу тариқа спорт тарғиботи бўйича кенг кўламли ишлар бошланди. Бу ислоҳотлар минглаб ёшларимизни бирлаштирди, қалбида чемпионлик орзусини, Ватан шарафини халқаро майдонларда ҳимоя қилиш иштиёқини алангалатди. Асосан, таълим муассасаларига ўқитувчи етказиб бериш билан чекланган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтидан тортиб, олимпия захиралари коллежларию болалар ва ўсмирлар спорт мактабларигача тубдан такомиллаштирилди, том маънода қайтадан барпо этилди.
Биринчи Президентимиз соғлом авлодни вояга етказишда жисмоний тарбия ва спортнинг ролини ошириш, бу борада мавжуд моддий-техник база ва кадрлар салоҳиятини жаҳон стандартлари асосида янада мустаҳкамлаш, энг муҳими, спортга меҳр ҳар бир бола, ҳар қайси оила ҳаётига чуқур кириб боришига эришиш энг муҳим, доимий вазифамиз эканини таъкидлашдан чарчамади. Дунёнинг илғор тажрибаларини ҳар томонлама ўрганиш асосида мамлакатимизда спорт ҳаракати фаоллаштирилди.
Ислом Каримов 1992 йилдаёқ «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонунга имзо чекди. Кейинчалик ушбу ҳужжат (2000, 2015 йилларда) замон талаблари асосида янги таҳрирда кучга киритилди. Шунингдек, Биринчи Президентимиз номи билан боғлиқ яна бир воқелик — 2002 йили Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси таъсис этилди. Ушбу жам¬ғарма томонидан халқимиз истакларининг амалий ифодаси ўлароқ, спорт билан эмин-эркин шуғулланиш учун моддий-техник база яратиш, миллий ва халқаро спорт турларини ривожлантириш, иқтидорли спортчиларимизнинг жаҳон майдонларида эришаётган ютуқлари салмоғини ошириш ва муносиб рағбатлантириш, қолаверса, мамлакатимизнинг ҳар бир қишлоқ ва овулида ҳам шаҳардагидан қолишмайдиган замонавий спорт иншоотлари бунёд этиш ишлари кенг миқёсда олиб борилди.
Жойларда қад ростлаган бир-биридан кўркам спорт иншоотларига ўғил-қизлар ҳавас ва иштиёқ билан кела бошлади. Натижада янги аср остонасида жорий этилган, таълимнинг барча бўғинини қамраб олган «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада спорт фестивалларидан иборат уч бос¬қичли спорт мусобақалари тизими йўлга қўйилди. «Кичик олимпиада» дея ном олган бу ҳаракатнинг туб моҳияти ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, истеъдодлиларни саралаб, уларнинг дунё миқёсидаги турли нуфузли спорт анжуманларида иштирокини таъминлашга қаратилди. Қисқа давр ичида юртдошларимиз орасидан энг омма¬вий спорт турлари бўйича қатор олимпиада, жаҳон ва қитъа чемпионлари етишиб чиқиб, мус¬тақил Ўзбекистоннинг салоҳиятини, куч-қудратини бутун оламга намоён этди.
Хусусан, Муҳам¬мад¬қодир Абдуллаев, Рустам Қосимжонов, Абдулла Тангриев, Аббос Атоев, Ришод Собиров, Руслан Нуриддинов, Ҳасанбой Дўстматов, Шаҳрам ўиёсов, Фазлиддин Ғойибназаров, Нодирбек Абдусатторов каби чемпионларни бугун бутун дунё танийди. Уларга ҳавас қилиб, ортидан эргашаётган минглаб ёшлар Ватан номини халқаро майдонларда шарафлаш, муаззам байроғимизни баланд кўтаришга азму шижоат қилмоқда. Уларнинг қалбида Ислом Каримовнинг: «Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч кимдан кам бўлмаймиз ҳам», деган даъвати янграб туради.
Бугун спорт — сиёсат, спорт — туризм, спорт — бизнес. Айни даврга келиб нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилиш учун кураш жиддий тус олмоқда. Ўзбекистон ҳам теннис бўйича «Челленжер» ва «Мастерс» туркумидаги мусобақаларга, бадиий гимнастика, шахмат, дзюдо ва бошқа спорт турлари бўйича ўтган нуфузли турнирларга мезбонлик қилди.
Умуман, мезбонликнинг афзалликлари бисёр. Масалан, олимпия тизимида ўтказиладиган спорт тадбирларининг сайёҳлик ҳаракати, тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий номдор спортчилар ва муҳташам спорт иншоотларини кўз-кўз қилишдан ҳам олдин мусобақалар дастурига миллий спорт турини киритиш имкони бор. Ислом Каримов шу сабаб уч минг йиллик тарихга эга миллий курашимизни жаҳон миқёсига олиб чиқишга жиддий эътибор қаратди. Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) тузилди, жойларда кураш бўйича турли хотира турнирлари, қитъа ва жаҳон чемпионатлари ўтказилди. Қувончлиси шуки, бу йил 5—20 декабрь кунлари Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказиладиган Осиё ўйинлари рўйхатида ўзбек кураши ҳам бор. Қисқаси, Ислом Каримов таъкидлаганидек: «Ҳеч бир нарса мамлакатни спортчалик тез дунёга танита олмайди».
Ислом Каримов таълим ва тарбияни ўзаро уйғун тарзда олиб бориш лозимлигини уқтираркан, фақат ёшларга эътибор бергани йўқ, албатта. Балки уларнинг муваффақиятига ҳиссаси қўшилган инсонлар — ўқитувчи ва мураббийларни ҳам рағбатлантириш, уларнинг маънавий ва моддий имкониятларини яхшилашни муҳим деб билди. Айниқса, хотин-қизларни спортга фаол жалб этишга алоҳида урғу берилди. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 2006-2007 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида аёл мураббийлар тайёрлаш йўлга қўйилди, қишлоқ жойларда ишлайдиган аёл мураббийларнинг маошига устама ҳақ тўлаш жорий этилди. Шунингдек, қизларни спортга қизиқтириш учун ҳар йили «Президент совғаси» сифатида спорт кийимлари улашиш анъанага айлантирилди. Яна қанчадан-қанча юксак давлат мукофотлари, фахрий орден ва медаллар билан спортчиларимиз қатори, тажрибали устоз-мураббийлар ҳам тақдирланди.
Шу ўринда юртимизда спорт билан шуғулланиш учун етарли шарт-шароит яратиш, замонавий спорт иншоотлари барпо этиш ва ушбу мажмуаларни зарур ускуна ва анжомлар билан жиҳозлашга қаратилган эътибор туфайли болалар спорти учун зарур бўлган инвентарларнинг 113 тури ўзимизда ишлаб чиқарилаётганини фахр билан таъкидлаб ўтиш жоиз.
Биринчи Президентимиз мазкур ишларни шу халқ, шу Ватанни — жонажон Ўзбекистонни жонидан ортиқ севгани учун, унинг ҳар қарич ерини муқаддас билгани, келажакни ўйлагани учун амалга оширди. Натижада мамлакатимиз спорт диёрига, демакки, тинчлик ва дўстлик юртига айланди.
Зоҳиджон ХОЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири