Тасаввуримиздаги спорт мактаби қачон қурилади?
Ёш авлод вакилларининг соғлом ва баркамол улғайиши, жамият ва давлатимизга нафи тегадиган етук кадрларга айланишида жисмоний тарбия ва спортнинг ўрни беқиёс. Шу маънода, мамлакатимизда болалар ва ўсмирларнинг спорт билан шуғулланиши учун кенг имконият, шарт-шароит яратишга, уларнинг бўш вақти мазмунли ва мароқли ўтишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Чиндан ҳам, бугун республикамизнинг ҳар бир вилоят, туман, ҳатто қишлоқларида ҳам замонавий спорт иншоотлари қад ростлаб, уларда спортнинг энг оммавий турлари билан эмин-эркин шуғулланишга замин яратилди. Бу масканда тарбияланаётган болалар орасидан республика ва халқаро мусобақалар ғолиблари етишиб чиқаётгани, Ўзбекистонимиз шарафини жаҳон майдонларида ҳимоя қилаётгани, айниқса, қувонарлидир.
Мана шундай ўйда Қибрай туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабига йўл олдик. Тошкент шаҳрининг ёнгинасидаги ҳудудда муҳташам спорт иншооти қад ростлаган бўлса керак, деб ўйладик. Ахир, пойтахтдаги иншоотларни кўрган кишининг оғзи очилади. Қибрайликлар ҳам пойтахтдан қолишмасликка ҳаракат қилганига шубҳа қилмадик.
Туман ҳокимлиги биносидан бироз ўтганимизда, бизни спорт мактаби директори Фарҳод Бобокалонов кутиб олиб, мактаб сари бошлади. Қизиғи, директор бизни кутганимиз — муҳташам иншоотга эмас, ғариб иморатга чорлади.
Очиғи, спорт мактабининг бирорта спорт зали бўлмаганидек, на стадиони, на спорт майдончаси бор экан. Асосий бинода стол-стуллар билан тўла зал (унинг бир чети эски жиҳозлар учун омбор қилинган) ва ходимлар хонаси мавжуд. Сўраб-суриштирсак, ушбу — Қибрай шаҳарчасининг Алишер Навоий кўчасида жойлашган 5-уй, аслида, «Оталар чойхонаси» бўлиб чиқди. Айни кез бу бинодаги залда фақат шахмат тўгараги ташкил этилган бўлиб, болалар «ақл гимнастикаси» бўйича машғулот олиб боришаркан. Қолган спорт турлари бўйича тўгарак ташкил этишнинг имкони йўқ. Энсизгина ҳовлисига ёзда бир ариқ райҳон экиб қўйиш мумкин...
Ҳайратланаётганимизни пайқади чоғи, мактаб директори камчиликларни ўзи санаб ўтди:
— Афсуски, спорт мактаби ўз маъмурий ва спорт базасига эга эмас. Шунинг учун мураббийларимиз спорт машғулотларини туманимиздаги умумтаълим мактаблари спорт базалари, хусусан, 1-, 2-, 3-, 4-, 8-, 9-, 10-, 13-, 14-, 15-, 16-, 22-, 24-, 26-, 27-мактаблардаги спорт заллари ва майдонларида, шунингдек, Қибрай тумани марказий стадиони ва “Пахтакор” футбол клубининг тумандаги базасида олиб боришга мажбур бўлмоқда. Мазкур масканларнинг ҳар бири билан алоҳида шартнома тузганмиз. Ҳарқалай, мураббийларимиз ўша жойларга бориб, болаларга спорт сирларини ўргатмоқда. Мусобақалар ўтказмоқчи бўлсак ҳам, бирор мактаб спорт зали ёки стадионини илтимос қилиб, вақтинча фойдаланишга оламиз.
Директорнинг айтишича, спорт мактабидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, универсал тип асосида спорт мажмуаси қуриш фурсати аллақачон етиб келгани ҳақида тегишли ташкилотларга бир неча маротаба мурожаат қилиниб, таклифлар юборилган. Бироқ ана шу «илтижо»лар ҳамон эътиборсиз қолдирилмоқда. Натижада ўнлаб болалар туманнинг у ёғидан-бу ёғига қатнайвериб, чарчамоқда, мураббийлар ҳам сарсонгарчиликдан қийналмоқда.
Тўғри, ўтган йилги мурожаатдан сўнг Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси спорт мактабининг янги биноси қурилиши учун маблағ ажратгани ва у 2018 йил режасига киритилгани айтилган. Аммо ҳали бунинг учун бир дона ғишт ҳам келтирилгани йўқ.
Ваҳоланки, спорт мактабида олий маълумотли 22 нафар, 11 нафар ўрта махсус маълумотли мураббий ишлайди. Муассасада баскетбол, волейбол, қўл тўпи, шахмат, акробатика, бадиий гимнастика, бокс, эркин кураш, миллий кураш, дзюдо, футбол, каратэ тўгараклари ташкил этилган бўлиб, уларга 1074 нафар ўқувчи (238 нафари қиз) қамраб олинган.
Шароит шундай бўлса-да, ўқувчиларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга иштиёқи баланд. Буни улар эришаётган ютуқлардан ҳам сезиш мумкин. Масалан, спорт мактаби шуғулланувчиларидан 20 нафари 2017 йили Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган Тошкент вилояти очиқ турнирида қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритди. Хусусан, бокс бўйича Б.Тўлқинов 1-, С.Озодов ва Ж.Маматаев 2-, Т.Текибаев ва Ш.Ўринбоев 3-ўринни эгаллади. 8-9 апрель кунлари Тошкент молия инс¬титути спорт мажмуасида 1997—2008 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида каратэ бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 37 нафар ёш спортчи иштирок этиб, 11 нафари (4 олтин, 1 кумуш ва 6 бронза медаль) ғолиб ва совриндор бўлди.
2017 йили Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилган каратэ бўйича VII “Astana Open” халқаро турнирида ушбу мактабдан 8 нафар йигит-қиз иштирок этиб, 1 кумуш ва 4 бронза медални қўлга киритди.
Қолаверса, мактабнинг қизлар спортини ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатлари ҳам эътиборга лойиқ. Жумладан, 2017 йил 2 декабрда 2001—2011 йилларда туғилган қизлар ўртасида Юнусобод туманидаги 260-мактаб спорт мажмуасида ўтказилган бадиий гимнастика мусобақасида 17 нафар қибрайлик қиз ўз маҳоратини намойиш этиб, совриндорлар қаторидан жой олди. Шу йили Қибрай туманидаги 1-мактабда кечган “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаларининг бадиий гимнастика баҳсларида ҳам спорт мактаби тарбияланувчиларидан 6 нафари фахр¬ли ўринларни эгаллади. Ўтган йилнинг 14—20 августида Токио шаҳрида (Япония) каратэ бўйича ўсмирлар ўртасида ташкил этилган XIII жаҳон чемпионатида Қибрай тумани БЎСМ тарбияланувчиси Д.Маҳмудова кумуш медални қўлга киритди. Шунингдек, спорт мактабининг чемпион қизлари орасида бокс бўйича 3 карра Ўзбекистон чемпиони, минтақалараро ўтказиладиган Осиё чемпионати финалчиси Шаҳноза Низомова ҳам бор. Ҳозир у ҳам спортчи, ҳам мураббий сифатида шуғулланмоқда, ёшларга спорт сирларини ўргатяпти.
Хулоса қилиб айтганда, туман аҳолиси нисбатан зич жойлашгани, спорт сирларини ўрганиш истаги билан тўгарак машғулотларига келаётган ўқувчиларнинг сафи тобора кенгайиб бораётганини ҳисобга олганда ҳам Қибрай туманига бундай ғариб спорт мактаби ярашмайди. Умид қиламизки, тез орада барча қулайликларга эга, замонавий кўринишдаги спорт иншоотлари барпо этилиб, мактабнинг бағри тўлади, болаларни бир жойга жамлаш имкони пайдо бўлади. Бу эса ютуқлар сони ва сифати ошишига хизмат қилади.
Шоҳсанам АҲМУДОВА,
«Ma’rifat» мухбири