Таътилни спорт билан ўтказинг
Мактаб ўқувчиларининг қишки таътили ҳам тобора охирламоқда. Улар ана шу фурсатни, яъни бўш вақтларини мазмунли ва мароқли ўтказаётганига шубҳа йўқ. Боиси, кимдир китоб мутолааси билан банд бўлса, яна кимдир спорт тўгаракларида чиниқиб, маҳоратини оширяпти.
— Қишки таътилда ўтказиладиган тадбирлар режасига кўра, фан, спорт ва ижодий тўгарак машғулотлари таътил пайтида яна ҳам уюшқоқлик билан олиб борилмоқда, — дейди Қарши туманидаги 59-мактаб директори Рустам Суяров. — Айниқса, таътил кунлари муассасамиздаги ўндан ортиқ спорт тўгаракларига ўқувчилар ўзгача иштиёқ билан келмоқда. Бу ўғил-қизларимизда спортга бўлган меҳр, ўқитувчиларимиздаги фидойилик ҳамда мактабимизда яратилган шарт-шароитдан, десам янглишмаган бўламан.
Чиндан ҳам, ушбу таълим муассасасида яқиндагина замонавий спорт зали қурилиб, фойдаланишга топширилди. Унда барча қулайликлар ва спорт инвентарлари, жиҳозлари мавжуд. Бу, аввало, ўқувчиларнинг “Умид ниҳоллари” спорт ўйинлари ва бошқа нуфузли мусобақаларда фаол қатнашиб, юқори ўринларни қўлга киритишида муҳим аҳамият касб этади.
Мактабда спорт зали фойдаланишга топширилганига ҳали кўп бўлмай, бирин-кетин салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда. Масалан, Беларусь пойтахти Минскда ўзбек жанг санъати бўйича бўлиб ўтган халқаро мусобақада 9-синф ўқувчиси Малика Чориева олтин медални қўлга киритган бўлса, 7-синф ўқувчиси Умиджон Омонов таэквондо бўйича халқаро турнирда 2-ўринни эгаллади.
Айни кунларда мактабнинг волейболчи қизлари “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасининг навбатдаги босқичига жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Улар икки йил олдин мазкур беллашувнинг туман босқичида 2-ўринни қўлга киритганди. Бу сафар қизлар вилоят босқичига йўл олишни кўзлаяпти. Қишки таътилдаги бўш вақт бунинг учун айни муддао бўлмоқда.
Ўктам МЕЙЛИЕВ,
“Ma’rifat” мухбири