Тарбиячилар малака оширмоқда
Мамлакатимизда ёш авлодга таълим-тарбия бериш, ўғил-қизларнинг баркамол инсонлар бўлиб улғайишини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, 2017 йил 30 сентябрда Президентимизнинг “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга ташрифи чоғида ўтказилган мажлисларда ҳам бу борада кўплаб вазифалар белгилаб берилди. Жорий йил 14 февраль куни ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилишида мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижаси таҳлил қилинди.
Фарзандларимизнинг келажакда қандай инсон бўлиб вояга етиши бугун МТМларда берилаётган таълим-тарбияга боғлиқ. Мазкур жараён ота-она билан бир қаторда тарбиячилардан ҳам улкан масъулият талаб этади. Бунда тарбиячиларнинг касбий маҳорати, маълумоти муҳим роль ўйнайди. Афсуски, кузатишлар натижасига кўра, тизимда фаолият юритаётган қарийб 60 минг тарбиячининг атиги 21 фоизи олий маълумотли, 79 фоизи эса ўрта махсус маълумотга эга экани бу муаммо нақадар долзарблигини билдиради.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда, мактабгача таълим муассасалари ходимларининг малакасини оширувчи илмий-педагогик марказлар фаолияти такомиллаштирилмоқда. Жумладан, тарбиячилар малака ошириш курслари ҳамда методист-тарбиячилар мактабида янги дастур ва ўқув режалари асосида билимини оширмоқда.
— Мактабгача таълим муассасаларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш — долзарб масала, — дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказининг “Мактабгача, бошланғич ва махсус таълим” кафедраси мудири Лобар Миржалолова. — Марказимизда Президентимизнинг “Педагог кадрларни тайёрлаш, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида МТМ тарбиячиларининг касбий билим, кўникма ва малакалари оширилмоқда. Ўқув курси 144 соатдан иборат бўлиб, ҳафтасига 36 соат этиб белгиланган. Соҳадаги ўзгариш ва ислоҳотларни ҳисобга олиб, ўқув дастурига янги мавзулар киритилди. Жумладан, тарбиячиларга машғулотда ахборот-коммуникация воситалари, инновацион технологиялардан фойдаланиш бўйича билимлар берилмоқда. Яна бир янгилик — тингловчиларнинг порт¬фолио тайёрлаши йўлга қўйилди. Унда тарбиячи ҳақидаги барча маълумот йиғилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Бош илмий-методик марказнинг www.bimm.uz веб-саҳифасига жойланади.
Ўқув машғулотларида АҚШ, Германия, Япония, Жанубий Корея каби ривожланган давлатлар таълим тизимидаги замонавий ўқитиш технологияларидан фойдаланилмоқда. Намунали МТМларда кўчма машғулотлар ўтказилмоқда.
— Малака ошириш жараёнида мактабгача таълимга доир замонавий ёндашувлар, интерфаол методлар, машғулотларни ўтказиш технологияси ҳамда мутахассислик фанлари бўйича билим олдик, — дейди пойтахтимиздаги 365-МТМ тарбиячиси Покиза Ҳикматова.— Машғулотларда АКТдан фойдаланиш кўникмасига эга бўлдик. Аммо бу билимимизни амалда қўллаш учун ҳамма боғчаларда ҳам АКТ ва мультимедиа воситалари мавжуд эмас.
Янги метод ва инновацион технологияларни мактабгача таълим жараёнида қўллаш тартиби, шунингдек, тарбиячиларнинг савияси ва малакаси қай тартибда оширилаётгани ҳақида Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси мутахассислари билан суҳбатлашдик.
— Мактабгача таълим тизимида узлуксиз малака ошириш жараёни намунавий муассасанинг “Йўл харитаси” бўйича олиб борилмоқда, — дейди Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси бўлим бошлиғи Маҳзуна Ҳамдамова. — Мазкур жараёнда асосий эътибор МТМ раҳбарлари ҳамда педагог-ходимларининг касбий компетентлилигини ривожлантиришга қаратилган. Шунингдек, уларга методик ёрдам кўрсатиб, узлуксиз малака ошириш жараёни такомиллаштирилмоқда. Пойтахтимизнинг ҳар бир туманидан 14 тадан намунали МТМда шаҳар миқёсида ўқув семинарлари ташкил этиляпти.
“Методист-тарбиячи муассасаси” республикамизнинг ҳар бир ҳудудида иш олиб бормоқда. Ҳар ойнинг охирги шанбасида ўтказиладиган семинар-тренинг¬ларда тарбиячиларга замонавий педагог имижи, нутқ маданиятидан тортиб, хорижий тилларни ўргатиш борасида маълумотлар берилмоқда.
Андижон туманидаги 15-МТМ ҳам «Методист-тарбиячи муассасаси» этиб белгиланган. Масканда тарбиячиларнинг малакасини ошириш мақсадида ҳар ойда намунали семинар ташкил этилмоқда. Маш¬ғулотларда тумандаги 32 та МТМ тарбиячилари ўзаро тажриба алмашиб, маҳоратини оширмоқда.
— Семинар-тренинглар МТМ тарбиячилари малакасини ошириш, тажриба алмашиш ҳамда таълим сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда, — дейди методист-тарбиячи Шоира Каримқулова. — Семинар-тренингларда иштирокчилар инглиз тилини осон ўргатиш бўйича турли метод ва қизиқарли ўйинлар билан танишмоқда. Болажонларнинг тил ўрганишга оид билим ва кўникмаларини шакллантириш борасида амалий тавсиялар берилмоқда. Шу билан бирга, машғулотларда ўқув-аудио ва онлайн ресурслардан фойдаланиш усуллари ўргатилмоқда.
Наманган вилояти Норин туманидаги 19-МТМ машғулотларида ҳам педагоглар соҳага оид кўплаб янгиликлардан хабардор бўлмоқда.
— Масканимизда 200 нафар болага 15 нафар педагог таълим-тарбия беради, — дейди МТМ мудираси Муқаддас Назарова. — Айни кунда 4 нафар тарбиячимиз “Методист-тарбиячи муассасаси”да маҳоратини оширмоқда. Машғулот ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари ва таълим методлари ҳақида билимга эга бўляпти. Ўрганганларини кичик, ўрта, катта ва тайёрлов гуруҳларида амалиётга жорий этяпти. Турли ёш гуруҳларида атроф-олам ва табиат билан таништириш, нутқ ўстириш, илк математик тасаввурни шакллантириш, тасвирий фаолият (расм, аппликация, лой иши, қуриш-ясаш) ҳамда жисмоний тарбия машғулотларини интерфаол методлар ёрдамида ўтказмоқда.
Соҳани тубдан ўрганиш жараёнида келгуси уч йилда мактабгача таълим тизимида 47 минг 300 нафар олий маълумотли педагог кадр, жумладан, 28 минг 300 нафардан зиёд тарбиячи, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбарига эҳтиёж пайдо бўлиши аниқланган.
Мазкур эҳтиёжни қондириш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларида университет ва педагогика институтлари негизида мактабгача таълим муассасалари педагогларини бепул қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курслари ташкил этилди.
Ўқув машғулотлари хорижий тажрибани қўллаган ҳолда замонавий педагогик технологиялар асосида олиб борилмоқда.
Гулюз ОРИФЖОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири