МТМ ошхоналари янги сифат босқичига кўтариладими?
Юртимиз мактабгача таълим тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўтган қисқа вақт давомида соҳанинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамловчи қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, МТМда тарбияланувчиларни сифатли овқатлантиришни ташкил этиш масаласи ҳам айни пайтда энг долзарб вазифалардан бири бўлиб турибди.
— Олис қишлоқ ва туман ҳудудларидаги МТМларда бир тарбияланувчи учун кунлик овқатланиш харажатлари белгиланган 7500—8300 сўм миқдорига етмайди, — дейди Мактабгача таълим вазирлигининг МТМда овқатлантиришни ташкил этиш бўлими бошлиғи Абдурашид Содиқов. — Бунинг туман ҳокимлиги ва молия бўлимига боғлиқ жиҳатлари ҳам бор. Одатда, МТМлар ота-оналар бадал тўловини тўлалигича болаларни овқатлантиришга сарфлайди. Аммо овқатланиш харажатлари марказий шаҳар ва айрим туман марказларидагина тўлиқ бадал тўлови эвазига қопланади. Бошқа ҳудудларда зарур харажатларни маҳаллий ҳокимлик ўз ғазначилиги ҳисобидан ташкил этиши керак. Аммо айрим туман боғчаларида ҳокимликларнинг эътиборсизлиги туфайли бу ишлар белгиланган меъёрлардан паст даражада ташкил этилган. Президентимиз ташаббуси билан энди бадал тўлови овқатлантиришни қопламайдиган ҳудудларда зарур харажатларни бюджет ҳисобидан қоплаш белгилаб қўйилди.
Бу борада Молия вазирлиги томонидан олиб борилаётган ишлар билан танишдик. Вазирлик тақдим этган маълумотга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги ПҚ-3571-сон қарорига асосан, Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларининг айрим туманларида ота-оналар бадал тўлови миқдори икки баробарга камайтирилиши, мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчилар сонининг ортиши, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошиб кетиши ва белгиланган талаблар инобатга олиниб, 2018 йилда мазкур мақсадлар учун қўшимча маблағ ажратишга эҳтиёж туғилди. Натижада бюджет маблағлари ҳисобидан 359,5 миллиард сўм ёки 2017 йилдагига нисбатан 2,2 баробар кўп маблағ ажратилди. Бу кўрсаткич 2016 йилда 147,5 миллиард сўмни, 2017 йилда эса 161,3 миллиард сўмни ташкил этган.
Овқатлантириш сифатига таъсир этадиган яна бир қанча омиллар борки, уларни ислоҳ қилмай туриб, вазиятни яхшилаб бўлмайди. Шу боис Мактабгача таълим вазирлиги томонидан сезиларли қадамлар ташланди. Келинг, бу ўзгаришларга алоҳида тўхталиб ўтамиз.
Санитария қоида ва меъёрлари ўзгарди
Болажонларимизнинг суткада ўртача 9-10,5 соат вақти МТМда ўтади. Афсуски, ҳар йили тор мутахассислар кўригида болажонларимизда камқонлик, кўриш қобилиятининг пасайганлиги, яссиоёқлик ва шунга ўхшаш турли даражадаги тиббий хасталиклар аниқланмоқда. Албатта, бунда оилавий муҳит, она саломатлиги муҳим ўрин тутади. Бироқ бу каби касалликларнинг юзага келишига бола кун давомида юрадиган МТМ муҳити, истеъмол қилинаётган озиқ-овқатларнинг сифати ҳам сабаб бўлади. Шу боис мутахассислар соҳадаги ислоҳотларни овқатланиш меъёрларидан бошлашди. Соғлиқни сақлаш ва Мактабгача таълим вазирлиги мутахассислари хулосасига асосан, болаларнинг МТМдаги овқатланиш рационига киритилган 24 та маҳсулот тури 22 тага қисқарди. Маҳаллий бозорда сифатли колбаса маҳсулоти камлиги ҳамда киселларнинг таркибида ранг, маза ва ҳид берувчи кимёвий аралашмалар кўп бўлгани учун бу маҳсулотлар рациондан чиқарилди. Киселнинг ўрнига крахмал озуқавий моддаси киритилди. Яъни, эндиликда табиий мевалар сувда қайнатилиб, унга крахмал қўшилади. Шунда табиий, кимёвий моддалардан холи кисел пайдо бўлади. Бундан ташқари, сут ва сут маҳсулотлари (10,5 соатлик боғчалар мисолида) 300 грамдан 350 грамга, ёрма ва макарон 30 грамдан 45 грамга, сариёғ 15 грамдан 20 грамга, сабзавотлар 200 грамдан 220 грамга ошган бўлса, картошка маҳсулоти 200 грамдан 150 грамга, балиқ маҳсулоти 45 грамдан 30 грамга, сузма 50 грамдан 30 грамга, қаймоқ 10 грамдан 5 грамга камайтирилди. Гўшт маҳсулоти эса ўзгаришсиз — 100 грамлигича қолди. Меъёрларни ишлаб чиқишда болалар организмига зарур меъёр ва кўрсаткичлар инобатга олинди.
Ошхонадаги кузатув камералари вазиятга қанчалик таъсир кўрсатади?
Хабарингиз бор, шу йилнинг январь ойидан туман мактабгача таълим бўлимларида ҳам марказлашган молия тизими иш бошлади. Авваллари ҳар бир боғча мудираси туман ҳокимлигида ўтказилган тендер савдосида ғолиб бўлган фирма билан маҳсулот етказиб бериш бўйича мустақил шартнома тузарди. Бу жараёнда айрим МТМ мутасаддилари таниш-билишчилик қилиб, арзон-гаров, сифатсиз маҳсулотларни сотиб олган. Энди марказлашган молия тизимида бу каби ўзибўларчиликка йўл қўйилмайди. МТМда давлат мулкини талон-тарож қилиш, турли ноқонуний сарф-харажатларга барҳам берилди. Бу табиийки, овқатлантириш масалаларига ижобий таъсир этади.
— 2018 йилнинг январь ойидан кўп тармоқли фермер хўжаликлари билан ҳам тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилди, — дейди Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармасининг соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўлими бошлиғи Яна Исакова. — Бунинг яхши томони шундаки, айни пайтда МТМларга хизмат кўрсатаётган МЧЖлар етказиб берувчи ва воситачи мақомида бўлгани боис, бу — маҳсулот таннархига таъсир этади. Агар кўп тармоқли фермер хўжаликлари билан шартнома тузилса, орада воситачи бўлмагани учун маҳсулот нархи арзонлашиб, омборхонага маҳсулотлар “биринчи қўл”дан кириб келади. Ҳозирча пойтахтимизнинг Бектемир тумани мактабгача таълим бўлими шу тарзда ишлаб, фермер хўжаликлари билан тузилган шартномага асосан гўшт ва сут маҳсулотларини сотиб олмоқда.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Юқоридаги каби ташкилий ишлар натижасида сифатли маҳсулотлар боғчаларимизга кириб келмоқда. Аммо улар омборхона ёки ошхонада белгиланган меъёрлардан камаймасдан, қисқармасдан қозонга тушяптими?
Бу савол билан Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология назорати марказининг болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими мутахассиси Гўзал Муҳаммедовага мурожаат қилдик.
— Мутахассисларимиз режа асосида мактабгача таълим муассасаларида бўлиб, унинг ҳудуди, гуруҳлар, ошхона ва ёрдамчи хоналарнинг санитария ҳолати, ичимлик суви, иссиқ сув, канализация ва иситиш тизими билан таъминланганлиги ҳамда уларнинг талаб даражасида ишлаши, болалар ўртасида ов¬қатдан заҳарланиш ҳолатлари, юқумли касалликларнинг келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тўлиқ санитария назоратини ўтказади. 2017 йили Тошкент шаҳар МТМларининг 99,7 фоизи лаборатория текширувидан ўтказилганда, санитария кимёвий таҳлиллар учун олинган озиқ-овқат намуналарининг 18,2 фоизи, бактериологик таҳлиллар учун олинган озиқ-овқат намуналарининг 10,8 фоизи талабга жавоб бермаслиги аниқланди. 400 килограмдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотининг болалар истеъмолига берилиши тақиқланди. Камчиликларга йўл қўйган мингдан ортиқ масъул шахсларга нисбатан маъмурий чора қўлланди. Санитария қоида ва талабларига жавоб бермаган 96 та муассасанинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Лаборатория таҳлилларида қозонга солинган маҳсулотнинг бола сонига нисбатан рацион бўйича тўғри келиши ҳам текширилади. Агар маҳсулотлар меъёридан кам солинган бўлса, у мутахассис текширувида, албатта, билинади. Бироқ минглаб болажонларимиз учун давлатимиз ажратаётган ризқу рўзнинг боғча қозонида қайнаши, болажонларга куч-қувват манбаи бўлиб хизмат қилишини таъминлаш соҳа вакилларининг виждонига боғлиқ. Шу боис бу масала Мактабгача таълим вазирлигининг диққат-эътиборида турибди. Мактабгача таълим вазири Агреппина Шин ва соҳа ходимлари пойтахтимиз ва вилоятлардаги МТМ¬ларда бўлиб, овқатланиш сифати билан қизиқмоқда. Аниқланган камчиликлар юзасидан жиддий чоралар кўрилмоқда.
Билимсизлик, ўз зиммасига юкланган масъулиятни тўлиқ ҳис этмаслик ҳам баъзида инсонни хато йўлга бошлаши инобатга олиниб, туман(шаҳар) ва вилоят мактабгача таълим бўлими, бошқармалари ва санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассислари ҳам МТМдаги масъул ходимларга ўз вазифасининг муҳим ва нозик томонларини ўргатишга эътибор қаратяпти.
Юқоридаги каби муаммоларнинг олдини олиш мақсадида вилоятлардаги МТМ ошхоналарида камера кузатуви жорий этилмоқда. Масалан, Хоразм вилоятида 79 та, Тошкент шаҳрида 180 Самарқанд вилоятида 180 та, Наманган вилоятида 229 та МТМ ошхонасига кузатув камералари ўрнатилди. Яқин кунларда Бухоро вилоятидаги 335 та, Фарғона вилоятидаги 642 та МТМ ошхонаси ҳам тўлиқ кузатув камералари билан таъминланади.
Янги лойиҳа, янги натижалар
Овқатлантириш сифатини янги поғонага олиб чиқиш учун қилинаётган муҳим ҳаракатлардан бири бу Президентимизнинг 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 3-бандига кўра, Тошкент шаҳрида жойлашган давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан сифат ва санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тайёр овқатларни етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ишларининг бошланганидир. Айни пайтда пойтахтимизнинг Сергели, Чилонзор, Олмазор ва Яккасарой туманидаги бир қанча боғчаларда тажриба-синов ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Сергели туманидаги 18-МТМда ўтказилаётган тажриба-синов доирасида “ASIA BEST DISTRIBUTION” МЧЖ билан Сергели туман мактабгача таълим бўлими ўртасида шартнома тузилган бўлиб, МТМ ошхонаси мазкур фирма ошпазларига топширилди. Мақола тайёрлаш жараёнида 18-МТМда бўлиб, ошпазлар фаолияти билан танишдик. Улар витаминларга бой, ҳам кўриниш, ҳам сифат жиҳатдан белгиланган меъёрларга жавоб берадиган ов¬қатларни тайёрлашаётганига гувоҳ бўлдик. Бундан ота-оналар ҳам, МТМ жамоаси ҳам хурсанд. Айниқса, муассаса мудираси Гўзал Аҳмедова овқатлантиришни ташкил этиш ишларидан ортиб, кўпроқ таълим мазмунига вақт ажратаётганини айтди.
Сергели туман мактабгача таълим бўлими вакили ҳамроҳлигида 565-МТМ ошхонасининг фаолияти билан ҳам қизиқдик. Бу ерда ҳам 10 кунлик таомнома бўйича мазали овқатлар тайёрланмоқда. Айниқса, 18-МТМдаги хусусий фирма ошпазлари тушлик учун ҳафта давомида лавлаги, сабзи, ловия, помидор ва бодрингдан ранг-баранг салатлар тайёрлаб, биринчи ва иккинчи таомларни пиширишга ҳам ижодий ёндашаётгани эътиборлидир.
Албатта, анъанавий МТМ ошхоналарида ҳам малакали ошпазлар ишламоқда. Лекин негадир уларнинг таомномаларида ранг-баранглик етишмаётгандек. Ахир, боғча ошхонасида карам шўрва, макарон димлама, шовла каби тез-тез такрорланувчи таомлар ўрнига манти, ош, булғор дўлмаси каби мазали таомларни тайёрласа ҳамбўлади-ку.
Белгиланган муддатдан сўнг Соғлиқни сақлаш ва Мактабгача таълим вазирлиги МТМлардаги тажриба-синов ишлари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ўз хулосасини тақдим этади. Агар синов ишлари ижобий натижа берса, келажакда республикамиздаги барча туман мактабгача таълим бўлимлари хусусий фирмалар билан шартномалар тузади ва улар соғлом овқатлантириш ишлари билан шуғулланади.
Зебо НАМОЗОВА,
«Ma’rifat» мухбири