Мактабга руҳан тайёр бола 1-синфга мослашишга қийналмайди
МТМнинг асосий вазифаларидан бири болага тарбия бериб, мактабга тайёрлашдан иборат. Шу боис мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларнинг нафақат жисмоний, балки ақлий ривожланишига ҳам катта эътибор қаратилади. Турли дидактик машғулотларда боланинг идроки, тасаввур ва хотираси, хаёл ҳамда тафаккур олами, иродаси тизимли равишда тараққий этиб боради. Мактабда эса ўқувчига маънавий ва руҳий кўмак бериш амалиётчи психолог зиммасидаги вазифа ҳисобланади.
Афсуски, айрим мактабларда таълим-тарбия жараёнини ташкил этишда боланинг ривожланиши ва шахс сифатида шаклланишидаги психологик қонуниятлар ва билимларга таянмаслик кузатилмоқда. Шу боис МТМ тарбиячиси, бошланғич синф ўқитувчиси ҳамда амалиётчи психологдан 6,5-7 ёшли болаларнинг психологик жиҳатларини мукаммал билиш, ҳамкорликда ишлаш талаб этилади.
ДТСда кўрсатилган минимал талаблар муайян ёшдаги боланинг ривожланиш даражасини баҳолаш имкониятини белгилайди. Болани мактабга тайёрлашда унинг нутқини ўстириш зарур шартлардан бири ҳисобланади. Шу боис катта гуруҳ тарбияланувчиларининг ўз она тилини яхши ўрганишига, яъни сўз бойлигини оширишига аҳамият бериш керак. Ташқи олам ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириб, узоқ-яқин, ўнг-чап, катта-кичик, думалоқ, доира, яхши-ёмон, рост-ёлғон каби тушунчаларни ўргатиш зарур.
7 ёшга тўлиш даври гўдакликнинг тугашини билдиради. Шу даврдан бошлаб болалар ўз-ўзини англай бошлайди. Хотира ва тасаввури ўсади. Ўртоқлари ва катталар билан эркин суҳбатлашади. Хайрихоҳлик, раҳмдиллик хислати уйғона бошлайди. Бу ёшда ўйин жуда катта роль ўйнайди. Ўйин жараёнида бола ўзини идора қилишга, ҳаракатини бўйсундиришга, ўз манфаатидан жамоа манфаатини устун қўйишга одатланади. Булар, ўз навбатида, боланинг мактабда ўқиши учун психологик замин тайёрлайди. Албатта, оилада ҳамда болалар боғчасида олиб бориладиган таълим-тарбия ишлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Бола идрокининг ўткирлиги билан тенгдошларидан ажралиб туради. Ролли ва сюжетли ўйинларда, расм чизиш ва қуриш-ясаш машғулотларида, лой ҳамда пластилиндан ўйинчоқ тайёрлашда, ўзгалар нутқини идрок этиш ва тушунишда, математик амалларни бажаришда, ҳикоя тинг¬лаш ва тузишда диққатини муайян объектга тўплашга интилади. Шу давргача катталар раҳбарлигида у ёки бу ахборотни ўзлаштириб келган бўлса, энди ўз хоҳиш-иродаси билан зарур маълумот тўплашга, олдига аниқ мақсад ва вазифа қўйишга ҳаракат қилади.
1-синф ўқувчиси кўпинча образли хотирага суяниб билиш фаолиятини ташкил этса ҳам, бу хотиранинг бошқа турларини инкор қилмайди. Аксинча, таълим сўз-мантиқ хотирасини талаб этади. Сўз-мантиқ хотирасининг мавжудлиги маълумот маъносини тушуниб, эсда сақлаш жараёнининг самарадорлиги ортишига кенг имконият яратади.
Тажрибадан маълумки, бола маъносиз сўзлардан кўра маънодор тушунчаларни бирмунча тез ва мустаҳкам эслаб қолади.
Эшитган ва кўрганлари тўғрисидаги маълумотни тушуна олади. Ўзидаги ахборотни муайян тартибда баён қилади.
Таълимга психологик тайёрлик деганда боланинг объектив ва субъектив жиҳатдан мактаб талабига муносиблиги назарда тутилади. У аввал психологик жиҳатдан тайёрланади, психикаси билим олишга етарли даражада ривожланади. Шундай талаблар асосида тайёрланган бола мактабга мослашув жараёнида муаммога дуч келмайди.
Д.БЕКМУРОДОВА, Қарши давлат университети ҳузуридаги халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази “Педагогика, психология ва таълим менежменти” кафедраси ўқитувчиси