Боғча бола — зукко бола
Шу кунларда олис қишлоқ болажонлари ҳам мактабгача таълим муассасаларига қатнаб, ўз она тилидан ташқари рус ва инглиз тилида шеър, қўшиқ ва эртаклар ўрганмоқда.
Шеробод туманидаги 60-мактабнинг бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бериш жараёнида боғчага борган бола билан уйдан мактабга чиққан бола ўртасида катта тафовут борлигини сездим. Боғчада тарбияланувчилар машғулот жараёнида ўзини тутиш, тенгдошлари билан мулоқотга киришиш ва нотаниш муҳитга мослашишни ўрганади. Бундай болалар мактабга кўникиш даврида муаммога дуч келмайди. Аммо уйда дарс тайёрлаши, ўз вақтида дам олиши, ўйнаши учун ота-оналар кўмаги зарур. Кичиклигидан ота-онадан, мактабга борганида эса ўқитувчидан андоза олади.
Айни даврда вилоятимизда янгидан барпо этилаётган мактабгача таълим муассасаларини кўриб, кўнглим тўлади. Фарзандларимиз учун яратилаётган бундай шарт-шароит уларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб улғайишига хизмат қилади.
Мопар ҲАЙДАРОВА,
Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси
Сурхондарё вилояти