Ҳар бир маҳаллада биттадан боғча қурилади
Сўнгги йилларда амалга оширилган қурилиш-ободонлаштириш ишлари натижасида Косонсой тумани таниб бўлмас даражада ўзгарди. Айниқса, олис қишлоқларда қад ростлаётган ижтимоий объектлар аҳолининг яшаш шароити яхшиланишига хизмат қилмоқда.
— Чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган кичик ёшдаги болаларни ҳам мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишга катта эътибор қаратилмоқда, — дейди Косонсой тумани мактабгача таълим бўлимининг давлат МТМларининг фаолиятини мувофиқлаштириш шўъба мудири Марҳамат Исомиддинова. — МТМлар Инвестиция дастури асосида қайта қурилиб, реконструкция қилинмоқда, янги боғчалар барпо этилмоқда, моддий-техник базаси яхшиланмоқда. 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 16 минг 805 нафар болаларнинг 4 минг 500 нафари МТМга қамраб олинган. МТМлар сони кам бўлгани боис, шу вақтгача қамров даражаси 32 фоизни ташкил қиларди. Тумандаги 28 та маҳаллада болалар боғчаси йўқлигини ҳисобга олиб, 2021 йилга қадар ҳар бир маҳаллада биттадан боғча қуриш режага киритилди. Хусусан, 2019 йилда “Такаран” МФЙда 80 ўринли, “Обод”, “Жар” МФЙда 40 ўринли янги боғчалар қурилади. Шунингдек, боғчага қамраб олинмаган 5-6 ёшли болалар учун қисқа муддатли гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди.
Мактабгача таълим муассасалари олий маълумотли кадрлар, юқори малакали мутахассислар билан тўлдириб бориляпти. Жорий йилда ҳар бир боғчага инглиз ва рус тилидан олий маълумотли ўқитувчи штати ажратилди. Натижада ўқув машғулотига инглиз ва рус тили дарси киритилди.
— Ҳозир Наманган давлат университетида ташкил этилган мактабгача таълим йўналишининг сиртқи бўлимида 11 нафар ўрта махсус маълумотли мутахассис таҳсил оляпти, — дейди туман МТБ мудири Динара Ёқубова. — Иккинчи босқичда қабул учун яна 8 нафар кадрнинг ҳужжати тавсия этилган. Бундан ташқари, 31 нафар номутахассис кадр мактабгача таълим, психология, дефектология йўналишидаги қайта тайёрлов курсида таҳсил оляпти. Бу мутахассисларга туманимизда эҳтиёж катта.
Косонсойнинг чекка ҳудудидаги Мажнунтол маҳалласида жойлашган 20-МТМ ҳам Инвестиция дастури асосида янгича кўриниш касб этди.
Ушбу таълим муассасаси 1958 йилда ташкил этилган бўлиб, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Қолаверса, МТМ атиги 50 ўринга мўлжалланган бўлиб, аслида маҳаллада мактабгача таълим ёшидаги болалар 315 нафар.
2018 йилда МТМ Инвестиция дастури асосида капитал реконструкция қилинди.
— Қурилиш-таъмирлаш ишига дастур асосида 931 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди, — дейди МТМ мудираси Муқаддас Убайдуллаева. — 50 ўринли қўшимча бино қурилиб, боғчамиз қуввати 110 ўринга етди. Моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Икки қаватли кароватлар, янги тўшак, ошхона жиҳозлари, тиббий анжомлар етказиб берилди. Қурилиш жараёнида ҳомийларимиз ҳам баҳоли-қудрат ёрдам берди. Жумладан, туман мактабгача таълим тизимида 30 йилдан зиёд фаолият юритган Марҳамат Султонова, “Косонсой Аҳмадхон Косоний” фермер хўжалиги раҳбари Анвархон Абдуллаевлар жонбозлик кўрсатишди.
Ҳозир 5 та гуруҳда 8 нафар изланувчан тарбиячи фаолият олиб бормоқда.
— Тарбиячилар меҳнатининг юзага чиқиши таълим муассасасида яратилган шарт-шароит, техник ва ўқув жиҳозлар билан таъминланганлик даражасига боғлиқ, — дейди МТМ тарбиячиси Хосият Раҳматиллаева.— Замонавий шарт-шароит иштиёқимизни ошириб, ўз устимизда янада кўпроқ ишлашга ундаяпти. Кичкинтойлар билан ўйинчоқ ва инвентарлар воситасида қизиқарли ва сифатли машғулот олиб боряпмиз. МТМда кичик кутубхона ташкил этилиб, янги компьютер билан таъминланди. Бу тарбиячилар учун қўшимча имконият яратди. Интернет тармоғига уланиб, болаларни мантиқан фикрлашга ундовчи янги методларни ўзлаштириб, машғулотда қўллаяпмиз.
Ҳар бир гуруҳда ўзбек, рус ва инглиз тили дарслари ташкил қилинган. Кичкинтойларни мактабга тайёрлаш мақсадида МТМ тарбиячилари мавзулар асосида электрон ва анъанавий машғулот ишланмалари яратишга киришган. Муассасада спорт ва қўл меҳнати тўгараги ташкил этилган.
Зилола МАДАТОВА,
“Ma’rifat” мухбири