Болалар ошпазлари беллашди
Бўстонлиқ туманидаги “Хонбалиқ” оромгоҳида “Йилнинг энг яхши мактабгача таълим муассасаси ошпази” ҳамда “Йилнинг энг намунали ошхонаси” кўрик-танловларининг республика босқичи ўтказилди.
Мактабгача таълим вазирлиги ва Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси ҳамкорлигида сўлим табиат қўйнида ташкил этилган ҳар икки танловда малакали мутахассислар ичимликлар, сутли бўтқа, унли қандолат маҳсулотлари ҳамда парранда ёки қуён гўштидан таом тайёрлаш, савол-жавоб шартлари бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.
— Мактабгача таълим муассасалари ошпазларининг меҳнат фаолиятини қўллаб-қувватлаш, касбий маҳоратини юксалтириш, болалар ва ўсмирлар учун белгиланган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини ошириш узлуксиз таълимнинг илк бўғинида жиддий эътибор талаб этади, — дейди Мактабгача таълим вазирлиги бўлим бошлиғи Абдурашид Содиқов. — Илк маротаба ўтказилаётган бу танлов мутахассислар ўртасида соғлом рақобат ва дўстлик муҳитини ривожлантириши билан аҳамиятлидир. Болалар ошпазларининг профессионаллиги ва мавқеини ошириш ушбу лойиҳамизнинг бош мақсадидир. Республикамиз бўйича сараланган иштирокчиларнинг ҳар бирида ўзига хос тажриба бор. Шу пайтгача улар эътибордан четда эди. Беллашувлардан сўнг қатнашчиларга илғор тажрибасини ўз ҳудудидаги бош¬қа болалар ошпазлари билан ўртоқлашиш бўйича топшириқлар берамиз. Натижада болажонларнинг таомлари янада мазали бўлишига эришилади.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларни баҳолашда таомлар рецепти, тайёрланиш технологияси, хўрандаларга тортиқ этиш қоидаси, болалар ва ўсмирлар учун белгиланган озиқ-овқат маҳсулотлари меъёри ва санитария-гигиена талабларига риоя этиши каби мезонларга алоҳида эътибор қаратди.
Якуний натижаларга кўра, “Йилнинг энг яхши мактабгача таълим муассасаси ошпази” танловида Фарғона шаҳридаги 52-МТМ ошпази Аҳлиддин Ғуломов 1-ўринни қўлга киритди. Зомин туманидаги 9-МТМ ошхонаси эса “Йилнинг энг намунали ошхонаси” деб топилди.
Суҳроб ЗИЁДОВ