«Ўзимизни ҳимоя қила оламиз!»
Бола — гул. Унинг ифори кўнгилларни яшнатади, яшартиради. Нозиклиги ҳам борки, унга мунтазам парвариш ва эътибор керак. Бектемир туманидаги 578-мактабгача таълим муассасасида болалар саломатлиги, ҳаёт хавфсизлигини асраш борасида қатор тажрибалар тўпланган.
— Муассасамиздаги 12та гуруҳда 360 нафар бола тарбияланмоқда,— дейди МТМ мудираси Мунира Умарова. — Тарбиячи ва ёрдамчи тарбиячилар, ҳамшира ва ошпазлар ҳамкорликда болаларнинг сифатли ва дармондориларга бой овқатланишини ташкил этмоқда.
Гуруҳда болалар стол театри томоша қилаётган экан. Тарбиячи Мукаррам Юсупова ҳамда тарбиячи ёрдамчиси Гулмира Делманова образли тарзда болаларни гигиена қоидалари билан таништириб, соғлиғини ҳимоя қилишга ўргатмоқда.
— Кечирасиз, бу тез тиббий ёрдам хизматими?
— Албатта, сизни эшитамиз!
— Қўғирчоғим Лолахоннинг тоби йўқ. Иссиғи чиқаяпти. Келиб, кўриб қўйсангиз.
— Биз йўлга чиқдик, дар¬ҳол етиб борамиз.
Гуруҳ тарбиячиси бир зумга кичкинтойларнинг диққатини ўзига тортди.
— Болажонлар, шуни ҳам унутмангки, тез тиббий ёрдам хизмати вакиллари йўлга чиқар экан, уларни манзилга элтиб қўйишга масъул ҳайдовчи амакиларимиз ҳам йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишлари шарт. Чунки бу ҳам ҳаёт хавфсизлиги қоидаларига киради. Қани, давом этамиз.
— Ассалому алайкум, хуш келибсиз!
— Ваалайкум ассалом! Бизни Лолахоннинг ёнига бошласангиз.
— Марҳамат.
Шифокор қизалоқ — Диёра қўғирчоқни обдон текшириб, унинг шамоллаганини айтди. Керакли муолажани қилгач, Лолахоннинг онаси — Чаросга таъкидлади: «Ўпкаси яхши, шамоллаш энди бошланибди. Эртага зудлик билан оилавий шифокорингиз кўригига олиб чиқинг».
— Хўп, бўлади. Раҳмат, сизга!
Тарбиячи опа ўйинни шу ерда тўхтатди ва бир нечта саволлар билан болаларга юзланди:
— Қани, ким айтади, “101” рақами нимани англатади? Анварнинг жавобини эшитамиз.
— “101” рақами ёнғин хавфсизлиги хизматини билдиради.
— Баракалла. Ёнғин чиққан ҳолларда биз болалар нима қилишимиз керак?
Беҳруз:
— Зудлик билан одамларни ёрдамга чақиришимиз керак.
— Тўғри, шунингдек, ўзимиз оловдан узоқроқ кетишимиз керак.
Болалар шу тариқа “102”, “103”, “104” хизмати ва касб эгалари ҳақида билганларини савол-жавоб орқали айтиб беришди.
— Очиқ ҳаводаги ўйинлар пайтида машғулотда олган билимларни такрорлаб мустаҳкамлаймиз, — дейди ўттиз йиллик иш тажрибасига эга ўрта гуруҳ тарбиячиси Гулсара Солиҳова. — Саломатлик ва ҳаёт хавфсизлиги қоидалари билан илк ёшданоқ таништириб борамиз. Масалан, болаларнинг кўчада ёлғиз юрмаслиги, нотаниш одамлар билан гаплашмаслиги, улар бирор егулик берса, ота-онанинг розилигисиз емаслигини уқтирамиз. Уйда эса тиғли асбоблар билан ўйнамаслиги, газ ва электр воситаларига тегмаслиги, кўп қаватли уйларда истиқомат қиладиган болалар деразадан осилиб қарамаслиги кераклигини ўйинлар воситасида тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Бу болаларни эътиборли бўлишга ундайди. Шунингдек, болаларнинг кузатувларини эшитиб, биргаликда хулоса чиқарамиз. Келинг, шу ўринда уларга қулоқ тутамиз.
— Болажонлар, уй ҳайвонларини парваришлаганда ўзимизни қандай тутишимиз лозим?
— Биринчи навбатда, уларнинг жаҳлини чиқармаслигимиз керак. Ит ва мушуклар тишлаб олиши ёки тимдалаши мумкин. Ҳайвонлар орқали турли касалликлар юқмаслиги учун уларни ушлаганимиздан сўнг қўлимизни совунлаб ювишимиз шарт.
— Раҳмат, Абдурасул! Кўрдингизми, болажонлар, саломатлигимизга хавф солмаслик учун ҳар доим, айниқса, овқатланишдан олдин қўлимизни ювишга одатланишимиз керак экан.
Гуруҳдаги 27 нафар ўғил-қизнинг барчаси ҳаёт хавфсизлиги тўғрисида муайян билим ва тушунчага эга. Мустақил расм чизаётган, дугонаси билан овқат пиширишни ўрганаётган, қўғирчоғини даволаётган қизалоқлар, бузилган машинасини тузатаётган, бир-биридан баланд ва кўркам уйлар бунёд қилаётган ёхуд бир-бири билан худди катта одамлардай хушмуомалада бўлаётган болаларни кўриб, уларда келажакда ҳаётий зарур кўникмаларнинг намунали шаклланиб бораётганини ҳис этасиз.
Башорат ОТАЖОНОВА