Бепул мактабгача таълим жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, эндиликда мактабгача таълим муассасаларида васийлик кенгашлари тугатилиб, ўрнига Давлат мактабгача таълим муассасаларининг кузатув кенгаши тузилади.
Кузатув кенгаши аъзолари ҳар бир гуруҳдаги тарбияланувчининг ота-онаси, педагоглар, тарбиячи ёрдамчилари, мактабгача таълим муассасаси маъмурияти, вазирликнинг ҳудудий бўлинмаси ва бошқа белгиланган ташкилот вакилларидан иборат бўлади. Улар мактабгача таълим муассасасининг мақсад ва вазифалари, унга эришиш режасини белгилайди, вазифаларнинг бажарилиши ва мақсадли кўрсаткичларга эришилиши устидан назорат олиб боради. Бу эса МТМда шаффофликни таъминлайди. Мудиралар фаолияти ота-оналар, кенг жамоатчилик назоратида бўлади. Агар ножўя хатти-ҳаракат аниқланса, кузатув кенгаши томонидан таъсир чоралари кўрилади.
Қарорнинг 3-иловасида МТМга қамровни оширишга доир қатор ўзгаришларга тўхталиб ўтилган. Масалан, мактабга чиқишдан олдин бир йил давомида 5-6 ёшдаги болаларни мажбурий мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш барча болаларнинг мактабдан олдинги тайёргарлиги учун тенг имконият яратади. Шу мақсадда 2018 йилнинг ноябрь ойидан айрим ҳудудларда синов тарзидаги мажбурий бир йиллик бепул мактабгача таълим жорий этилади. Ҳужжатда, шунингдек, МТМлар фаолиятини текшириш тартиблари ҳам белгиланди. Унга кўра, 2018 йил 30 ноябргача МТМларни текширувчи ва назорат қилувчи ташкилотларнинг тўлиқ рўйхати шакллантирилади ва текшириш муддати, тартиби, соҳаси аниқланади. Режали текширувлар 3 йилда 1 марта ўтказилади. Режадан ташқари текшириш фақат Мактабгача таълим вазирлиги ҳудудий бўлинмалари вакиллари иштирокида амалга оширилади. Айни кунда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Бош прокуратура, Адлия, Мактабгача таълим вазирликлари, манфаатдор идоралар ва вазирликлар текшириш тартиб-қоидалари акс этган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича иш олиб бормоқда.
Бундан ташқари, қарорда, 2019 йил давомида муайян бир ҳудуддаги олис туманларда яшаётган болаларни мактабгача таълим муассасаларига транспортда ташишни синов тарзида жорий этиш, ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларига бепул қабул учун нозологияларни, тиббий-педагогик комиссиядан ўтиш тартибини, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини қайта кўриб чиқиш; ихтисослаштирилган муассасаларга бўлган эҳтиёжни ва уларнинг самарадорлиги тўғрисидаги маълумотларни ўрганиш асосида уларнинг турлари рўйхатини қисқартириш; ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш ёшини қайта кўриб чиқиш каби вазифалар ҳам белгиланган.
Жамила ЖАМИЛОВА,
Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармасининг давлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўлими шўъба раҳбари