Боғчада навбатчи гуруҳ ташкил этиш мумкинми?
Савол: Мактабда дарс бераман. Якшанбадан ташқари ҳар куни иш. Аммо мактабгача таълим муассасалари шанба куни ишламайди. Икки нафар фарзандим боғча ёшида бўлгани учун ҳар ойда боғча пулидан ташқари, энагага ҳам маблағ сарфлашга тўғри келмоқда. Шунингдек, МТМларда иш вақти 17:30 гача белгилангани ҳам ноқулайлик туғдирмоқда. Мактабгача таълим муассасаларида шанбани ҳам иш куни этиб белгилаш ёки шу куни ишлайдиган ҳамда иш вақти 18:00 гача бўлган ота-оналар фарзанди учун навбатчи гуруҳ ташкил этиш мумкинми?
Чарос ВАҲОБОВА, Сергели туманидаги 322-мактаб ўқитувчиси
Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 528-сонли қарори асосида тасдиқланган “Давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида низом”нинг 3-боб 9-бандида давлат мактабгача таълим муассасасининг иш тартиби ва болаларнинг ушбу муассасада бўлиш вақти муассасанинг устави ва муассиснинг қарори билан белгиланиши ҳамда ҳудудда яшайдиган аҳоли талабларидан келиб чиқиб, муассасада ёки унинг алоҳида гуруҳларида 6 кунлик иш ҳафтаси жорий этилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, ота-оналар томонидан боғчанинг иш тартиби ва иш ҳафтаси бўйича муассаса раҳбариятига тегишли таклиф киритилиши мақсадга мувофиқ.
Саволга Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги мутахассислари жавоб берди.