Мажбурий бепул таълим бўйича пилот лойиҳаси қайси ҳудудларда жорий этилади?
2018 йил 8 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг “Бошланғич таълимга болаларни мажбурий 1 йиллик тайёрловга босқичма-босқич ўтиш чоралари ҳақида”ги 999-сонли қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарор республикамизда 5, 6 ёшли МТМга қамраб олинмаган болаларни мактабга сифатли тайёрлашга хизмат қилади. Тарбияланувчиларни мактабга тайёрлаш давомида инновацион педагогик технологиялар, самарали услуб ва методлар қўлланилади.
— Мактабгача таълим вазирлигининг эксперт гуруҳи 1-синф ўқувчиларида мактабга тайёргарлик даражаси турлича эканини аниқлади. Баъзи ота-оналар олдиндан ўз фарзандларини тўлов эвазига тайёрлов курсларига олиб боради. Аммо барча оиланинг молиявий имконияти бирдек эмас. Натижада синфда айрим болаларнинг мактабга пухта тайёрланмаганлиги оқибатида номутаносиблик келиб чиқади. Энди ўқишга тайёр бўлмаган боланинг илк таълим даврида зўриқишни бошдан кечиришини бир тасаввур қилинг. У синфидаги тенг¬дошларига нисбатан ўзини билимсизроқ ва интеллектуал кучсиз ҳис қилади. Бу эса унинг ўзини ўзи баҳолашида ва ўқишга бўлган иштиёқида акс этади. Оқибатда мазкур ҳолат мактабга яхши тайёрланган болаларга таъсир этмай қолмайди. Чунки педагог тайёргарлиги паст ўқувчиларга материални тушунтиргунга қадар илғор болалар зерикиб ўтиришга мажбур бўлади. Натижада интизомнинг ёмонлашуви ва ўқишга бўлган қизиқишнинг пасайиши кузатилади. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Мактабгача таълим вазирлиги барча учун тенг имкониятларни тақдим этиш тарафдори, — дейди Мактабгача таълим вазирлиги бош мутахассиси Елена Цой. — Давлат ва хусусий мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини бошланғич таълимга тайёрлаш ҳақидаги масала «Илк қадам» дас¬тури кўмагида ҳал этилди. Бу дастур доирасида болалар зарурий компетенцияларга эга бўлади. Эндиликда мактабгача таълим муассасасига бормайдиган болалар ҳафтада 15 соат мобайнида мазкур дастурни ўзлаштирадилар. Агарда бола лицензия асосида фаолият юритувчи мактабгача тайёрлов муассасасига қатнаётган бўлса, у мажбурий 1 йиллик курсдан озод этилади.
Бепул 1 йиллик тайёрлов дастурини жорий этиш билан боғлиқ қарор жаҳон амалиёти асосида қабул қилинди. Бу амалиётни жорий қилган мамлакатлар юқори малакали инсон ресурслари ҳисобига иқтисодий ривожланишда пешқадамлик қилмоқда.
— Мактабга тайёргарлик — таълимдан тўлиқ фойдаланиш ва мактабга тайёрлов гуруҳи тарбияланувчиларининг ўқув ютуқларини яхшилаш учун кучли асосдир, — дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. — Бошлан¬ғич таълимга болаларни бепул ва мажбурий тайёрлаш Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳрида пилот шаклида ўтказилади. Энди гендер тенглик, минтақавий хилма-хиллик ва ижтимоий-иқтисодий ҳолат каби масалаларга эътиборни қаратиш лозим.
Тажриба гуруҳларига ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш учун методик материаллар ва керакли адабиётлар, ривожлантирувчи ўйинлар ва ўйинчоқлар, шунингдек, спорт инвентарлари билан жиҳозланган алоҳида хоналар ажратилди. Ота-оналар курс ташкил этилган муассасанинг мажбурий 1 йиллик тайёрлов дастури бўйича ҳужжатлари билан танишиши мумкин.
Албатта, бепул бир йиллик тайёрлов 1-синф дастури ўрнини босмайди: болалар аввалгидек ҳисоблаш ва ёзишни мактабда ўрганади. Ҳеч ким 6 ёшли болани партага ўтқазиб, ундан 45 дақиқа давомида жиддий интизомни талаб қилмайди. Бунда тарбиячилар олдида турган устувор вазифа — ўқув иштиёқини шакллантириш, нутқ ривожи ва эшитиш идрокини оширишдир. Мактабгача ёшдаги болаларда дунёни идрок этиш, янги билимларни эгаллашга интилиш, интеллектуал фаоллик кучли бўлади. Машғулотлар жараёнида ана шу жиҳатлар инобатга олиниб, боланинг дунёқарашини кенгайтириш ва сўз бойлигини шакллантиришга катта эътибор қаратилади. Бундан ташқари, ҳарф, бўғин, рақам ҳақидаги асосий тушунчалар ҳам бериб борилади.
Тажриба гуруҳлари учун 2018-2019 ўқув йили 2018 йилнинг 10 декабрида бошланиб, 2019 йилнинг 10 августида тугайди. Овқатланишни мажбурий ташкил қилиш назарда тутилмаган.
Мактабга мажбурий бир йиллик тайёрлов гуруҳлари Мактабгача таълим вазирлигининг ҳудудий бўлимлари томонидан шакллантирилади. Мутахассислар поликлиника ва маҳаллалар берган маълумотлар асосида 2018 йилнинг 1 сентябригача беш ярим ёшга тўлган болаларни аниқлади ва уларни бепул мажбурий мактабгача таълимга жалб қилиш масаласида ота-оналар билан суҳбатлашди. Шу тариқа рўйхат шакллантирилди.
Курс якунида болаларга бошлан¬ғич таълимга мажбурий йиллик тайёрловдан ўтгани ҳақидаги давлат намунасидаги сертификат берилади. Гуруҳда тарбияланувчилар сони 30 нафардан ошмайди.
Бошланғич таълимга мажбурий йиллик тайёрловни жорий этиш бўйича пилот лойиҳаси амалга ошириладиган туман(шаҳар)лар рўйхати
№ Минтақа Туман/шаҳар Гуруҳлар сони
1. Қорақалпоғистон Республикаси
Тўрткўл тумани 175
2. Фарғона вилояти
Фарғона шаҳри 70
Қувасой шаҳри 38
Фурқат тумани 28
3. Тошкент ш.
Мирзо Улуғбек тумани 13
Миробод тумани 21
Бектемир тумани 14
Учтепа тумани 26
Яшнобод тумани 17
Чилонзор тумани 16
Юнусобод тумани 17
Шайхонтоҳур тумани 59
Жами: 494
Зебо Намозова